Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Россия Тожикистондаги ўз болаларни эвакуация қилмоқчи


Россия бош санитар врачи Онишенко Тожикистонда полиомелитнинг тарқалиши сабабларини бу мамлакатда содир бўлган қатор сув тошқинларида, деб билади.
Россия бош санитар врачи Онишенко Тожикистонда полиомелитнинг тарқалиши сабабларини бу мамлакатда содир бўлган қатор сув тошқинларида, деб билади.

Расмий Москванинг бу қарори Тожикистонда полиомиелит кенг тарқалаётгани сабабли қабул қилингани айтилмоқда. Айни пайтда тожик расмийлари Россия ҳукумати ташвишлари ўринсизлигини қайд этмоқдалар.

Россия ҳукуматининг янги қарори бу мамлакат Бош санитар врачи Геннадий Онишенко томонидан эълон қилинган.

“K2K news” сайтининг ёзишича, Онишенко ҳукумат қарорини Тожикистонда полиомелит кенг тарқалаётгани билан изоҳлаган.

У ёйинлаган расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Тожикистонда полиомелит билан касалланган 360 киши қайдга олинган ва яна бу вирус туфайли 10 та ўлим ҳолати аниқлангани.

- Май ва июн ойлари давомида биз болаларни бу мамлакатдан олиб чиқиб кетишга ҳозирлик кўраяпмиз, дея маълум қилган Россия бош санитар врачи.

Онишенко Тожикистонда полиомелитнинг тарқалиши сабабларини бу мамлакатда содир бўлган қатор сув тошқинларида, деб билади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Тожикистонда тахминан мингга яқин россиялик болалар яшайди. Улар асосан Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси ва бу мамлакатнинг Душанбедаги элчихонаси ходимларининг фарзандлари экани айтилмоқда.

Аснода расмий Москванинг россиялик болаларни эвакуация қилиш режасига эътирози йўқлигини билдираётган Тожикистон расмийлари Россия расмийларининг ташвишланишига асос йўқлигини таъкидламоқдалар.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Шамсиддин Жобиров эса Онишенко ёйинлаган маълумотларни рад этди.

- 1 январдан шу кунгача олинган маълумотларга кўра, мамлакатда 390 киши полиомиелитда гумонланган ва уларнинг қони Москвага юборилган эди, шундан 83 таси тасдиқланди. Ўлим ҳолати бўйича эса битта бир яшар бола шу касалдан вафот этди, дея билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Жобиров.

У россиялик болаларнинг эвакуация қилинишига ҳеч қандай қаршилик йўқлигини айтар экан, “Биз полиомиелитга қарши 6 ёшгача болаларни ёппасига эмлаш бўйича миллий тадбир бошлаганмиз ва бу уч босқичда олиб борилади. Россиялик болалар шу вакциналарни қабул қилганларидан сўнг бемалол кетаверишлари мумкин, бунга ҳеч бир қаршилигимиз йўқ, дея қўшимча қилди Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси.

Айни пайтда Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси масъулларидан бири Александр Зимсов россиялик болалар эмланаётгани, аммо у томондан болаларни эвакуацияга ҳозирлаш борасида бирор расмий топшириқ бўлмаганини билдирди.

Рус болаларини эвакуацияга тайёрлаш борасидаги хабар Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари томонидан тасдиқланди.

Тожикистондан россиялик болаларни ўз ватанига олиб чиқиб кетишга ҳозирлик кўрилаётган бир пайтда россиялик врачлар Россиядаги тожикистонлик болаларнинг ватанларига қайтишига қаршилик кўрсатишаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Россиянинг Свердловск шаҳрида яшаб турган Малика Ортихолова бу борада шундай дейди:

- Тўртта болам бор. Бугундан ҳаммасини эмлаттирдим. Бу иш Россияга келган 9 яшар қизчада шу вирусни аниқлашгандан кейин бошланди. Врачлар Россияда 100 та бола шу касални юқтирганини айтаяпти, лекин улар тожикистонликларми, россияликларми - бизга номаълум. Шу ҳафта Душанбега кетмоқчи эдим, шифокорлар қўйишмаяпти, “у ёқда смертелний касал тарқалган, кетишга рухсат йўқ”, дейишаяпти, дейди Малика.

Суҳбатдошимиз шу кунларда Россия телеканаллари ва радиоларида Тожикистонда тарқалган полиомиелит хавфи ва унинг Россияда ҳам тарқалиши олдини олишга доир кенг кўламли дастурлар тақдим қилинаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошларида Россия бош санитар врачи Онишенко мамлакат ҳукуматига Тожикистондан қуруқ мевалар импортини таъқиқлашни ҳам тавсия қилган эди.
XS
SM
MD
LG