Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:45

Топган топалоқ...


Ўзбекистон расмий матбуоти хабарларидан¸ расман эълон қилинмайдиган воқеаларнинг билвосита тасдиғини топволиш мумкин...

Ҳозиржавоблик яхши-да!

Ҳозиржавоблик, айниқса, давлат бошқарувида фазилат.

Мана, масалан, 11 май куни Тошкентда газда юрадиган бир автобус портлаб кетди. Газ баллони портлаган, дейишди.

Портлашнию ундан 6 киши нобуд бўлганини норасмий манбалар хабар қилди.

Расмийлар индамади.

Индамадию бир махсус семинар ўтказди.

СА-NEWS хабарига қараганда, семинарда автомобилларга ўрнатиладиган газ баллонлари созлиги тўғрисидаги маълумотлар йиғиладиган ягона информация тизими яратиш режалаштирилган.

Семинарни, хабарда айтилишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўтказган.

Хабарда, шунингдек, янги тизим нимадан иборатлиги тушунтирилганки, қизиққанлар СА-NEWSга кириб ўқиб олар.

Бизни эса, ҳозир бошқа нарса қизиқтиряпти.

"Ҳозиржавоблик қизиқтиряпти-да", дейсизми?

Ҳа, ўлманг!

Лекин бугина эмас.

Масалан, нима учун бундай семинарни портлашгача ўтказмаганлари ҳам қизиқтирмоқда.
Семинарда тилга олинган тизим тўғрисида нима учун аввал-бошданоқ ўйлаб кўрмаганлари қизиқтирмоқда.

Ё хавфсизликни таъминлайдиган тизим яратиш учун 6 киши ўлиши керакмиди?

Портлашу ундан кейин махсус семинар ўтказилгани биз журналистларга норасмий информациянинг расмий тасдиғини қўлга киритишнинг янгича – ўзбекча йўлини ҳам кўрсатиб қўйди.

Семинар ўтказилгани 11 май кунги воқеанинг расмий тасдиғи бўлмай нима?

Тўғри, билвосита тасдиқ. Лекин бевоситаси учун қайга борайлик?

11 май кунгига ўхшаш яна бир воқеа 17 май куни Қашқадарёда юз берганини яна норасмий манба хабар қилди.

Айтилишича, вилоят ҳудудидаги Дашт темир йўл станциясида бензин тўла икки цистерна ва ёғоч ортилган икки вагонга ўт кетган.

Юқорида келтирилган алгоритмдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳафта охирига бориб бензин цистерналари ва ёғоч ташиладиган вагонлар хавфсизлиги мавзуида семинар ўтказилади.

Ўшанда билволамиз, ёнғиннинг чиндан ҳам чиққанини.

Мамлакат ичидаги ахборот воситалари эса, портлаш тўғрисида хабар бермаганидек, ёнғин ҳақидаям индашмайди.

Мамлакат ичидаги ахборот воситалари, бунинг ўрнига, Юнонистондаги молиявий бўҳрону ишсизлик кўламининг кенглигидан гапиради.

Ўзбекистонлик эса, анойи эмас – биз бугун тушуниб етган алгоритмни аллақачон тушуниб етган: Юнонистондаги ишсизлик ҳақида гапиришаяптими, демак, биздаям ишсизлик бор!

Наҳотки, Ўзбекистондаям ишсизлик бўлса?

Бу саволниям билвосита ҳозиржавоб тасдиғи мавжуд.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили республика бўйлаб
1 миллионта янги иш ўрни яратишни режалаштирган.

Яшасин ҳозиржавоблик!
XS
SM
MD
LG