Линклар

Тожикистонликларни калтаклаган хитойликлар қамалди


Душанбе ва Пекин ўртасидаги ўзаро муносабатлар яхши экани айтилса-да, Тожикистон ва Хитой фуқаролари ўртасидаги ўзаро муомалани охириги пайтларда илиқ деб бўлмайди.

Душанбе ва Пекин ўртасидаги ўзаро муносабатлар яхши экани айтилса-да, Тожикистон ва Хитой фуқаролари ўртасидаги ўзаро муомалани охириги пайтларда илиқ деб бўлмайди.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида тўрт нафар хитойлик 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Хорижликлар икки нафар тожикистонликни беаёв калтаклаганликда айбландилар.

Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туман судидаги маҳкамага раислик қилган Илҳом Қодировнинг айтишича, судланган хитойликлар Зарнисор посёлкасида жойлашган “China Global New Technology Export & Import” ширкати ишчилари ҳисобланади.

- Хитой Халқ Републикасининг 10 нафар фуқароси жорий йил 4 январ куни Зарнисор посёлкасида икки тожикистонликни аёвсиз калтаклашган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, хитойликлар тожикистонликларни темир буюмлар билан уриб, оғир жароҳат етказишган. Бундан ташқари, чет эл фуқаролари тожикистонликларнинг енгил автомашинасини темир бўлаклари ва тош билан уриб синдиришган. Милиция вакиллари фақат тўрт хитойликни ушлашга эришган, деди Мастчоҳ туман суди ҳаками.

Илҳом Қодировнинг сўзларига кўра, ХХР фуқаролари Жанг Мингхуа, Су Луе, Жанг Мингао ва Гао Мингуалар сўғдлик Мирзоқаюм ва Ҳайём Шариповларга жисмоний ва иқтисодий зарар етказганликда айбланиб, Тожикистон Жинойи Кодексининг икки моддасида (безорилик ва мол-мулкка зарар етказганлик) айбланиб, беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилганлар.

Бироқ хитойликлар маҳкама қароридан норозилик билдириб, ариза ёзишган. Хитойликлар адвокати Асқар Турсуновнинг айтишича. Мастчоҳ туман суди хитойликларга нисбатан қаттиқ жазо қўллаган. Адвокат хитойликлар ва тожикистонликлар ўртасида бўлиб ўтган жанжал тафсилотларинин айтиб беришни истамади.

- Бу тергов манфаатидан келиб чиқадиган сир, ошкор қилиб бўлмайди. Фақат шуни айтишим мумкинки, айни пайтда менинг ҳимоямда бўлган чет эл фуқаролари ёзган ариза вилоят судига топширилган, деди ҳимоячи.

Ўз навбатида, жабрдийда сўғдликлар ҳам вилоят судига шикоят аризасини ёзишган. Уларнинг сўзларига кўра, туман суди фақат етказилган жисмоний зарар юзасидан хукм чиқарган.

- Хитойликлар маҳаллий қизларга тегажоғлик қилишганда Мирзоқаюм ва Ҳайём улар ёнини олган. Кейин қизларни машинага ўтқазиб, уйларига олиб бориб қўйишган. Хитойликлар эса тош ва арматуралар билан қуролланиб, қариндошларимга ҳужум қилишган. Улар томонидан хароб қилинган енгил автомашина қиймати маҳкама томонидан эътиборга олинмаган. Зеро, автомашинага етказилган зарар уч минг АҚШ долларига тенг, дейди жабрдийдалар қариндошларидан бири.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда биринчи марта ХХР фуқаролари маҳкамага тортилмоқда. Бироқ хитойликлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Аввалроқ Хўжанд шаҳрининг 19-мавзеида тўртта юк машинасида келган хитойликлар хўжандликларни тошбўрон қилган эдилар. Ўшанда хитойликлар учта дўкон ва иккита енгил автомашинага зарар етказишганди. Саккиз сўғдлик касалхонага ётқизилган. Бироқ қандайдир сабабларга кўра, хитойликлар жазога тортилмаган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG