Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Қозоғистонда диндорларни қийнаш амалиёти авж олмоқда


Қамоқхонада вафот этган диндор Оқилбек Мўлдасановнинг рафиқаси Балжан Алқиева эрининг бевақт ўлимига қамоқхонадаги қийноқлар сабаб бўлганини айтади.
Қамоқхонада вафот этган диндор Оқилбек Мўлдасановнинг рафиқаси Балжан Алқиева эрининг бевақт ўлимига қамоқхонадаги қийноқлар сабаб бўлганини айтади.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат қамоқхона ва ҳибсхоналарда диндор маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатлари кўпайгани юзасидан ташвиш билдирмоқдалар.

Остонадаги қамоқхоналарнинг бирида вафот этган диндор Оқилбек Мўлдасановнинг рафиқаси Балжан Алқиева Озодлик мухбири билан суҳбатда эрининг қамоқда қийноқлар туфайли вафот этгани ҳақида айтиб берди.

Унга кўра, қамоқхона ходимлари Мўлдасанов ва бошқа бир қанча диндорларга кечки текширувга кечикмаслик учун шом намозидан воз кечиш талабини қўйишган.

Диндорлар намоз ўқишдан бош тортмасликларини билдиргач, назоратчилар маҳбусларнинг қамоқхона ички тартибига бўйсунмаганлари учун уларга нисбатан турли қийноқлар қўллай бошлаганлар.

Диндор Оқилбек Мўлдасановнинг рафиқаси Балжан Алқиева ана шуларнинг бири ҳақида гапиради.

- Бизнинг эрларимиз ҳаммомга кирганларида ечинишлари мумкин, фақат маълум бир даражагача. Белдан ва тиззагача эркак учун аврат ҳисобланади. Бизнинг эрларимиз ҳаттоки ҳаммомга ҳам шортда (калта шимда – таҳр.) киришарди. Қамоқда эса уларнинг қўлларига сочиқ ва челак бериб, яланғоч ҳолатларида ҳаммомга киритишмоқчи бўлишган, дейди Балжан Алқиева.

Остона шаҳрида Оқилбек Мўлдасанов билан бир қамоқхонада жазо муддатини ўтаган ва қийноққа дучор қилинган ўттиз диндор “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб, 2005 йилда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган қозоғистонликлардир.

Балжан Алқиеванинг Озодликка айтишича, эри қамоқда темир буюм билан қаттиқ калтакланганидан сўнг, диндор Оқилбек Мўлдасанов 2009 йил охирида қамоқда вафот этган.

Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари Мўлдасановнинг айнан нима сабабдан жон бергани бўйича унинг қариндош-уруғларига экспертиза текширувини ўтказишга рухсат беришмаган.

Ўз исмини айтишни истамаган қамоқдаги яна бир диндорнинг рафиқаси айни пайтда қамоқдаги диндорларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари, ҳусусан, махфий хизмат ходимлари томонидан амалга оширилаётганини айтади.

- Мен ички ишлар департаменти ва Қозоғистон махфий хизмати ходимларига мактуб ёзиб, “балки Оллоҳ сизларнинг ҳам асл мусулмонлар бўлишингизни истаб, бизнинг эрларимизни сизларга дучор қилаётгандир, шунинг учун улар сизларга даъват қилаяптилар. Ҳар ким охиратда ўз қилмишига ўзи жавоб беради, шунинг учун диндорларни қийнашдан аввал, шулар ҳақида бир ўйлаб кўринглар”, деб ёздим. Аммо ҳозирча хатимда ёзилганларга эътибор берилаётгани йўқ, дейди диндор аёл.

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар маълумотларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда қийноқ қўлланилгани бўйича фуқаролардан тушаётган шикоят аризалари сони кўпайиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Остонадаги ваколатхонаси ходимларига кўра, 2005 йили ваколатхонага қийноқ қўлланилгани бўйича 64 та шикоят аризаси келиб тушган бўлса, 2009 йили бундай аризалар сони 286 тага етган.

- Республикада қийноқ қўлланилгани юзасидан келиб тушган шикоят аризаларини ўрганиб чиқиш бўйича самарали, холис ва тезкор текширув ўтказиш механизмининг йўқлиги масаласи ҳали-ҳануз очиқлигича қолмоқда. Ҳозирги пайтда қийноқ қўлланилгани юзасидан шикоят аризаларини айнан ўша қийноқ қўллаган органлар ходимларининг ўзлари кўриб чиқмоқдалар, деди Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Остонадаги ваколатхонаси раҳбари Анара Ибраева.

Эслатиб ўтсак, 2009 йил охирида қозоқ қамоқхоналарининг бирида яна бир диндор - Азамат Каримбоев қаттиқ қийноқлардан сўнг вафот этгани ҳақида хабар қилгандик. Ўшанда ҳам Қозоғистон Бош прокуратураси диндорнинг айнан нима сабабдан вафот этгани бўйича экспертиза ўтказилишига изн бермаганди.

Аммо Озодлик мухбирлари Каримбоевнинг жасади қамоқхонадан олиб чиқилгач, унинг танасида даҳшатли қийноқ излари борлигига гувоҳ бўлгандилар.
XS
SM
MD
LG