Линклар

logo-print

Қирғизистон муваққат ҳукумати 19 май куни ўтадиган навбатдан ташқари йиғилишида Роза Ўтунбоевага вақтинчалик президент ваколатини бериш масаласини муҳокама қиладилар.

Мазкур хабарда айтилишича, Роза Ўтунбаева ўтиш даврида, яъни президентлик ва парламент сайловлари ўтгунга қадар президент вазифасини бажаради. Муваққат ҳукумат аъзолари бунинг учун Роза Ўтунбаева партия сафидан чиқиши кераклигини шарт қилиб қўймоқдалар.

Президент ваколатларини вақтинчалик бажариш орқали Роза Ўтунбаева бўлажак парламент ва президентлик сайловларида қатнашиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.

Агар муваққат ҳукумат Роза Ўтунбаева масаласида муайян бир қарорга келса, бу борада декрет қабул қилинади ва Роза Ўтунбаевани президентлик вазифасини бажарувчи лавозимига сайлаш масаласи 27 июнда ўтадиган референдумга қўйилади.

Айтиб ўтиш лозимки, Роза Ўтунбаевага президентлик ваколатлари референдум орқали ўтказиб берилиши муваққат ҳукуматни легитимлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлади.

Муваққат ҳукумат раисига президентлик ваколатларининг берилиши масаласининг кўтарилишига партияларнинг парламент сайловларига тайёрлана бошлагани белгисидир.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев бу борада ўз позициясини билдириб:

- Муваққат ҳукумат аъзолари ўз партияларини парламент сайловига олиб борадилар. Лекин сайловда қатнашиш учун биз ҳукуматдаги ваколатларимизни топширишимиз керак. Шунинг учун ҳам парламент ёки президентлик сайловларида қатнашишдан тийиладиган ва сайловлар ўтгунга қадар конституция гаранти сифатида туриб берадиган бир одамга вақтинча президентлик ваколатларини беришимиз лозим бўлади, деган эди.

Айтиб ўтиш лозимки, муваққат ҳукумат турли партиялар, жамоатчилик ва диний конфециялар, турли миллатлар вакилларидан иборат 75 кишилик конституциявий кенгаш кўмагида янги таҳрирдаги конституцияни ишлаб чиқди. Бу Конституция матни 20 май куни эълон қилинади.

27 июн куни эса конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказилади. Парламент сайловлари эса 2010 йил октябрига режалаштирилган. Президентлик сайлови эса 2011 йил октябрида ўтказилади, деган маълумот бор.

Агар 27 июн куни ўтадиган референдумда Роза Ўтунбаевага президентлик ваколатлари берилиши халқ томонидан тасдиқланса, унда муваққат ҳукумат раисаси бир ярим йил давомида мамлакатни бошқаради.

Бироқ янги конституцияга кўра, Қирғизистон президенти конституция гаранти ва сиёсий инқироз даврида ҳукумат бутоқлари ўртасида ҳакамлик қилишдан бошқа ҳеч қандай ваколатларга эга эмас.

Қирғизистон янги конституциясида мамлакат парламент республикаси сифатида эътироф этилади.
XS
SM
MD
LG