Линклар

Жалолободда коммендантлик соати жорий қилинди


Қирғизистон муваққат ҳукумати Жалолобод шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Бунга ўзаро зидлашган гуруҳлар ва милиция ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки кишининг ўлгани¸ 50дан ортиқ одамнинг эса яралангани сабаб бўлди.

Муваққат ҳукумат эълон қилган баёнотда янги тартибнинг 19 майдан 1 июнга қадар давом этиши билдирилган.

Муваққат ҳукумат бошлиғи Роза Ўтунбаева имзо чеккан фармонда Жалолободда маҳаллий вақт билан 20:00дан тонгги 06:00гача коммендантлик соати жорий этиш назарда тутилган.

19 май куни Жалолобод шаҳридаги Халқлар дўстлиги университети биноси олдига тўпланган 5000 га яқин одам бинони тошбўрон қилиб дераза ойналарини чил-парчин қилди.

Мазкур ўқув даргоҳи Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров маблағи ҳисобига қурилган ва ҳозирда ҳам у томонидан молиялаштирилади.

Чоршанба куни Бишкекда Роза Ўтунбаева журналистларга Жалолободда вазиятнинг назорат остида эканини айтди.

- Мен сизни ишонтириб айтмоқчиманки, биз вазиятни кузатаяпмиз ва Жалолободга зарур бўлган барча кучлар жалб этилган, дея баёнот берди Роза Ўтунбаева.
XS
SM
MD
LG