Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Франция ҳам бурқани таъқиқламоқчи


Исломий ташкилотлар ва баъзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар норозилигига қарамай, Франция раҳбарияти жамоат жойларида бурқа кийишни бутунлай таъқиқлашга оид янги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Франция ҳукумати муслималарнинг юзларини бекитиб турувчи ниқоб кийишни таъқиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Исломий ташкилотлар ва баъзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар норозилигига қарамай, Франция раҳбарияти жамоат жойларида бурқа ёки паранжи кийишни бутунлай таъқиқлашга оид янги қонун лойиҳасини маъқуллади.

19 май куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғинидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган ҳукумат матбуот вакили Лук Шател юзни беркитувчи исломий либослар Франция республикаси қадриятлари ва аёллар ҳуқуқларига зид эканини қайд этди.

- Юзни беркитадиган, айниқса, тўлиқ беркитадиган либослар республикамиз асоси бўлган қадриятларимизни савол остига қўяди. Бу кўнгилли равишда бўлса-да, хатто бирга яшашнинг фундаментал талабларига қарши ҳамда одамлар ва аёллар шаънига зиддир, деди Лук Шател.

Қонунга бўйсунмаганларга 150 евро жарима солиниши, аёлларни юзларини бекитиб турувчи либослар кийишга мажбурловчилар эса бир йилгача бўлган муддатга қамалиши ёки 15 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Бир йил аввал Францияда паранжини таъқиқлаш юзасидан баҳс бошлаганида президент Николя Саркози бурқа аёллар нуфузи ва францияликларнинг жамиятга қарашларини таҳқирлаши ва мусулмонларга тамға бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунга эҳтиёткорлик билан ёндашишни маълум қилган эди.

Чоршанба куни Франция ҳукумати қабул қилган муслималарнинг ниқоб кийишини таъқиқловчи қонун лойиҳаси июл-сентябр ойлари оралиғида мамлакат парламентида кўриб чиқилади.

Қонун қабул қилинган тақдирда ҳам, у дарров кучга кирмайди, муслималарга ўзларини шунга тайёрлаш учун олти ой муҳлат берилади.

Жорий этилажак таъқиқ Францияда мусулмон жамоаларининг кескин норозилигига сабаб бўлиши кутилаяпти. Уларга кўра, янги қонун бурқа ёпинувчи аёлларни уйларидан чиқа олмайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Келиб чиқиши жазоирлик муслима сўнгги ўн йилдан ортиқ давр мобайнида Францияда жамоатчилик жойларида бурқага ёпиниб юрган. Ўзини Нажет деб танитган бу аёл Франция ҳукумати янги қонунни қабул қилиб, уни эркинликларини топтаётганини айтади.

- Франция, озодлик, тенглик, биродарлик, деб айтишади. Бу қип-қизил ёлғон. Худди диктатура жамиятида яшаётгандек ҳис қиламан ўзимни, дейди франциялик муслима.

Қонунни дастаклаётганлар бундай чоралар хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлашади. Уларнинг айтишича, полиция жамоат жойларида инсонларнинг кимлигини аниқлаш имконига эга бўлиши керак.

5 миллионга яқин мусулмон яшовчи Францияда, мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, нари борса 2 мингга яқин аёл бурқа ёпиниб юрар экан.

Аввалроқ Белгия парламенти ҳам жамоат жойларида бурқа кийишни бутунлай таъқиқлашга оид янги қонун лойиҳасини кўриб чиқа бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG