Линклар

Ўзбекистонда хусусий нотариуслар эшиги ëпилди

  • Садриддин Ашур

Президент фармонидан бехабар мижозлар 17 май куни хусусий нотариал идораларга борган бўлса¸ у ерда эшикдаги катта қулфни кўриб қайтиб кетишга мажбур бўлишди.

Президент фармонидан бехабар мижозлар 17 май куни хусусий нотариал идораларга борган бўлса¸ у ерда эшикдаги катта қулфни кўриб қайтиб кетишга мажбур бўлишди.

15 майдан хусусий нотариал тизим бутунлай йўқ қилинди. Минглаб одамни ишсиз қолдириш баробарида бу фармон давлат нотариуслари эшиклари олдидаги навбатларни яна узайтирди.


Ўзбекистондаги барча хусусий нотариуслар 15 майдан бошлаб фаолиятларини бутунлай тўхтатди:

- Ишлаганимиз йўқ. Указ чиққан¸ акажон. Ишларни топшираяпмиз ¸акажон, дейди фарғоналик хусусий нотариуслардан бири.

Хусусий нотариуслар фаолиятининг бутунлай тўхтатилишига Ўзбекистон президентининг 5 майда имзо чеккан “Ўзбекистон Республикаси нотариал тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги фармони сабаб бўлди. Бу фармон матни матбуотда эълон қилинмаган эсада¸ Адлия вазирлигининг вилоятлардаги бошқармалари раҳбарлари уни хусусий нотариусларга етказган ва шу асосда ишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берган.

Қўқонлик хусусий нотариуслардан бирининг айтишича, бу фармонга кўра, нотариал идоралар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиши ва у Олий Мажлис парламенти тасдиғидан ўтиши лозим.

- Бизнинг фаолиятимизни ҳозирча тўхтатиб қўйдию. Қонунга ўзгартириш киритишмоқчи. Қонунга ўзгартириш киритгандан кейин¸ ўшанга қараб бирор нима деса бўлади.

Озодлик: Қайси қонунга?

- Нотариал тўғрисидаги.

Озодлик: Нима дейилади энди унда?

- Билмайман энди. Ҳозирча номаълумку. Ҳозир лойиҳаси ҳам йўқ даже.

Озодлик: Сизларга нима деяпти? Давлат нотариуси қўшимча жой ажратиб ишга жойлаяптими ëки йўқми?

- Йўқ ҳозирча. Ҳозирча жимжитлик. Ўша қонунни кутишаяпти шекиллида. Ўзгариш бўлса¸ штатлар сони ўшанда аниқ бўлади. Кейин бирор нарса деса бўлади. Ҳозир номаълум.

Озодлик: Хусусий нотариуслар тамоман тугатилди-а Ўзбекистонда?

- Ҳа. Тўппа-тўғри.

Озодлик: Қандай бўлди сизларнинг фикрларингизча? Қанчалик керак эди? Қанчалик эҳтиëжи бор эди бунинг?

- Бировга зиëнимиз тегмай турган эди. Баъзи бирлар нарушение қилган бўлса¸ яхши ишлаб келаëтганлар ҳам бор эди. Даже бунақа нотариуслардан давлат нотариуслари ичида кўпроғи.

Озодлик: Сизлар давлатга қандай халақит бердингиз¸ нима учун сизларни тугатди?

- Тушунмай қолдим мен ҳам. Бир нарса дейишга ожизман. Бизда биласизку¸ бир нарса деганимиз билан на фойдаси бор¸ на зиëни бор унинг¸ дейди қўқонлик хусусий нотариуслардан бири.

Фарғоналик хусусий нотариус ҳам ўз идорасининг нима сабабдан тугатилаётганини билолмай ҳайрон:

- Бир айбимиз бўлса¸ бошқа нарса бўлса¸ юқори терговчи органларга мурожаат қилиши мумкин¸ шикоят тушиши мумкин. Мана шикоят аризалари кўрилаяптию. Хусусий нотариуслар устидан қанча шикоят бор экан? Ишлаган давримда устимдан битта шикоят тушмаган. Бошқа нотариусларнинг устидан тушгану¸ мен сизга 100 фоиз нотариуслар покиза¸ дея олмайман. Кўп жойларда нима учун хусусий нотариусларнинг ҳаракати ҳам кўп эдио¸ одами ҳам кўп эди? Арзонлиги томонидан эдида. Ходимнинг сонини ҳам ўзимиз белгилардик. Иккита-учта котиба олишимиз мумкин эди.

Озодлик: Адлия вазирлиги сизга бирор иш ëки давлат нотариусидан бирор иш айтилгани йўқми?

- Йўқ. Ҳали ўзлари ҳам билишмайди. Улар ҳам бу нарса ҳақида ҳеч қанақа маълумотга эга эмас. Иш масаласида айтсангиз¸ камида республикада 224-244 хусусий нотариус бўлса¸ камида ҳисобласангиз¸ ҳар бирида ўртача 10 тадан одам ишларди. Мана 2300-2400 ишли одам бор эдида¸ дейди фарғоналик нотариус.

Ўзбекистондаги хусусий нотариал идораларнинг 2500га яқин нотариуси ва ходимлари ишсиз қоладиган бўлди. Бироқ айрим нотариуслар давлатнинг ўзларини кўчага ташлаб қўймаслигидан умидвор. Бухоролик нотариуснинг айтишича, ишсиз қолган хусусий нотариусларни давлат нотариуси сифатида ишга олишлари мумкин:

- Иш беришади. Айтишди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан янги штатлар беришади. Насиб бўлса¸ ўшанга ўтамизда.

Озодлик: Давлат нотариусигами?

- Штатлар очиладида барибир¸ дейди бухоролик нотариус.

Ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова фикрича, хусусий нотариуслар орасида ноқонуний амалиётларни амалга ошираётганлар кўпайиб кетаяпти¸ деган баҳона билан бутун бир нодавлат тизимини йўқ қилиб юбориш бу тўғри эмас:

- Агар улар орасида кимдир ноқонуний иш қилган бўлса¸ фақат унинг ўзи жавоб бериши керак. Бу дегани бутун хусусий нотариал тизими ноқонуний ишлаяпти¸ дегани эмас. Мана қанча одамлар ишсиз қолди, бу хусусий нотариуслар имтиҳон топшириб муддатсиз лицензия олишган, бу учун пул ҳам тўлашган, дейди Гулнора Эшонхонова.

Хусусий нотариусларнинг бир тоифа мутахассисларни ишсиз қолдириш баробарида оддий одамларга ҳам қийинчилик туғдиради. Фарғоналик Қаҳрамон аканинг айтишича, ўзи шундай ҳам тирбанд бўлган давлат нотариусларида иш бажариш учун энди яна соатлаб навбат кутишга тўғри келади:

- Биринчидан¸ мен нотариусга ишим тушган пайтда шунақанги очеред¸ одам кўп эдики¸ ëзнинг иссиқ куни обедгача турдим. Қийинчилик ниҳоятда кўп бўлиб кетди ўша куни. Ўзлари ҳам чарчаб кетишди нотариусдагилар. 10 минутми¸ 15 минутми овқатланиб чиқишиб яна ишни бошлашди. Бечоралар одамлар учун жон куйдириб ишлашди. Агар хусусийлар кўп бўлиб учта-тўртта бўлса¸ нотариусларда бунақа очередлар бўлмасмиди. Халқ учун яхши эди. Энг ëмон нарса кутиш. Нотариусларнинг кўпайгани¸ айниқса¸ ҳозирги замонда хусусий нотариусларнинг бўлгани минг марта яхши эди. Одамларга енгиллик бўларди¸ дейди фарғоналик Қаҳрамон ака.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор аканинг айтишича, энди давлат нотариусларининг иш кўлами икки-уч бараварга кўпаяди ва бу ўз навбатида порахўрликнинг янада авж олишига олиб келади:

- Давлатники бўлгандан кейин ҳар битта районда битта нотариал идора. Биласизми¸ одам қанақа сарсон бўлади. Яна ўша эски ҳаммос¸ эски тос бўладида. Кунлаб кутиб ëтаверасиз. Очередда тур¸ шапка бер. Шапкасини берсангиз¸ олдинроқ қилиб беради. Эски пайтга қайтдида. Халққа ҳеч қанақа қулайлик йўқ. Оддий фуқарога ҳеч қанақа енгиллик йўқ. Бундан баттар бўлади. Одамлар эшикнинг тагида сарғайиб кунлаб¸ ҳафталаб ўтираверади¸ дейди тошкентлик Абдуқаҳҳор ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG