Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:25

Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари хавотирда


Қозоғистондан бошпана топган ўзбек қочқинларининг бундан буён тақдирлари қандай кечишини билмай, бошлари қотган.
Қозоғистондан бошпана топган ўзбек қочқинларининг бундан буён тақдирлари қандай кечишини билмай, бошлари қотган.

Қозоғистондан бошпана олмоқчи бўлган ўзбекистонлик қочқинлар қозоқ миграция идораси ходимлари томонидан “мужоҳид” ва “террорчи” дея босимга учраяпти.

Жорий йил апрел ойидан эътиборан Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилиши ҳақида аввалги лавҳаларимизда хабар қилгандик.

Бунга жорий йил январ ойида Қозоғистон ҳукумати қабул қилган “Қочқинлар тўғрисида”ги қонун сабаб бўлганди. Энди республика миграция хизмати ўзи лозим деб топган кишига қочқин мақомини беради. БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эса бундан буён бу жараёнда фақат кузатувчи ва маслаҳат берувчи вазифасини ўтайди.

Кеча БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонасига йиғилган 50 дан зиёд ўзбек, қирғиз ва Хитойдан қочган уйғур қочқинлари бу хабардан норози бўлганларини маълум қилдилар.

- Янги қарор чиққандан буён қочқинлар у қачон кучга кирди, нималар бўлаяпти - аниғини билганимиз йўқ эди ҳали. Ҳали бунақанги собрание бўлгани йўқ эди. Энди Қозоғистонда шунақанги қарор чиқдики, энди ООН да статус олганлар ҳам миграцион службада бошқатдан кўрилиб, энди Қозоғистон томони ҳам тасдиқлаш керак қочқинлик статусини, деб йиғишди. Статус олганлар ҳам, ҳужжати учинчи давлатга кетганлар ҳам қайта миграция службасида интервюдан ўтиши керак экан. Буларнинг кетишига қозоқ томонининг ҳам розилиги керак. Бунга кўпчилик қочқинлар қарши бўлдик, чунки биз БМТга бошида ҳужатлар топширганимизда, ҳар қандай маълумотларинг сир сақланади, дейилганди. Энди бизнинг қочқинлар устидан ҳукм чиқариб, бунақанги қарор қабул қилишганига “Нимага аввалдан огоҳлантирмадиларинг?” деб кўпчилик ўз эътирозини билдирди, дейди Матлуба исмли ўзбек қочқин аёли.

Унинг айтишича, БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси ўз ҳаётидан қаттиқ ҳавотирда бўлган қочқинларни тинчлантиришга уринган.

- “Агар Қозоғистонда ўзбек қочқинларига хавф туғилганда нима ёрдам бера оласизлар?” дейишса, “ҳали бизда унақа шароит бўлмаган, бўлмайди ҳам, биз ўзимизнинг ҳимоямизга оламиз”, деб катта ваъдалар беришди, дейди Олмаотадан бошпана топган ўзбек қочқини.

Қозоғистон ҳудудида бошпана топган ўзбек қочқинларининг қозоқ махфий хизматлари томонидан таъқиб қилиниши, уларнинг ойлаб ҳибсда сақланиши ҳамда ўзбек қочқинларининг Қозоғистон ҳудудида бедарак йўқолиши ҳолатлари аввал ҳам кўп учраган.

Эндиликда бошпана излаш ниятида Қозоғистонга келган қочқинлар қозоқ миграция органи ходимлари томонидан босимга ва ҳақоратларга дучор бўлаётганлари кузатилмоқда.

- “Бу нима БМТда олган статусларинг, у ҳеч нима” дейишаяпти у ерда. “Биз ҳал қиламиз”, дейишаяпти. Худойберди Ахунов исмли қочқинга “сенлар мужоҳид, террорчисанлар” дебди миграция службасидаги аёл. Ўша аёл “мужоҳидсан, нимага келгансан бу ерга, тинч-ку Ўзбекистонинг, Ўзбекистонингда юраверсанг бўлмайдими?” деб, мана шунақанги угрозалар қилишаяпти, менсишмаяпти. Инсонни инсондек кўришмаяпти, ҳудди биз енгил ҳаётдан келгандек, ўзимиз тўқиб, қочиб келгандек. Мана шу аёл бизларга ҳақоратлар қилди, дейишди, дейди Матлуба.

БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси мазкур йиғилишда журналистларнинг иштирок этишига рухсат бермади.

Аввалроқ қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари қочқинлар тақдирини ҳал этиш қозоқ ҳукумати ихтиёрига ўтгач, давлат амалдорларининг қочқинларни бесабаб овора қилиши, уларнинг аризаларини қабул қилмаслиги ёки ундан ҳам даҳшатлиси, ҳаёти хавф остида бўлган қочқинни юртига қайтариб юбориш мумкинлигини таъкидлашганди.

Қочқинлар йиғилишида иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живаго қозоқ миграция органларининг қочқинларга нисбатан бундай муомала қилганини истисно қилиб бўлмаслигини қайд этади.

- Биз қочқинларга барча ҳолатлар бўйича ёрдам бериб, улар билан ишлаб, миграция органи ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича шикоят аризалари берамиз. Ҳозирча биз миграция хизматининг илк ечимларини кутамиз. Агар улар қочқинларга рад жавоблари берса, уларни ҳал қиламиз, деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Эслатиб ўтсак, 2009 йилдаги маълумотларга кўра, БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонасига Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойдан келган қочқинлар кўпроқ мурожаат қилади.

Ўтган йили ваколатхона рўйхатга олинган бошпана изловчилар орасида кўпчиликни ўзбекистонликлар ташкил этишини билдирганди.
XS
SM
MD
LG