Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:58

Қирғизистон апрел воқеалари қурбонларини хотирлади


Шу кунларда Қирғизистоннинг турли жойларида тинчлик митинглари бўлиб ўтмоқда.
Шу кунларда Қирғизистоннинг турли жойларида тинчлик митинглари бўлиб ўтмоқда.

Апрел воқеаларига 40 кун тўлиши муносабати билан Бишкекда ўтказилган хотира тадбирида муваққат ҳукумат раҳбари Қирғизистонда тоза ҳукумат қуришга ваъда берди.

Қирғизистондаги Бирлашган халқ ҳаракати 17 май куни Бишкекдаги “Медиа форум” биноси олдида апрел воқеалари қурбонларини хотирлаш митингини бошлади.

Қарийб 3,5 минг киши иштирок этаётган митингда Муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева, унинг муовини Алмазбек Атамбаев, Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Иса Ўмурқулов каби масъуллар ҳам қатнашди.

“Медиафорум” биноси олдида катта экран ўрнатилган бўлиб, унда шу йилнинг 6 апрелидан бошлаб шу кунгача бўлган фожеавий воқеалар хронологияси намойиш этилди.

Сўнгра митингда Муваққат ҳукумат вакиллари сўзлади.

- Муваққат ҳукумат ўз иши билан Қирғизистоннинг 89 ватанпарвари ўз жонини бекорга қурбон қилмаганини исботлаши керак, деди жумладан Муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева.

Митинг якунида апрел воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш учун ёдгорлик мажмуаси очилди.

Шунингдек, бугун пойтахтда “Ватанпарвар” дружинасининг автоюриши бўлиб ўтади. Дружиначилар шу зайл пойтахт аҳолисига ўзининг Бишкекда осойишталикни таъминлай олишини кўрсатмоқчи. Тадбирда 5 минг чоғли дружиначи қатнашиши эълон қилинган.

Иссиқкўл вилояти маркази Қоракўл шаҳрида ҳам бугун апрел воқеалари қурбонлари ёдланди. Уч мингдан зиёд одам қатнашган мазкур митингда сўзга чиққанлар мамлакат элини бирдамликка чорладилар. Тадбирда Қирғизистон муваққат ҳукуматини қўллаш чақириқлари ҳам янгради.

Айни пайтда Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида ҳам апрел воқеалари қурбонларини хотирлаш маросимлари ўткалмоқда. Ўш вилоят давлат маъмурияти биносида шу соатда ўтказилаётган мажлисда вилоят расмийлари апрел инқилоби қурбонларини хотирлаб нутқ сўзладилар.

Айтиб ўтиш жоизки, бугун мажлис ўтказилаётган Ўш вилоят ҳокимияти биноси ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам қаттиқ қўриқланмоқда. Ўшдаги мухбиримизнинг хабар қилишича, бино қўриқчилари орасида қуролли соқчилар ҳам бор.

“13-14 май кунлари жанубий вилоятлар ҳокимиятларини эгаллаб олган бакиевчилар 17 май куни бунга яна бир марта уриниб кўрмоқчилар” қабилида гап-сўзлар тарқаганди. Афтидан, буни фавқулодда воқеаларни кўравериб кўзлари пишиб қолган муваққат расмийлар ҳам назардан соқит қилмаяптилар.

Қирғизистон жанубидаги яна бир вилоят – Жалолободда эса бугун “мотам куни” деб эълон қилинган. Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Жалолободда бакиевчилар ва муваққат ҳукумат тарафдорлари ўртасида юз берган тўқнашув оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 60 дан зиёд одам ярадор бўлганди.

17 май куни Боткен вилоятининг Қадамжой туман давлат маъмурияти биноси олдига Қирғизистон коммунистлари партияси раҳбари Исҳоқ Масалиев тарафдорлари намойишга йиғилдилар. Митинг иштирокчилари сиёсий мақсадларни кўзламаганлари, фақат Исҳоқ Масалиев озод қилинишини талаб қилиб, тинч намойишга чиққанларини айтмоқдалар.


Исҳоқ Масалиев 13-14 май кунлари мамлакат жанубидаги бир неча вилоят ҳокимиятлари биносини эгаллаб олишга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганди. Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик хизмати Бакиев маъмуриятининг собиқ раҳбари Усен Сидиқов, коммунистлар лидери Исҳоқ Масалиев ва бошқа бир неча кишини оммавий тартибсизликлар уюштириш учун жиноий тил бириктирганликда айблаб, улар устида жиноят иши қўзғатган.


“Текширув чоғида Усен Сидиқов Исҳоқ Масалиев, “Ақ жўл” фракциясининг қирқдан зиёд депутати ва бошқа шахслар билан биргаликда Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида оммавий тартибсизликлар уюштириш, расмийларни гаровга олиш ва сиёсий талабларни қўйиш баробарида ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш мақсадида жиноий тил бириктиргани аниқланди”, дея маълум қилади Миллий хавфсизлик хизмати матбуот маркази.

Махсус хизмат ходимларига кўра, “улар нобарқарор сиёсий вазиятдан собиқ депутат Исҳоқ Масалиевни Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти – таҳр.) раиси, Қирғизистон Республикаси президенти ваколатларини бажарувчи этиб сайлаш учун фойдаланишга қарор қилганлар”.


Айни пайтда Қирғизистон коммунистлари лидери Исҳоқ Масалиев Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG