Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:47

Грабовой қайтиши мумкин


Ўзининг Исо Масиҳ тимсоли экани айтаётган Григорий Грабовой Ўзбекистонда ҳам ўз тарафдорларига эга.
Ўзининг Исо Масиҳ тимсоли экани айтаётган Григорий Грабовой Ўзбекистонда ҳам ўз тарафдорларига эга.

Перм вилоят суди 20 май куни ДРУГГ партияси ва “Умумий нажот ва уйғун тараққиёт ҳақидаги таълимот” асосчиси, фаолияти Ўзбекистон билан ҳам боғлиқ Григорий Грабовойни муддатдан олдин озодликка чиқариш бўйича Березники прокуратурасининг кассация аризасини кўриб чиқади.

Бу ҳақда хабар берган Новости ахборот агентлигининг таъкидлашича, ўзини Исонинг янги қиёфаси деб эълон қилган Грабовой 2008 йилда фирибгарликда айбланиб, 8 йилга қамалган.

Россия жамоатчилигини ўзининг чиқишлари ва баёнотлари билан ларзага келтирган бу шахс ўзи ким? Унинг таълимоти нимадан иборат? Бу саволларга жавоб бериш учун унинг фаолияти билан қизиқиб кўрдик.

Григорий Грабовой, турли манбаларнинг маълумотига кўра, муайян миқдордаги пул эвазига Бесландаги террорчилик хуружи натижасида ҳалок бўлган болаларни қайта тирилтириб беришни ваъда берганидан сўнг “машҳур бўлиб кетган”.

Грабовой таълимоти дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз тарафдорларига эга. Жорий йилнинг апрел ойида “Григорий Грабовой таълимоти” фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистоннинг пойтахтида ҳам таъқиқланган ва мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Григорий Грабовой фаолияти бевосита Тошкент билан боғлиқ. Унинг шахсий сайтидаги кўрсатилишича, Гравобой 1986 йили механика мутахассислиги бўйича Тошкент Давлат университетини тамомлаб, Фуқаролик авиацияси бошқармаси (кейинчалик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси) билан шартнома тузади. Унинг шахсий адвокати Вячеслав Коневнинг сўзларига кўра, шартнома бўйича Грабовой “таҳлилнинг эвристик усуллари, олдиндан кўра билиш ва ахборотнинг экстрасенсорик диагностика ёрдамида авианосозликларни аниқлаш” билан шуғулланган:

Вячеслав Конев: Қисқаси, у самолётларнинг диагностикаси билан шуғулланган. Унинг ғайриоддий қобилиятларини аниқлаш бўйича махсус тадқиқотлар ўтказилган. Самолетларнинг носозликларини олдиндан аниқлаш бўйича тажрибалар кўп маротаба ўтказилган ва 100 фоизли тасдиғига эга бўлган. Буни тасдиқловчи хужжатлар ҳатто Таган суди томонидан қабул қилинган ва иш ҳужжатларига илова қилинган. Бундан ташқари, у 2 ихтиро патентига ҳам эга: биринчиси “Ҳалокатларни олдини олиш усули” деб номланади ва бугунги кунда амалиётда қўлланилади; иккинчиси “Ахборот узатиш тизими” деб номланади ва бугунги кунда амал қилади, яъни у ўз эгасига муайян доимий даромад келтириб туради. Патент бюросида текшириб кўришингиз мумкин.

Озодлик: Биздаги маълумотларга кўра, 1995 йили Григорий Грабовой Москвага кўчиб ўтган. Унинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси билан тузган шартномаси нима бўлди?

Вячеслав Конев: Менинг билишимча, Грабовой юқорида айтиб ўтилган масалалар бўйича Ўзбекистон авиакомпанияси билан ҳамкорликни давом эттираяпти. Тўғриси, бу ҳамкорлик қай шаклда давом этаётганини билмайману, лекин ҳаммаси қонунга мувофиқ амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси жаноб Грабовойнинг саъй-ҳаракатлари ёрдамида Учиш хавфсизлиги бўйича халқаро сертификациядан ўтди, яъни Ўзбекистон авиатармоғининг самолётлари сон жиҳатидан энг кам ҳалокатга учрайдиганлар қаторига кириши кўпчилик мутахассисларга маълум.

Озодлик: Айтингчи, бу диагностика қандай амалга оширилади: бевосита самолёт ёнидами ёки масофадан турибми?

Вячеслав Конев:
Григорий Петровичнинг айтишича, у ўз экстрасенсорик ва табиий қобилиятлари ҳамда математик ҳисоб-китоблар ёрдамида келажакни башорат қила олиши мумкин. Шунинг учун бундай диагностика ҳам масафадан туриб, ҳам бевосита объект ёнида амалга оширилиши мумкин. Унинг бу башоратлари хужжатлаштирилган. Масалан, у самолётнинг майда деталларида фақат махсус асбоб-ускуна билан аниқланадиган нўқсонларни аниқлаб берган. У самолётнинг номерини кўрса, етарли: бевоситами ёки самолётнинг ёнидами - бунинг фарқи йўқ. Бу ҳақда ҳатто “Григорий Грабовойнинг миссияси ” деб номланган филм олинган.

Озодлик: Айтингчи, Грабовой Москвада ҳам самолётлар ҳалокатини олдини олиш фаолияти билан шуғулланмоқдами?

Вячеслав Конев: Албатта. Мана 2005 йилги ДРУГГ партиясининг йиғилишида ҳар бир келгуси ойга мўлжалланган барча техноген ва табиий ҳалокатлар юзасидан башоратлар келтирилган. Масалан, Налчик шаҳридаги террорчилик хуружлари бўйича унинг башоратлари ўз тасдиғини топган эди.

"Бу башоратлар ҳатто Бесланда ўлган болаларни тирилтириб беришга ҳам тегишлимиди?" деган саволимизга Вячеслав Конев бу иш махфий органлар томонидан махсус уюштирилганлигини ва унинг устозини бадном қилишга қаратилганлигини гапирди.

Вячеслав Конев
: Бу сўзсиз уюштирилган иш. Биз ҳатто судда ҳам исботлаб бердикки, Григорий Петрович Бесланда бўлмаган! Буни биринчи ўринда “Беслан оналари қўмитаси” раҳбари Светлана Дудиева ҳам судда тасдиқлаб берган.

Озодлик
: Сўнгги саволим, Григорий Грабовой таълимотининг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

-
Қисқача мазмуни - ҳар бир инсоннинг юқоридан берилган маънавий камолотини намоён қилиш ва ривожлантириш. Яъни у ўз мисолида йўл-йўриқ кўрсатади, яширин имкониятларни одамларга очиб беради, деди Григорий Грабовой шахсий адвокати ва партия фаоли Вячеслав Конев.

Григорий Грабовой фаолияти Россия жамоатчилигининг эътиборини ҳамон ўзига тортиб келмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, Грабовой таълимоти дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз тарафдорларига эга.

“Рус руҳияти энциклопедияси” дастури муҳаррири ва бошловчиси Виктор Ерофеев Озодликка берган интервюсида Григорий Грабовой феномени ҳақида сўзлар экан, бу таълимот муваффақиятини биринчи ўринда одамларнинг руҳиятида қидиришни тавсия этади:

- Грабовойнинг пайдо бўлиши бизнинг борлиғимизнинг ажралмас қисмидир: мавжуд борлиқ шу даражада кучсиз ва хунукки, биз ҳанузгача ўзи учар гиламлар, очил дастурхон мавжуд эртакда яшамоқдамиз. Шу ўринда, ўлимни бекор қилувчи янги Исо пайғамбарга ҳам ишониш одамлар томонидан имкон, ишонч сифатида қабул қилинмоқда. Грабовойни байрамлар олдидан озод қилишлари керак эди. Лекин ҳокимият кўпчиликни эътиборини ўзига қаратишидан қўрққан Грабовойни озод қилинишини байрамдан кейинга қолдирди. Ҳа, у ёлғончи. Лекин унга қарши Кремл ноҳақ ўйин олиб бормоқда. Грабовойнинг муаммолари президентликка ўз номзодини қўйишдан бошланган эди, десак муболаға бўлмайди, деди “Рус руҳияти энциклопедияси” дастури муҳаррири ва бошловчиси Виктор Ерофеев.

Мавзу юзасидан маълумот: Григорий Грабовой Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Киров туманидаги Богара қишлоғида туғилган.

1980-1986 йиллари Тошкент Давлат университетининг амалий математика ва механика факултетида ўқиган. Иш фаолиятини Тошкент умумий машинасозлик конструкторлар идорасида бошлаган. Лазернинг конструкция материалларига таъсири бўйича илмий тадқиқотлар билан шуғулланган.

Новие Известиянинг маълумотига асосан, 1991 йилда Григорий Грабовой Фуқаролик авиацияси бошқармаси (кейинчалик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси) билан “Аскон” фирмаси ўртасида имзоланган шартномага кўра, “носозликларни башорат қилишнинг эвристик усуллари” тадқиқотлари учун 5900 доллар миқдорида тўлов олган, кейинги йил эса худди шу тадқиқотлар учун 10 287 АҚШ доллари миқдорида “Прогресс” корхонаси номидан олган. Кейинчалик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” барча шартномаларни Грабовой раҳбарлик қилаётган “Рампа” фирмаси билан имзоланган.

1996 йил 7 январда Грабовой ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ўртасида “авиакомпания ходимларини экстрасенсорик усуллар ёрдамида даволаш”га яна бир шартнома имзоланган.
Журналист Вячеслав Ежковнинг таъкидлашича, 1995 йил болгариялик машҳур фолбин Ванга оғир касал бўлган ва ҳеч кимни қабул қилмаган, лекин Грабовой билан учрашишга изн берган.

1995 йил у Ўзбекистондан Москвага кўчиб ўтган ва шу ерда ўз таълимотини тарғиб қилган.

2005 йил ДРУГГ партиясини тузди.

2006 йил Москвада Грабовойга қарши жиноий иш қўзғатилди ва у фирибгарликда айбланиб, ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG