Линклар

logo-print

Украинанинг “Метинвест” гуруҳи Ўзбекистонда табиий газ қазиб олишда иштирок этмоқчи. Бу ҳақда “Метинвест Холдинг” бошқарув ширкати бош директори Игор Сирий Украина-Россия иқтисодий форуми мажлисида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, сўнгги бир неча йил мобайнида “Метинвест” Марказий Осиё мамлакатлари газ транспорти тизимини ривожлантириш учун юз миллионлаб доллар сармоя ётқизган, бу эса Россияга минтақадан импорт қилинаётган газ ҳажмини оширишга имкон берган.

- Эндиликда биз Ўзбекистон газ конларидаги ўз улушларимизни расмийлаштириш жараёнига келдик, дея иқтибос келтиради “Украина янгиликлари” Игор Сирийдан.

“Метинвест Холдинг” бош директори анжуманда иштирок этаётган Россия президенти Дмитрий Медведевдан “Бу газни олиб келишда Россия газ етказиб бериш тизимидан фойдаланиш бўйича Россия ёрдамига умид қилса бўладими?” деб сўради.

Медведев Марказий Осиё мамлакатларидан газни Россия ҳудуди орқали Украинага транзит қилиниши мумкинлигини истисно қилмади, бироқ бу барча манфаатдор томонларнинг ўзаро келишувига асосланиши лозимлигини қайд этди.

- Бу мавзу ҳеч қачон истисно қилинмайди, аммо бу келишув икки томонлама бўлиши мумкин эмас. У доим уч томонлама бўлади ва пировардида бу бизнинг ўзбеклар ёки бошқа ҳамкорлар билан, масалан, туркманлар билан келишувларимизга боғлиқ бўлади, деди Дмитрий Медведев Киевда ўтган Украина-Россия иқтисодий форумида қилган чиқишида.

Ўзбекистон газини қазишга даъвогарлик қилаётган “Метинвест” гуруҳининг ҳиссадорлари Украинанинг энг катта олигархи Ринат Ахметовнинг SCM гуруҳи (75%) ва “Смарт-холдинг” ширкатлар гуруҳи (25%) бўлиб ҳисобланади.
Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG