Линклар

logo-print

“Субҳидам” мустақил газетаси вакилларининг айтишларича, нашрни ташкил этишдан мақсад республикада истиқомат қилувчи ўзбекларга мамлакат ва унинг ташқарисида юз бераётган воқеаларни ўз вақтида етказиб беришдан иборат.

Сўғдда чиқа бошлаган “Субҳидам” газетаси муҳаррир ўринбосари Жамолиддин Саидовнинг сўзларига кўра, Тожикистонда ўзбек тилидаги бир қанча нашрлар мавжуд, бироқ бу матбуот таъсирчан эмас ва унда фикрлар хилма-хиллиги етишмаяпти.

- Расмий маълумотларга кўра¸ Тожикистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Бир миллионли аҳолининг ўз санъати¸ ўз адабиëти¸ ўзининг айтадиган гаплари бўлади. Бугунги кунда республикада ҳукуматнинг “Халқ овози”, “Замондош”, “Қишлоқ ҳаёти” каби ўнга яқин газеталар мавжуд. Шунга қарамасдан, бу ҳафтаномаларда чоп қилинаётган мақолалар бугунги кун талабларига, газетхонлар дилида йиғилиб қолган саволларига жавоб бермаяпти. Мана шуларни ҳисобга олиб, эркин фикр юритадиган мустақил халқ минбарини ташкил этдик, дейди бош муҳаррир ўринбосари.

Жамолиддин Саидовнинг айтишича, собиқ иттифоқ ҳудудида яшайдиган ўзбеклар бир-бирлари билан маданий алоқалар орқали чамбарчас боғланган эдилар. Шўро ҳукумати парчаланиб кетгандан кейин Ўзбекистон-Тожикистон¸ Ўзбекистон-Қирғизистон¸ Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги маданий алоқалар сусайди. Тошкентда чиқаëтган ўзбек тилидаги нашрлар бу республикаларга бормай қўйди.

“Бугунги иқтисодий танглик шароитида газетанинг чоп этилиши ва тарқатилишида қийинчиликлар бўлмайдими?” деб сўраймиз муҳаррир ўринбосаридан.

- Бугун ростдан ҳам иқтисодий инқироз таҳдид қилиб турибди. Газетани чоп қилишда бу масалаларни чуқур ўйлаб кўрдик. “Одамларнинг газетани харид қилишга қурби етармикан?” деган савол ҳам туғилди. Бунга газетанинг ижодий жамоаси ўзи жавоб берди. “Агар газетхонлар дилидагисини топиб, мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин ёритсак, муштарийлар сони ошиб бораверади”, дейишди. Ахир инсон фақат қорни учун яшамайди-ку. Унга маънавий озуқа ҳам керак. Шу сабабли муштарийларимиз бизни тушунишади, деб умид қиламиз, дейди Жамолиддин Саидов.

Ҳафтаноманинг биринчи сони газетхонлар томонидан яхши кутиб олинди, дейиш мумкин. Зафарободлик зиёли Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетанинг ўзбек тилида ташкил этилиши мамлакатдаги саноғи миллиондан зиёд ўзбек учун қувончли воқеа.

- Ўзбек тилидаги бундай газетанинг туғилишига эҳтиёж пайдо бўлган. Чунки республикада мавжуд ўндан ортиқ ўзбек тилидаги газеталар бир миллиондан ортиқ ўзбеклар учун камлик қилади. Бу ижобий ҳодиса, албатта. Зеро, бу Тожикистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнингина эмас, бошқа миллатларнинг маънавияти, маданияти, маърифатини оширишда хизмат қилади. Чунки газета уч тилда чоп қилинмоқда. Шу билан бирга, бу ҳафтанома ҳам давлат манфаатига хизмат қилади, дейди Абдурасул Мамадалиев.

Айни пайтда, суҳбатдошимизнинг қайд этишича, республикада журналистлар эркин фикр юритиш учун имкон йўқ. Абдурасул Мамадалиев сўзларига кўра, Тожикистонда танқидий мақола ёзмоқчи бўлган журналист “етти ўлчаб, бир кесиш”га мажбур бўлмоқда. Бунга амал қилмаганлар эса расмийлар таъқибига учраяпти. Чунончи жорий йилда мамлакатда ўз фикрини ошкор баён этгани учун 3 журналистга ва 3 мустақил газетага нисбатан жиноий иш очилди.

- Демак, гап эркин фикр юритишда эмас. Асосий вазифа олинган маълумот ва ёки ахборотни жамоатчиликка етказишдан иборат. Ниҳоят, журналистнинг ҳокимият кундасидан ўз бошини омон сақлаб қолиши жуда муҳим. Янги газета вакиллари хам мана шуларга амал қилган холда фаолият юритишади. Йўқса, газета фаолияти тўхтатилади, дейди зиёли Абдурасул Мамадалиев.
XS
SM
MD
LG