Линклар

logo-print

Тошкентда Қирғизистондаги вазият муҳокама қилинади


Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар лидерларининг шу йил июн ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммитига Қирғизистондан Роза Ўтунбаева давлат раҳбари сифатида қатнашиши мумкин.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар лидерларининг шу йил июн ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммитига Қирғизистондан Роза Ўтунбаева давлат раҳбари сифатида қатнашиши мумкин.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давла Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 22 май куни Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисида Қирғизистонга оид вазиятнинг муҳокама қилиниши кутилмоқда.

ШҲТ ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган мажлисида Қирғизистондаги вазият асосий мавзулардан бири бўлиши ҳақида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Андрей Нестеренко маълум қилди.

- ШҲТ таъсисчиларидан бўлган бу мамлакатдаги вазият Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Мажлисда қирғизистонлик ҳамкорлар учун ШҲТ йўналиши бўйича зарур ёрдам кўрсатиш юзасидан чора-тадбирларни муҳокама қилиш режалаштирилмоқда, дея иқтибос келтиради Нестеренко сўзларидан РБК агентлиги.

Рус дипломати ШҲТ ташқи ишлар вазирларининг Тошкентдаги мажлисида, шунингдек, ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг 2010 йил июн ойида Тошкентда ўтажак мажлисига тайёргарлик масалалари ҳам диққат марказида бўлишини қайд этди.

- Вазирлар саммитга олиб чиқилажак ҳужжатлар ва қарорлар лойиҳаларини муҳокама қилишлари ва маъқуллашлари лозим бўлади. Бу ерда гап, энг аввало, саммитнинг якуний декларацияси лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Ҳужжатда глобал молиявий бўҳрон оқибатларини бартараф қилиш, халқаро валюта-молия тизими ислоҳоти, қуролсизланиш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик каби масалаларни ўз ичига олувчи долзарб халқаро муаммоларга нисбатан ШҲТнинг ёндашуви акс эттирилади, деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Июн ойида Ўзбекистон пойтахтида ўтажак саммитда Роза Ўтунбаева ҳам Қирғизистоннинг муваққат президенти сифатида қатнашиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Қирғизистон Муваққат ҳукумати махсус декрет билан Роза Ўтунбаевани Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти қилиб тайинлади. Ўтунбаевага 2011 йилнинг 31 декабригача президентлик ваколатларини топширган мазкур декрет остига муваққат ҳукумат аъзоларининг аксарияти имзо чекканлар. Айни пайтда у шу йил кузида парламент сайловлари ўтказилиб, ҳукумат шакллантирилгунича мамлакат бош вазири вазифасини ҳам бажариб туради.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Андрей Нестеренко 22 май куни Тошкентда ўтадиган мажлисда Афғонистондаги вазият ҳамда ШҲТга янги аъзолар қабул қилиш масалалари ҳам анжуман кун тартибидан жой олишини билдирди.

- ШҲТнинг келажаги учун ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби ҳақидаги низом лойиҳаси ҳам катта аҳамиятга эга. Тошкентда бу ҳужжатнинг қабул қилиниши ташкилотни кенгайтириш механизмини шакллантиришга туртки беради, деди Андрей Нестеренко.

Ҳозирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар аъзо.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG