Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:49

Жалолобод тунни нисбатан тинч ўтказди


19 май куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Қирғизистон муваққат ҳукумати вилоят маркази ва Сузоқ туманида коммендантлик соати жорий қилишга мажбур бўлганди.
19 май куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Қирғизистон муваққат ҳукумати вилоят маркази ва Сузоқ туманида коммендантлик соати жорий қилишга мажбур бўлганди.

19 май куни Қирғизистон муваққат ҳукумати Жалолободда комендантлик соати жорий қилганидан сўнг, Жалолобод вилояти расмийларига кўра, тун тинч ўтган. Бироқ айрим жалолободликлар бу борада бир-бирига зид бўлган маълумотлар беришмоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, 19 май куни Жалолободда бўлиб ўтган тартибсизликлар натижасида жароҳатланганлар сони 74 одамга етган. Мазкур тартибсизликларда 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида аввалроқ маълумот бергандик.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, 19 майдан 20 майга ўтар кечаси Жалолободда вазият барқарор бўлган.

- Комендантлик соати жорий қилинганидан сўнг Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида тун тинч ўтди. Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманига ички ишлар вазири комендантлик қилмоқда. Бу ҳудудда вазиятни барқарорлаштириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов.

Расмийлар вилоятда ўтган тун тинч ўтганини айтаётган бир пайтда, айрим жалолободликлар бунга зид маълумот беришмоқда. Уларга кўра, ўтган тунда Жалолобод шаҳри тинч бўлгани билан вилоятнинг айрим қишлоқларида нотинчлик бўлган.

- Комендантлик соатидан кейин ҳам одамлар ўз уйларини, маҳаллаларини қўриқлашда давом этишди. Чўлоқтерак деган қишлоқдан уй ёнди, деган хабар ҳам келаяпти. Яна бошқа хабарларни эшитсак, у ерда уй ёндирилмади, фақат номаълум одамлар озгина тўполон кўтаришга ҳаракат қилди, дейишяпти. Аниқ бир маълумот йўқ одамларда, дейди жалолободлик Улуғбек.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг ҳабар қилишича, бугун эрталаб соат 7 да Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исақов Жалолобод шаҳри фаоллари билан учрашган ҳамда барчани вазиятни ўнглаш учун сабр-бардошли бўлишга ва осойишталикни сақлашга чақирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 20 май куни Жалолободдаги “Телтўри” отчопарида бир неча юз одам тўпланган.

Жалолобод отчопарига йиғилганлар Қирғизистон Республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг қўлга олиниши ва жавобгарчиликка тортилиши, 14 май куни вилоятда содир бўлган тартибсизликларда ўқ отганларни топишни талаб қилишмоқда.

- Ўзбек халқига қарши ҳеч қандай норозилигимиз йўқ. Биз Қодиржон Ботировни халқ олдига олиб келиб, 14 май куни ва кеча отилган қуролларни милицияга топширилишини талаб қилаяпмиз. Бироқ бу талабимизга ҳукумат ҳам, мелиса ҳам жавоб бермаяпти, деди митингчилардан бири Бўлўт Жўўшбоев.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Ирисбой Абдураимовнинг хабар беришича, митинг ким томонидан уюштирилгани, митингчилар кимнинг тарафдорлари экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

- Бу митингни ким уюштирган деган саволимга эрталабдан бери жавоб ололмаяпман. Митингчилар раҳбарларини ҳам, асл мақсадларини ҳам айтишмаяпти, деди Ирисбой Абдураимов.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг жанубий минтақа бўйича мувофиқлаширувчиси, мудофаа вазири Исмоил Исақов бу ерда митингчилар билан учрашган. Исмоил Исақов норозилар қўйган талаблар ўрганилиши ва тергов қилинишига ваъда берган. Шундан сўнгг митингчилар тарқалишган.

Шу билан бир қаторда Қодиржон Ботиров тарафдорлари норозилар томонидан билдирлаётган иддаолар асоссиз эканини айтмоқдалар. Ботиров тарафдорларининг 19 май куни бўлиб ўтган бир неча минг кишилик йиғилишида, бу борада махсус мурожаат ҳам қабул қилинган.

- Бакиевлар бизни кечира олмаслигини биламиз. Чунки апрел воқеаларидан роппа-роса бир ой олдин бўлиб ўтган Жалолобод ўзбек миллий маданий маркази қурултойида Қодиржон Ботиров “Мамлакатимизни Бакиевлар бошқарар экан, ҳеч қачон яхши ҳаёт бўлмайди”, деб баёнот берган эди. Яна улар бизни шунинг учун кечирмайдиларки, апрел воқеаларининг эртаси куниёқ биз муваққат ҳукуматни қўллаб чиқдик. Улар миллатлараро фитна чиқариш йўли орқали икки мақсадни кўзламоқда: биринчиси, биздан ўч олиш, иккинчиси эса яна ҳокимиятни эгаллаш, деди мурожаат матни ўқиб эшиттирган журналист Улуғбек Абдусаломов.

Қабул қилинган мурожаатда Бакиевлар уйининг ёндирилиши воқеаси объектив текширилиши талаб қилинади. Чунки айрим ахборот воситалари Тейит қишлоғида жойлашган Бакиевларга тегишли хонадонларни ёндириш ташаббускори Қодиржон Ботиров эканини хабар қилганлар. Бироқ Қодиржон Ботиров ва унинг тарафдорлари бу маълумотнинг ёлғон эканини айтадилар. Мурожаатда келтирилган талаблардан яна бири эса мана бундай:

- Биз қирғиз халқи орасида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб, Қодиржон Ботиров ва ўзбеклардан душман образини яратишни тўхтатишни талаб қиламиз. Ана шундай туҳматлар натижасида тинч намойишчиларни ўққа тутган бакиевчилардан Жалолобод вилоят маъмуриятни озод қилган ўзбеклар айбдор, бакиевчилар эса жабрланганлар бўлиб қолмоқда. Агар муваққат ҳукумат бу воқеаларни холис текшириш ва ўрганиш масаласини ҳал этмаса, маълумотларни бузиб кўрсатиш орқали келажакдаги аҳвол қандай бўлишини айтиш қийин бўлиб қолади, деди Улуғбек Абдусаломов.

Суҳбатдошимиз сўзи охирида қирғизистонликларга мурожаат қилди:

- Ўзбек ҳам, қирғиз ҳам шу ерга сиғади ва шу ерда бемалол яшай олади. Биз ўзбекнинг уйига келган қирғизни меҳмон қилмасак, қирғизнинг уйига борган ўзбекни қирғиз меҳмон қилмаса, бу қандай аҳвол бўлди? Биз аввалгидай яхши анъаналаримизни давом эттиришимиз, шу билан биргаликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз зарур. Айниқса бугунги кунда! Бакиевнинг зулмидан эндигина қутилган эл бугун провокацияларга, иғволарга берилиб, бир-биримизга қарши курашсак, пулга сотилсак, бу эсдан чиқмайдиган ҳолат бўлиб қолади, келажагимизнга таҳдид бўлиб қолади, деди Улуғбек Абдусаломов.
XS
SM
MD
LG