Линклар

logo-print

Қозоқ мухолифати очликни тўхтатди


Мухолифатчи Ермек Наримбоев милиция ходимларини калтаклаганда айбланмоқда.

Мухолифатчи Ермек Наримбоев милиция ходимларини калтаклаганда айбланмоқда.

Қозоғистон қамоқхонасида амалдаги режим ва президент Нурсултон Назарбоев сиёсатига норозилик сифатида 14 кун мобайнида очлик акциясини давом эттирган мухолифатчи Ермек Наримбоев жиноий жавобгарликка тортилди.

Бундан роппа-роса 14 кун аввал Олмаота шаҳрида мухолифатчилар томонидан бошланган очлик акцияси вақтинчалик тўхтатилгани маълум бўлди. Бунга очлик акциясида иштирок этган тўрт нафар кишининг соғлиги ёмонлашгани сабаб бўлган.

- Биз 14 кун очлик акциясини давом эттириб, Қозоғистонда Назарбоевга қарши куч тўплай олишимизга амин бўлдик. Бу мамлакатнинг турли ҳудудларида режимга қарши норозилик кучайишига туртки бўлди. Биз ҳозирча яна куч тўпалш учун мазкур норозилик акциямизни тўхтатишга қарор қилдик, - деди Олмаотада бўлиб ўтган очлик акцияси ташкилотчиси Жасарал Қувонишали.

Унга кўра, гарчи очлик акцияси вақтинчлик тўхтатилган бўлса-да, бу борада ташкил этилган штаб ўз ишини давом эттираверади.

- Бизнинг мақсадимиз бутун Қозоғистон бўйлаб очлик акцияларини кучайтириш. Шундан бир натижа чиқариш. Биз ҳозир очлик акциясида кўпроқ киши иштирок этишига эришмоқчимиз. Мамлакатда оммавий очлик акциялари миқдорини кўпайтириш ниятидамиз, - деди мухолифатдаги сиёсатчи.

Эслатиш жоизки, Қозоғистонда амалдаги режим сиёсатига қарши норозилик сифатида очлик акциялари 1 май куни бошланган эди. Ўшанда қозоқ мухолифати Олмаота кўчаларига чиқиб, президент Нурсултон Назарбоев истеъфосини талаб қилгандилар.

Шундан сўнг, баъзи мухолифатчилар қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган, баъзилари эса катта миқдордаги жаримага тортилган.

1 май куни ҳисбга олинган мухолифатчи Ермек Наримбоев эса 15 кунга озодликдан маҳрум қилинганди. 14 май куни 14 кун давомида қамоқда очлик акциясини давом эттириб келган Наримбоев озод қилиниш ўрнига, аксинча жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.

Олмаота шаҳри Бўстондиқ туман судида Ермек Наримбоев иши кўриб чиқилди. Прокурор Наримбоевни икки нафар ҳуқуқ-тартибот органларини калтаклаганликда айблаб, уни 3 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Айни пайтда мухолифатчи Олмаота шаҳар тергов изоляторида сақланаётгани ва суд ўз ишини келаси ҳафта давом эттириши айтилмоқда.

Айтиш жоизки, мухолифатчи Ермек Наримбоев бир неча йиллар давомида амалдаги қозоқ режимига нисбатан кескин қаршилик кўрсатиб, мамлакатда турли норозилик митинглари ташкил этиб келганди.

У бундан аввал, бир неча бор бир неча кунга озодликдан маҳрум қилинган, жарималарга тортилган бўлса-да, ўз мухолифат ҳаракатини давом эттириб келганди.

Ермек Наримбоевнинг рафиқаси Зоя Наримбоева эса эрининг ҳуқуқ-тартибот органларига жисмоний шикаст етказгани судда ўз тасдиғини топмагани ва расмийларнинг уни жиноий жавобгарликка тортишлари, мухолифатчининг ҳаракати чек қўйиш ҳаракатлари ўлароқ баҳолашини айтди.

- Эримга қарши икки участковой ариза ёзган экан. Уларнинг айтишича, эрим бирини уриб погонини йиртиб ташлаганмиш, иккинчисини йиқитганмиш. Аммо бу воқеанинг гувоҳлари ҳам ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг ўзлари. 14 кун очлик акциясини қамоқда тутиб келаётган одамнинг икки ҳуқуқ-тартибот органини қаттиқ калтаклашга ҳоли етмаганини ҳам улар инобатга олмаяптилар, - дейди Зоя Наримбаева.

Эслатиб ўтсак, ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг бошқа бир қанча ҳудудларида ҳам амалдаги режим сиёсатига норозилик сифатида очлик акциялари бошланганди. Мазкур акциялари ҳамон давом этаётгани маълум бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG