Линклар

logo-print

Савдогар молини бир йил ичида сотмаса¸ куяди...

  • Сарвар Усмон

1 июлдан бошлаб Ўзбекистон бозорларида савдо қилаëтганларнинг оммавий рейдлар нишонига айланиши тахмин қилинмоқда.

1 июлдан бошлаб Ўзбекистон бозорларида савдо қилаëтганларнинг оммавий рейдлар нишонига айланиши тахмин қилинмоқда.

1 июндан бошлаб Ўзбекистон бозорларида катта ўзгаришлар бўлади ёки...ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Ҳамма гап мамлакат президенти 26 апрелда имзолаган қарор ижросига боғлиқ.

“Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарор ҳақида аввал ҳам гапирган эдик.

Мазкур ҳужжат кучга киргач, яъни 1 июндан бошлаб, ўзбекистонлик бозорга пластик карточка билан ҳам борса бўлаверади.

Нақд пулга сабзавоту мева-чева сотиб олиш мумкин.

Бошқа ҳамма нарса карточкага.

Қарорнинг алоҳида тўхталадиган бандлари кўп.

Бугун унинг 5-бандигагина тўхталамиз.

Унга биноан савдогар импорт қилган товарини божи тўланган муддатдан ("растаможка" муддатидан) бошлаб 12 ой давомидагина сотиши мумкин.

13-ой бошланган соатдан бошлаб, товар ғайриқонуний ҳисобланади. Ғайриқонуний товар эса, одатда мусодара қилинади.

Нега бундай меъёр қабул қилинганини тушунтириб беришларини сўраб, билиши лозим бўлган бир неча идора билан боғландик. Лекин биладиганини тополмадик.

Аввал Фарғона водийсидаги шаҳарлардан бирининг солиқ инспекциясига қўнғироқ қилдик.

- Солиқ инспекцияси ҳа.

Озодлик: Растаможка қилинган товарларни бир йилда сотиб тугатиш тўғрисидаги фармонни тушунтириб бера оласизми?

- Йўқ¸ бундан хабаримиз йўқ ака¸ деди Фарғона водийсидаги шаҳарлардан бирининг солиқ инспекцияси ходими.

Балки Ўзбекистон республикаси Солиқ қўмитасининг ахборот-маслаҳат маркази тушунтириб берар?

Лекин бу идорадагилар тушунтириб бера оладиган мутахассисларни бугун топиб бўлмаслигини айтишди.

Қарор мазмунидан яна бир идора - Божхона қўмитаси матбуот хизмати ходимларининг хабари йўқ экан.

Озодлик: Растаможка қилинган товарларни бир йил ичида сотиб тугатиш тўғрисида қарор чиқардику президент.

- Қачон чиқарган? Шунақа дейилганми у ерда?

Озодлик: Ҳа. Мана мен ўқиб бераман. Қарорга божи тўланган кундан бошлаб 12 ой давомидагина сотиш мумкин бўлган товарлар рўйхати илова қилинган:

- тикув ва трикотаж кийимлар, спорт трикотажи, пайпоқ, чойшаб ва кўрпа-ёстиқ ғилофлари, пардаликлар, пахмоқ сочиқ ва халатлар, чарм пойафзал, телевизорлар, холодильниклар, кондиционерлар ва электр дазмоллар.

Шу товарларни чет элдан олиб келган савдогар божини тўлаган кундан бошлаб 1 йил ичида сотиб тугатиши керак.

Сал ғалатироқ рўйхат: нима учун телевизор бору масалан, радиоприёмник йўқ рўйхатда? Ёки электр дазмол бору¸ кир ювадиган машина йўқ?

Бу саволга жавоб бериши мумкин бўлган ягона одам – президент Каримовни тополмадик.

Фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмонов фикрича, қарорда баъзи товарлар учун сотиш муддати белгилаб қўйилганини тушуниш мумкин.

- Менимча¸ бу қарорнинг қабул қилинишига энг асосий сабаб айрим турдаги хорижий мамлакатлардан товарларни импорт қилувчиларнинг ғирромлик қилишининг олдини олиш учун қилган бўлса керак¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Фикрини давом эттирар экан, Маъруфжон ака, баъзи савдогарлар бозор конъюктурасида ўзгариш бўлишини кутиб, товарни сотувга чиқармай туришларини айтди.

Наманганлик иқтисодчи, 90-йиллар бошида Ўзбекистон республикасининг Москвадаги Савдо ваколатхонасини бошқариб турган Расулжон Абдумажидов, у ёки бу товар учун давлат томонидан сотиш муддатини белгилаб қўйилганини ҳали эшитмаганини айтди.

Бундай чеклов жорий этилишининг муҳтамал сабаблари тўғрисида фикр юритар экан, Абдумажидов мана бундай деди:

- Бюджет тўлмаяпти. Солиқни кўтарадиган бўлса¸ аҳоли кўтара олмай қолади. Ундан кўра буларнинг назарида савдогарлар бойиб кетаяптию¸ буни чегаралаш йўлини ишлашаяпти. Ҳам давлат манфаатдор бўлсин¸ ҳам чегаралансин. Бой бўлиб кетмаслиги керак. Магазин хусусий ҳозир маблағ йўқотаяпти. Бунинг ҳисобига давлатнинг нимаси тўлаяпти. Лекин уни конфисковат қилгандан кейин яна ўзининг магазинида сотадию булар. Булар ҳаммаси телвизор эди¸ дазмол эди¸ кийим-кечак эди буни йўқотмайди. Яна ўзининг дўконига олиб чиқиб сотадию. Мана масалан постларда¸ бошқада конфисковат қилишаяпти. Магазинларни очиб қўйган. Ҳам магазинига суд қарорини чиқараяпти¸ магазиндан яна олишаяпти. Бу қанақаси бу¸ дейди наманганлик иқтисодчи, 90-йиллар бошида Ўзбекистон республикасининг Москвадаги Савдо ваколатхонасини бошқариб турган Расулжон Абдумажидов.

Бу қарор, деб давом этади наманганлик иқтисодчи, коррупциянинг янада авж олишига туртки беради, холос.

- Дейлик товарингни конфисковат қиламан¸ деб иккитаси келди. Ҳужжатни кўради. Сиз телевизор олиб келгансиз. 13 ой бўлибди. “Сен сотмабсан. Нимага сотмадинг? Пошлина тўлайсан” деса¸ “Мана буни олиб қўйингда кетаверинг” дейди кетаверади. Коррупция кучаяди холос бу ерда¸ дейди Наманганлик иқтисодчи, 90-йиллар бошида Ўзбекистон республикасининг Москвадаги Савдо ваколатхонасини бошқариб турган Расулжон Абдумажидов.

Президентнинг қароридан ҳозирча, Тошкентда дўконлари бор баъзи бир чет ширкатларининг ҳам хабари йўқ.

Улардан бири пойафзал савдосига ихтисослашган ЕССО ширкати вакили билан гаплашдик:

Озодлик: Сизларнинг товар растаможка бўлгандан кейин бир йилда сотилиб кетадими?

- Бир йилда жуда нима қилмайдию¸ озгина бўлса ҳам остатка қоладида энди. Оëқ кийимлару энди. Катта размерлар¸ кичкина размерлар қолиб кетади¸ дейди пойафзал савдосига ихтисослашган ЕССО ширкати вакили.

Демак, бу ширкатнинг ҳам “остатка”си 1 июлдан бошлаб мусодара қилиниши мумкин.

Лекин қарорнинг кучи, таҳлилчилар фикрича, бундай хорижий ширкатларга эмас, асосан маҳаллий савдогарларга етади.

Мақолани бошлаётганимиз дақиқаларда Тошкентдан мана бу хабар етиб келди:

"Тошкент шаҳри, Навоий кўчасидаги энг катта "Альбатрос" дўконидан молларини олиб кетишди. 30-40 та КамАЗда икки кун ташишди. Кеча бошланган талончилик бугун кечгача давом этди. Ҳужжатлари билан ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ. Ким олиб кетди, дейсизми? Ким бўларди?! МХХ¸ милиция, божхона, департамент..."

Норасмий манбадан олинган бу хабарни текширишнинг иложи бўлмади. Номи келтирилган дўконнинг телефонига биров жавоб бермади.

Агар бу дўконнинг товари чиндан ҳам мусодара қилинган бўлса, бу ишга президент қарорининг алоқаси йўқдир?

Лекин 1 июлдан бошлаб бундай мусодаралар оммавий тус олмайдими?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG