Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Ўзбекистон ўз чегарасини мустаҳкамламоқда


Қорасувликларга кўра¸ авваллари битта аскар турган жойда ҳозирда олтита ўзбек аскари турибди.
Қорасувликларга кўра¸ авваллари битта аскар турган жойда ҳозирда олтита ўзбек аскари турибди.

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини қўриқлашни кучайтирмоқда. Чегара ҳудудидан ўзбек томонининг ўз махсус ҳарбий техникаси, аскарларини кўпайтираëтгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли Озодлик мухбирларига Ўзбекистон томонидан чегара кучайтирилганлигини хабар қилди. Қорасув бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Иномжон бу хабарни тасдиқлайди.

Озодлик: Иномжон чегарага яқин турасизми?

- Ҳа¸ чегарага яқин жойда тураман.

Озодлик: Сиздан узоқлиги қанча?

- Тахминан¸ умуман чегаранинг ўзи¸ таможня дегани 500 метрча бор. Чегарадан 200 метрча бу ëқда тураман.

Озодлик: Айни пайтда чегарада нима бўлаяпти? Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини кучайтираяпти¸ деган маълумотлар бор. Ҳақиқатан шундай бўлаяптими?

- Мен ўзим бозорда савдо қиламан. Келган одамлардан “Қанақа бўлаяпти” деб сўрайман. Гоҳида ўзим ҳам чегарага бораман. Улар “Солдатларга озгина пул бериб нолегал йўллар билан ўтаяпмиз. Марказий йўлдан умуман ўтказмаяпти” дейди.

Озодлик: Демак¸ Ўзбекистон томонидан сизларга мана шу савдогарлар келишаяпти барибир-а?

- Ҳа. Биздан айланма йўллар кўпда барибир. Ўша ерлардан ўтишаяпти.

Озодлик: “Ўзбекистон томони Қирғизистон билан чегарага ҳарбий техника қўйибди. Кучайтирилибди жуда ҳам¸ чегарачилар жуда кўпайибди” дейишаяпти.

- Шундай гаплар бор. Чегаралар мустаҳкамланиб¸ янада ҳалиги спецгруппаларни олиб келишиб жуда мустаҳкамлаяпти¸ деган гаплар бор. Ўзбекистон томонда таможнядамаску¸ ëнбошида чегара давомида солдатлар ҳар доимги¸ одатий ҳолдан кўра кўпроқ.

Озодлик: Кўплиги қанча? Сиз Қорасув туманида яшасангиз¸ кўрасиз. Илгари қанча эдию ҳозир қанча?

- Илгари таможнядан бошқа жойларда иккита-иккита юришарди. Ҳозир олтита-олтита қилиб юрадиган қилиб қўйди. Унақа қуролларни ҳали кўрганимиз йўқ. Лекин солдатларни кўпайтириб юборганлиги ва спецгруппаларни олиб келиб қўйганлиги аниқ. Ўзимиз кўрдик ҳам ўша ерда. Ўтган одамлар ҳам “Жуда қаттиқ бўлиб кетди ўтиш” дейишади.

Озодлик: Спецгруппа деганингиз кимлар?

- Махсус чегара учун тайëрланган одамларда. Ким билади¸ яна қанақа спецгруппалар бўлиши мумкин уларда. Уларнинг спецлиги аниқда. “Нолегал ўтаëтганлар солдатларга одам бошига 10 минг¸ кези келганда 20 минг беришаяпти. Гоҳида кечаси ўтишга мажбур бўлиб қолади. Унда ундан ҳам кўпроқ беришга тўғри келади” дейишади. Бу ëқдан мол олиб кетаëтганлардан хабарим йўқку¸ келганлардан сўраб турамизда. “Ўтдингларми? Йўллар қанақа? Очилиш арафасидами?” деб сўрасак¸ “Йўқ¸ ўтиш ниҳоятда қийин бўлиб кетди. Пул бериб ўтаяпмиз” дейишади. Лекин бозорга таъсири бўлиб бозорлар ҳам сусайиб кетди¸ одамларнинг кўпи ўта олмаганидан. Ўтганлар амаллаб¸ пул бериб ўтаяпти¸ дейди Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан бўлган Иномжон.

Яна бир қорасувлик Азизулло ҳам чегарада аскарлар сони ортганлигини айтади:

- Чегараларда¸ кўрган бўлсангиз¸ сим тортилган. Ўша пайтда солдатлар биттадан турган эди. Ҳозир олтитадан қаттиқ¸ кучли қуролларда туришибди. Ҳозир Ўзбекистонга Қирғизистон томондан ўтишнинг умуман иложи йўқ. Ўзбекистон тарафда танклар бор.

Озодлик: Сиз кўрдингизми ўша танкларни?

- Биттасини кўрдим.

Озодлик: Қаерда турибди ҳозир ўша танк?

- Ҳозир Ўзбекистон чегарасида турибди.

Озодлик: Қачон кўрган эдингиз буни?

- Уч кунча бўлди, деди қорасувлик Азизулло.

Озодлик суҳбатлашган қирғизистонликларга кўра¸ Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Қорасув туманидан ташқари, бундай ҳарбий кучайтирув Қирғизистоннинг Аравон, Жалолобод туманларида ҳам сезилган.

Мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова¸ Ўзбекистон томонининг Қирғизистон билан чегарадаги ўз ҳарбий техникасини кўпайтиришини "тушунса бўладиган ҳол"¸ дея изоҳлайди:

- Ўзбекистон чегарасининг харбий техника билан кучайтирилиши бу давлатнинг табиий реакцияси. Бунга Жалолободдаги сўнгги воқеалар туртки бўлган, деб ўйлайман. У ерда икки фуқаро ҳалок бўлди, 60 дан ортиғи яраланди. Чегарани қулфлашдан мақсад Қирғизистондаги беқарорликнинг Ўзбекистонга кирмаслигини таъминлашдир, дейди Марказий Осиё бўйича россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Фарҳод Толипов эса¸ Ўзбекистон томонининг Қирғизистон билан чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий техника олиб келаëтгани ҳақидаги хабарни охиригача текшириш кераклигини таъкидлайди:

- Бу маълумотларни охиригача текшириш керак¸ деб ҳисоблайман. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ва умуман иккита давлат муносабатларида бундай вазиятлар бўлган. Яъни турли хил маълумотлар тарқатилиб¸ кимгадир керак бўлгандир шундай маълумотлар¸ аслида содир бўлмаган воқеаларни содир бўлгандек кўрсатганлар бўлган. Бугунги сўраëтган масалангиз бўйича маълумотнинг қанчалик ростлигини яна қайта текшириш керак. Бу бир, дейди Фарҳод Толипов.

"Иккинчидан¸ агарда масалага мантиқан ëндашсак¸ бундай ўзини изоляция қилишдан¸ қўшни давлат билан чегарани ëпишдан Ўзбекистон мутлақо манфаатдор эмас"¸ дея фикрини давом эттиради ўзбекистонлик кузатувчи Фарҳод Толипов

- Бундай қараганда¸ ҳеч ҳам манфаатдор эмас. Ҳозирги ҳукумат ҳам¸ раҳбарият ҳам¸ қолаверса оддий фуқаролар ҳам бундай қўпол равишда дейлик¸ чегарани ëпиш ëки ҳарбий амалиëтларни кучайтиришдан манфаатдор эмас. Нормал чегара бўлиб қолиб ҳаëт давом этаяпти. Мана шундай борди-келдиларни давом эттиришдан манфаатдор¸ холос. Мана шу иккинчи тушунтириш. Бунақа изоляция қилиш манфаати ҳозир йўқ Ўзбекистонда, деган фикрни билдиради ўзбекистонлик Фарҳод Толипов.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги сўнгги жараëнлар ҳақида Озодликка изоҳ берган Қирғизистон Давлат чегара хизмати¸ Ўзбекистон ўз чегараларини Қирғизистон жанубида юз берган сўнгги воқеалар туфайли кучайтирганини билдирди.

Ўзбекистон чегара хизмати эса ҳозирча бу борада маълумот тарқатганича йўқ.
XS
SM
MD
LG