Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:54

Туркия-Бразилия-Эрон битимига шубҳа билдирилди


Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Туркия ва Бразилия воситачилигида эришилган Эроннинг ядровий дастурига оид янги битим юзасидан шубҳа билдирмоқдалар.

Душанба куни Туркия ва Бразилия раҳбарлари иштирокида имзоланган бу битимга мувофиқ, Эрон келгуси бир ой ичида 1200 килограмм уранни Туркияга юборишга эвазига камроқ миқдорда бойитилган уранни тиббий мақсадларда ишлатиш учун олишга рози бўлган эди.

Воситачиларга кўра, бу амаллар Эроннинг ядровий дастури шаффофлигини таъминлайди ва бу борада кенгроқ музокаралар олиб бориш учун имконларни очади.

Аммо Оқ уй расмийлари бунга жиддий шубҳа билан қарамоқда.

- Энг аввало, бу таклиф Атом энергияси бўйича халқаро агентликка тақдим этилиши ва бу агентлик уни кўриб чиқиб, ўз хулосаларини халқаро ҳамжамиятга очиқлаши керак. Барибир бу бизни, лозим бўлса, санкциялар йўли билан Эронни ўз мажбуриятларини бажаришга кўндириш йўлидаги ҳаракатларимиздан тўхтатиб қола олмайди, деди Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс.

Исроил эришилган битимни танқид қилиб, Эронни БМТ жазо чораларидан қутилиб қолиш учун Туркия ва Бразилиядан фойдаланишга уринаётганликда айблади.

Европа Иттифоқи ҳам Туркия ва Бразилия воситачилигида эришилган битимга қарамай, Эрон ядровий дастури борасидаги мавқеи ўзгаришсиз қолаётганини билдирди.

Европа Кенгаши раиси Ҳерман Ван Ромпей Эрон, Бразилия ва Туркия имзолаган бу битим Теҳроннинг ядровий дастури борасидаги шубҳаларни арита олмаслигини қайд этди.

- Европа Иттифоқининг Эроннинг ядровий дастури борасидаги мавқеи ҳаммага маълум ва у ўзгармаган. Эрон ҳалигача ўзи ишлаб чиқаётган ядровий технологиялар борасида мулоқотдан бош тортиб келмоқда. Эрон халқаро ҳамжамиятга ўз ядровий дастурини очиқлаши керак, деди Ҳерман Ван Ромпей.

Россия президенти Дмитрий Медведев эса Туркия ва Бразилия воситачилигида эришилган битимни олқишлади.

- Бразилия ва туркиялик ҳамкорларимиз ҳаракатлари олқишга сазовор. Бу Эрон муаммосини дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳаракатлардир. Лекин бу амаллар Эрон масаласини ҳал этиш учун етарли бўлармикин, барча томонларни қониқтирармикин - бунисини билмайман. Афтидан, бу борада жараёнда қатнашаётган томонлар билан алоҳида маслаҳатлашувлар ўтказиш лозим бўлар, деди Дмитрий Медведев.

Теҳронда Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Силва, Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўртасида имзоланган битимга кўра, Теҳрон Туркияга юборажак уран эвазига ядро ёқилғисини олишга умид қилмоқда.

"Туркиянинг эса ўзида уранни ёқилғи даражасига қадар бойитиш ускуналари йўқ, шундай экан, бу учинчи давлат иштирокисиз амалга ошмайди", дейишмоқда мутахассислар.
XS
SM
MD
LG