Линклар

Эрон ўз уранини хорижга юборишга рози бўлди


Бразилия ва Туркия етакчиларининг Теҳронда олиб борган музокараларидан сўнг Эрон ҳукумати ўз уранини қайта ёнилғига айлантириш учун хорижга юборишга розилик берди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Рамин Меҳманпараст сўзларига кўра, келишувга мувофиқ Эрон ўзининг кам тўйинтирилган уранини қайта ишлаш учун Туркияга юборади.

- Эрон Ислом жумҳурияти 1200 кг кам тўйинтирилган уранни Туркияга юборишга рози бўлди. Кам тўйинтирилган уран Туркия ҳудудида сақланар экан¸ у Эрон мулки ҳисобланади. Теҳрон¸ шунингдек Атом энергияси халқаро агентлиги ураннинг Туркияда сақланиш жараёнини назорат қилиш учун у ерга ўз кузатувчилари юборишлари мумкин, деди Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Мутаққий.

Мазкур келишув Теҳронда Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Силва, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг имзоланди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлмаган Туркия ва Бразилия БМТ томонидан ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Теҳронга нисбатан санкциялар қўлланилишига қарши чиқиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG