Линклар

Кўлоб фожиасига расмийлар айбдорми?

  • Гулнора Равшан

7 майдаги сув балосида 3 набирасидан айрилган Ношоиста Камолова ўн кундан буён чодирда жон сақлаяпти.

7 майдаги сув балосида 3 набирасидан айрилган Ношоиста Камолова ўн кундан буён чодирда жон сақлаяпти.

Шу йилнинг 7 майига ўтар кечаси Тожикистоннинг Кўлоб вилоятида содир бўлган тошқинда маҳаллий аҳоли расмийларни айбламоқда. Кўлобликларга кўра, агар маҳаллий ҳукумат масъулиятлироқ бўлганларида эди, фожиа олдини олиш мумкин бўларди.

7 майга ўтар кечаси Кўлобда рўй берган тошқинда жабрланганлардан бири Ношоиста Камолова фожеий тун тафсилотларини даҳшат билан эслайди.

- Ўша кечаси тахминан соат иккида шовқин-сурондан уйғониб, ҳовлига чиқдик. Сел бостириб келарди. Ухлаб ётган тўрт нафар неварамни чолим иккимиз ташқарига олиб чиқмоқчи бўлиб, ичкарига кирдик. Лекин улгурмадик. Икки томондан уйга бостириб кирган сув бизни ҳар томонга улоқтирди. Сув гирдоби мени ҳовлидаги супа устига чиқариб ташлади. Шу пайт уйимизнинг томи ағнаб кетди. Мен бирор нарсани ушлаб, супанинг томига чиқишга уринардим. Шу пайт қўлимга қаттиқ нарса илинди. Қоронғида ҳеч нарсани кўрмасдим. Ўзим томонга тортиб, яхшироқ қарасам, 7 яшар неварам Муҳаммаджоннинг оёғи экан, дейди Ношоиста Камолова.

Онахон ўша кечада невараси Муҳаммад билан бирга яна 6 яшар Робия исмли невараси ва яна етти ойлик чақалоқ невараси қурбон бўлганини, шунингдек, яна 16 яшар ўғли ҳозиргача дараксиз қолаётганини куйиниб гапиради.

- Шунга қарамай, Худога шукур қиламан. Бу Худодан бизга юборилган синовдир. Мен жигарларимни йўқотганимдан куйинаман, лекин бу фожиада ҳеч кимни айбламайман, дейди онахон.

Ҳаммасига катталар айбдор

Ношоиста холанинг маҳалладошлари Кўлоб шаҳрини иккига бўлган Сангов канали ўз вақтида шаҳар ҳукумати томонидан тозаланганида эди, бундай фожиа юз бермаган бўлар эди, дея фикр билдиришади.

- Ҳаммасига шаҳар ҳукумати, катталар айбдор. Сангов деган катта канал бор ўшандан келди кел. Агар ҳукумат одамлари ўша Санговни вақтидан катта тошлардан тозалашганида эди, бунча одам ўлмаган бўлар эди, дейди Кўлобнинг “Чармгарони поён”ида яшаган Зуҳра опа.

Сел балосидан омон қолган Ганжина.
Зуҳра опа ва унинг фарзандларини ўша тунги фожиадан ҳовлидаги ити қутқариб қолган экан.

- Ўша кечаси мени итим уйғотди. Итимиз вовуллаб, ўзини деразага ураяпти. Кейин биз ҳаммамиз туриб, ҳовлига чиқсак, ҳовлимизда бир метр сув. Қочдик, қочаяпмиз энди - қаёққа қочишимизни билмаймиз. Қаёққа кетаяпмиз¸ билмаймиз. Худога минг марта шукур, ҳаммамиз соғ-саломатмиз, лекин уйларимизда энди яшаб бўлмайди. Роса қўрқдик. 38 йил яшаяпмиз шу кўчада бундай бало, бундай офат биринчи марта халқнинг бошига тушди. Бир хиллар болаларини йўқотди. Бир хиллар оналарини йўқотди. Эналари неваралари билан сувга тушиб кетишди. Кўпчилик йўқолган, дейди кўлоблик Зуҳрахон.

Зуҳра опанинг бир яшар невараси Ганжина ҳам ўша тунги “қоча қоч”да онаси билан бирга сувга тушиб кетган. Лекин яқинлари уларни тезда қутқаришган.

Кўпчилик жабрланганлар ақлдан озаёзди

54 ёшли суҳбатдошимиз Ҳабибулло Усмоновни муқаррар ўлимдан қўшнилари қутқариб қолибди.

35 йилдан ошиқроқ бир ëстиққа бош қўйиб келаëтган Ҳабибулло ака ва Саломат ая¸ бўлган даҳшатни кўзда ëш билан гапириб берди.
- Сув икки томондан келаверди, уйларимизнинг деворлар ағанаб кетаверди. Невараларим билан “дод-вой” деб ўтирдик. Соат олтилар эди - қўшнилар келиб, невараларимни, мени қутқаришди. Тонгда аёлимни ахтаришга тушдик, дейди Ҳабибулло ака кўзига ёш олиб.

Ҳабибилло аканинг хотини Саломатхон аяни эса қишлоқ мактабидан топганлар.

- Қизларим кран олиб келиб қутқаришди, бўлмаса, шу яқиндаги мозорда ўлиб қолардим. Қўрқдим, касалхонага тушдим. Бироз тузалгандим, шу лагерга олиб келишди, дейди ҳозирда тахминан 2000 киши яшаётган лагердаги чодирларнинг бирида яшаб турган Саломатхон ая.

Эр-хотин суҳбатдошларимиз фарзандларини сув олиб кетган қўшниларининг кўпчилиги руҳий хаста бўлиб қолганидан куйинишди.

Тожикистон ҳукумати расмий маълумотларига кўра, шу йил 7 майга ўтар кечаси Кўлоб шаҳрида рўй берган сув тошқиндан тахминан 27 киши ҳалок бўлиб, яна 50 киши дараксиз йўқолган. Тахминан 2000 яқин турар-жой ва маъмурий бинолар яшашга яроқсиз бўлиб қолган.

Аммо биз билан суҳбатлашганларнинг аксарияти расмийлар рақамлари ҳақиқатдан йироқ эканини, ўлганлар сони камида 500 киши бўлиши мумкинлигини, дараксиз йўқолганлар эса ундан ҳам кўплигини айтишди.

Қурбонали исмли суҳбатдошимиз Кўлобда Ҳожи Мирзо исми билан танилган диндор ўз маҳалласидаги масжидда бир куннинг ўзида 81 кишига жаноза ўқиганини айтар экан, “ҳукумат одамлари нотўғри маълумот бераётгани”ни таъкидлади.

Лекин Қурбонали ҳам, бошқа суҳбатдошларимиз ҳам расмийлар тарқатаётган маълумотнинг ёлғонлиги ва жабр кўрганларга аталган инсонпарварлик ёрдамининг ўғирланаётгани ҳақида микрофонга гапиришни истамадилар.

Яна қанча вақт чодирда яшаб қолишларини билмаётган бу суҳбатдошларимиз, агар бу маълумотлар расмийлар қулоғига етиб борса, бир умр уйсиз қолиб кетишларидан қўрқишларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG