Линклар

Қилмишига пушаймон бўлганларга жазо енгиллайди


Терговчилар босими остида ўз айбига иқрор бўлиб¸ тавба қилганларга нисбатан жазо енгиллатилгани Ўзбекистонда ноëб ҳодиса эди.

Терговчилар босими остида ўз айбига иқрор бўлиб¸ тавба қилганларга нисбатан жазо енгиллатилгани Ўзбекистонда ноëб ҳодиса эди.

Ўзбекистон жазо қонунига ўз жиноятига чин дилдан пушаймон бўлганларга белгиланадиган жазони енгиллаштиришни кўзда тутувчи қўшимча киритилди. Аммо диний ва сиëсий айблар билан қамалганларга бундай "пушаймонлик" ҳам ëрдам бермайди.

Ўзбекистон президенти 18 май куни Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги Қонунчилик ва суд ислоҳотлари қўмитаси раҳбари¸ сенатор Светлана Ортиқовага кўра, қонунга қўшимча киритишдан мақсад инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда¸ жазони енгиллаштиришдир.

- Сенатнинг муҳокамасига тақдим этилган қонун билан айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганида енгилроқ жазо тайинланиш белгилаб қўйилмоқда. Яъни Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг махсус қисмига Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 55-моддаси 1- қисмининг “а” ва “б” бандларида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлган ва Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 56-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мажвуд бўлмаган тақдирда жазо муддати ëки миқдори Ўзбекистон республикаси Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг учдан икки қисмидан ошмаслиги кераклиги кераклиги тўғрисида қўшимча модда киритилган, дея изоҳлайди Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги Қонунчилик ва суд ислоҳотлари қўмитаси раҳбари¸ сенатор Светлана Ортиқова.

Бундай амалиëтнинг Россия федерацияси ва Беларус қонунчилигида мавжудлигини таъкидлай туриб сенатор Ортиқова¸ Ўзбекистон жазо қонунига бундай қўшимча киритиш орқали жиноятчиларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликка рағбатлантириш режаси борлигини ҳам тилга олди:

- 57-модда тўлдирилиб номланиши эса “айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганида¸ жазо тайинлаш” ва шу бугундан бошлаб учдан икки қисмидан ошмаслиги керак. Яъни судлар учун бу битта туртки бўлади ва айбдор ҳам шу жиноятнинг очилишига¸ шу жиноятни фош этишига фаол қатнашиши керак. Албатта, айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши керак. Бу ҳолат жиноятчиликни камайтиришга¸ оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни фош этишга жуда катта ëрдам беради, деди Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги Қонунчилик ва суд ислоҳотлари қўмитаси раҳбари Светлана Ортиқова.

Айни пайтда¸ қонунга киритилган қўшимча умрбод қамоқ жазосига хукм қилинганлар ва терроризм билан боғлиқ жиноят учун судланганларга тегишли эмас.

Гарчи авваллари Ўзбекистонда чин дилдан ўз айбига пушаймон бўлганлик учун жазони енгиллатиш қонуний асосга эга бўлмаган бўлса-да¸ мамлакат оммавий ахборот воситалари у ëки бу жиноятчининг президент номига қилинган тавбаю тазарруларини¸ ўзининг даҳшатли жиноятларига иқрорларини бот-бот жамоатчиликка намойиш қилиб келарди.

2005 йилнинг 13 май кунида Андижон марказида юз берган қонли воқеалардан кўп ўтмай ҳозирланган ҳужжатли филмда¸ бу воқеаларни МХХ қамоғидан туриб бошқаргани даъво қилинган Акрам Йўлдошев бутун "жинояти"га иқрор бўлган эди:

- Мана шу бўлиб ўтган ишларда энг катта гуноҳкор менман. Чунки мана шу болаларни йигирматадан бирга бўлиб¸ уларга қурол олиш кераклигиниям мен айтганман. Ана шу 12-кунгидаги фожиаларнинг бўлишига мен биродарларга "курашаверинг¸ жиҳод қилаверинг" деб фатво берганман. У ерда қурол борлигиниям¸ у ерда мана шундай бир курашилгандан кейин қон тўкилишиниям билган ҳолда мен уларга фатво бердим. Бу ерда энг катта гуноҳкор¸ энг катта жиноятчи¸ энг разил одам менман¸ мен айбдорман¸ деган эди "акрамийлар" тамғаси босилган гуруҳнинг қамоқдаги етакчиси Акрам Йўлдошев.

Бугун хорижда яшаëтган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева бундай "иқрор"ларнинг ҳозирланиш жараëнини бевосита бошидан кечирганлардан бири:

- Биласизми¸ мен 2005 йил 7 октябр куни ҳибсга олинган бўлсам, икки ойдан кейин амнистия қарори эълон қилинганидан кейин менга таклиф айтишган. Президент номига кечирим хатини ёзиш, барча жиноятларимни тан олиш, ташкилотим экстремистик ташкилот эканлигини тан олиб ёзиб беришимни талаб қилишган. Мен уларнинг талабига бўйсунмаганимдан кейин орадан бир хафта ўтганидан кейин, менга нисбатан Жиноят кодексининг яна 16 та моддасини қўшимча қилиб қўйишган, дейди Мўътабар Тожибоева.

Авваллари парда ортида бўлиб келган пушаймонлик жараëнининг қонунийлаштирилиши ва унинг жамоатчиликка намойиш этилиш жараëнини Мўътабар Тожибоева “шахсни синдиришга қаратилган руҳий зарба” дея баҳолайди.

Айни пайтда¸ узоқ йиллар мустақил адвокатлик билан шуғулланган Руҳиддин Комилов ўз жинояти учун чин дилдан пушаймон еганлар ўз амалиётида учраганини айта туриб¸ қонунга киритилган қўшимчанинг амалда қандай ижро этилиши¸ яна ўша мустақил бўлмаган ҳакамларга боғлиқ эканини таъкидлайди.

-167-бўйича оладиган бўлсак¸ биз қанча ишлар олиб ўтдик. Ҳаммаси пушаймон бўлишган¸ дейлик. Ҳақиқатда¸ бирор жиноят қилгандан кейин пушаймон бўлишни мен табиий жараëн¸ деб биламан. Нимагаки¸ жиноятнинг орқасидан кимгадир зиëн етади.
Судланувчи пушаймон бўлган-бўлмаганлигидан қатъий назар¸ ўша пушаймонлик критерийси бўйича бир йилга камайтирди¸ икки йилга камайтирди¸ деб айтмайди. Ҳукмда “пушаймонлигини ҳисобга олиб¸ уни ҳисобга олиб” деб ëзиб¸ қисқаси жазонинг камини берайлик¸ дейди. Критерий бозор иқтисодиëтидаку! Критерий кимнинг тақдири кимнинг қўлида бўлса¸ шу ҳал қиладида. Қози зотига боғлиқ ҳамма нарса. Булар “мажбур қилишди¸ у қилишди¸ бу қилишди” дейди. Кўпинча судлардан кейин виждони қийналгандай бўлади дейману ¸ҳаммаси гап. Суд мустақил¸ фуқаролик жасорати бўлса¸ улар оқлов ҳукми ҳам чиқариши мумкин. Лекин хоҳлашмайди бу нарсанида. Уларни деворга тақайдиган ҳолат бўлган тақдирда ҳам ҳукм чиқариш имконияти бор уларнинг, дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Шу боис¸ деб хулосалайди ўз кузатишларини ҳуқуқшунос¸ Ўзбекистон қонунчилигига янги-янги қўшимча ва ўзгартиш киритишдан кўра¸ борларини амалда ишлатиш лозим:

-Ўзгаришлар Жиноят-процессуал кодексларда¸ бошқа қонунларда ҳам бор. Гап уни қабул қилишда эмас. Гап уни ижро этишда¸ қанчалик ижро этишда¸ ким томонидан ижро этилишида. Ҳамма гап шу ерда. Қандай сифатли ижро этишда, дейди Руҳиддин Комилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG