Линклар

logo-print

Чита мусулмонлари тазйиқ остида


Читадаги масжид намозхонлари мунтазам кузатув остида қолмоқда.

Читадаги масжид намозхонлари мунтазам кузатув остида қолмоқда.

Россиядаги Чита Ислом жамоаси фаоллари тинимсиз текширишларга маҳаллий терроризмга қарши кураш бўлимлари ва ФСБ томонидан уюштирилаётган провокация деб қарамоқдалар.

Бир неча ойдирки, Чита мусулмонлар жамоаси қўрқув остида яшаб келмоқда: Чита ички ишлар тизимлари томонидан уюштирилаётган тўхтовсиз “текширишлар” давомида диндорлар ва масжидларга сохта “ашëвий далиллар” ташлаб кетилмоқда, масжидга қатновчилар яширинча видеотасвирга туширилиб маҳаллий телевидение орқали “навбатдаги жиноий гуруҳ” сифатида фош этилмоқда. Шунингдек, масжид имомлари жамоатчилик ва видеокамералари олдида ҳибсга олиниб, ҳеч қандай айблар эълон қилинмасдан яна қўйиб юборилмоқда. Федерал хавфсизлик хизмати ҳам мусулмонларни эътибордан четда қолдираётгани йўқ.



Байкалорти ўлкаси Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Евгений Жеребцов Озодлик билан суҳбатда Чита мусулмонлар жамоаси орасида ўтказилаётган текширишлар бевосита мусулмонларга қарашли эмаслигини таъкидлайди:

- Портловчи моддаларни тайёрлашда айбланаётган бир қатор шахсларнинг Чита шаҳрида бўлиши мумкинлиги тўғрисида бизга оператив маълумот келди. Шу маълумотни текшириш мақсадида биз мазкур текширишларни ўтказдик. Бу шахслар қўлга олинди.

Озодлик: Шу сабабли айнан масжидларда қидирув бошландими?

- (кулиб) Бу оператив маълумотни текшириш учун қилинди, холос. Топилган портловчи моддаларнинг террорчилик уюштириш мақсадида ясалмаганлиги аниқланди. Портловчи моддаларни ясаган шахслар Шимолий Кавказ террорчилик гуруҳларига мансуб эмаслиги ҳам текширув натижасида аниқланди, деди Байкалорти ўлкаси Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Евгений Жеребцов.

Лекин оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, кучишлатар тизимлар томонидан Чита шаҳрида уюштирилаётган текширувлар¸ асосан диний жамоалар тўпланадиган жойларда амалга оширилмоқда.

Бу маълумотни тасдиқлаган Чита мусулмонлар жамоаси фаоли Муҳаммад Расул¸ айниқса¸ байрам олдидан бундай текширувлар шиддатли тус олганини айтади:

- Бир неча бор масжидимизга келиб биродарларимизни олиб кетишди, Ички ишлар бўлимларида сўроққа тутишди. Аллақандай айбловлар қўйилди, ҳатто уйлардан олиб кетишди. Итлар билан масжидга кириб бордилар. Телевизор орқали эса “Мана, террорчиларни қўлга олдик!” , деб намойиш қилишди. Одамларга кўчага чиқмасликни тавсия қилишди, қўрқитишди.

Тўғриси бу ишларнинг нима учун бу уюштирилаётганини ўзим ҳам тушунганим йўқ. Нима учун уларни айнан масжид қизиқтириб қолганини тушунмаяпмиз. Ахир Ислом террорчиликка қарши, у фақат яхшиликка чорлайди одамларни... Балким, Москвадаги портлашдан кейин Россия бўйича ички ишларнинг мусулмонларга эътибори кучайган, билмадим. Текширишлар¸ айниқса¸ март ойидан кейин кучайди, мана май ойига келиб авжига чиқди, дейди Чита мусулмонлар жамоаси вакили Муҳаммад Расул.

Озодлик: Масжиддан қандайдир портловчи модда топилган¸ деган хабар олган эдик...

- Бизни тинтув қилишга келишди..Бир кун олдин ҳам келиб кетишган эди. Масжидимиз икки қаватдан иборат. Барчамизни иккинчи қаватга чиқаришди. Кейин ҳаммани пастги қаватга туширишиб юзаки тинтув қила бошладилар. Эртаси куни яна бир бор келишди. Бу гал ордер билан, қонунан ҳужжатларни тўғрилаб келишди.Ҳамма жойни текширдилар. Кейин кабинетлардан бирида портловчи модда топилди, Муса исмли биродарларимиздан бирини қўлга олиб кетишди. Қўлидан портловчи модда заррачалари топилган экан. Бу ўрамани яхшилаб кўришгани ҳам йўқ: очмасдан, битта қарашда уни портловчи модда эканлигини маскадаги ходимлардан бири тасдиқлаб берди ва олиб кетишди. На сапëр, на бошқа мутахассис келди... Муса ҳозир қамоқда қолмоқда. Бошқа биродарларимиз уйларида ҳам тинтув ўтказилди, дейди Муҳаммад Расул.

"Нима учун Муса портловчи моддани айнан текширувлар тинимсиз бўлаётган масжидга яширди?" деган саволга Муҳаммад Расул¸ бу иш ички ишлар ходимларининг “ёрдамисиз” бўлмаганига ишонмаслигини айтди:

- Биласизми, бизнинг ҳовлимиз жуда катта. Бизда бир нечта гаражларимиз, бошқа қўшимча биноларимиз борки у ерда бемалол ҳоҳлаган нарсангизни яшириб қўйиш мумкин. Бирорта ит топмайди! Нима учун айнан болаларимизга араб тили, Ислом асослари ўтиладиган дарсхонада яширинганини ҳеч қайси мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Бизда доимий қатнайдиган 400 яқин сингил-биродарларимиз бор. Байрам кунлари эса масжидимизга келувчилар сони мингдан ошади, дейди Чита мусулмонлар жамоаси фаоли Муҳаммад Расул.

“Новый Регион” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, кучишлатар тизимлари текширишлари натижасида Чита масжидларида “Россия миграция қонунчилигини бузаётган” кўп сонли Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари аниқланган. Чита мусулмонлар жамоасининг асосий қисмини Марказий Осиё мамлакатларидан борганлар ташкил қилишини билдирган Фирдавс исмли тожикистонлик йигит Читадаги бугунги вазиятнинг анча сокинлашганини айтади:

- Ҳозирча тинчиб қолди. Имомимизни олиб кетишгандан кейин тинчиди сал. Билмадим, уларнинг мақсади нима эканини. Мени ҳам бир маротаба олиб боришди, тинтув қилишди, бармоқ изларини олишди. Хужжатларим жойида эканлигини кўриб қўйиб юборишди.

Фуқаролиги бўлмаганлар¸ албатта¸ кўчада бемалол юра олмайди. Жамоамиз ўзи аксарияти ўзбек-тожиклардан иборат. Масалан, жумага 400 одам келса 300таси ўзимизникилар, дейди Чита мусулмонлар жамоаси аъзоси Фирдавс.

Россия федерал Адлия бошқармаси маълумотига кўра, бугунги кунда Байкалорти ўлкасида 14 диний конфессия мавжуд. Энг йирик диний бирлашмалардан ҳисобланмиш мусулмон жамоалари сўнгги йилларда¸ асосан¸ Марказий Осиёдан келаётган муҳожирлар ҳисобига кўпайиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG