Линклар

Тожикистонлик қизлар турмушга кечроқ чиқадиган бўлди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон парламентининг “Оила кодекси”га ўзгартиш киритиши ортидан қизларга 18 ёшда никоҳдан ўтиш жорий қилинди. Аввал тартиб бўйича тожикистонлик қизлар 17 ёшдан турмуш қуриш ҳуқуқига эга эдилар.

Тожикистон “Оила кодекси”га киритилган ўзгартиш 2011 йилдан кучга киради.

Келгуси йилдан тожикистонлик қизлар 18 ёшга тўлганидан сўнг турмушга чиқиши мумкин.

Истисно ҳолатларда турмушга чиқиш 17 ёшдан этиб белгиланди.

Шу кунгача Тожикистонда қонун бўйича қизлар 17 ёшда турмушга узатилаётган эди. Аммо айрим ҳолларда 16 ва ҳатто ундан ҳам кичик ёшдаги қизлар мустақил ҳаёт бошлагани кузатилади.

Тожикистон парламенти вакиласи Хайринисо Юсуфий қизлар маърифатли, жисмонан соғлом бўлиши ҳамда мустақил ҳаётга тайёр бўлишлари учун никоҳ ёши 17 дан 18 га ўзгартирилганини таъкидлади.

- Бу узоқни ўйлаб босилган қадамдир. Бу қонуннинг жорий этилиши ортидан жамиятимизда ёш оилалар бузилишига ҳам чек қўйилишига ишонаман, дейди депутат Юсуфий.

Аснода кўпчилик тожикистонлик ота-оналар, йигит ва қизлар ҳам парламент қабул қилган янги қонун билан розилар.

- Олдинги вақтларда битта қишлоқда бир ёки иккита шундай оиласи бузилган бўларди. Ҳозир бир оилада иккитаям бор, учтаям бор шундай ажралиб келган қизлар. Қизларни 16 ёшда эрга беришаяпти. Улар албатта ёшлик қилади, гап кўтармайди. Кейин ажралиб келади. Шунинг учун ҳам қизларимизнинг 18 ёшда турмуш қуриши тўғрироқ, менимча, дейди Рудакий туманида яшовчи Ойхол опа.

Суҳбатдошимиз ёшликдан турмуши аччиқ бўлиб, бева қолган қишлоқдошлари ҳаётидан мисол келтирар экан, орадаги тушунмовчиликлар туфайли кўпчилик қизларга телефон орқали талоқ берилаётганидан куюнди.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Шоира бундан бир йил аввал, яъни 17 ёшида ота-она розилиги билан турмушга чиққан экан.

У ҳам “қизлар 18 ва ундан юқори ёшларда турмуш қурса, айни муддао бўларди”, дея мулоҳаза билдиради.

- Ота-онанинг уйи барибир бошқа экан. Ёш турмушга чиқдим. Кўпинча, уйқуга тўймай қоламан, ҳаёт мажбур қилар экан, дейди Шоира.

Оиладаги вазият боис кеч турмушга чиққан Ваҳдат туманида яшовчи Сафаргул ая ҳам қизларнинг 18 ёшдан ошиб турмушга чиқишлари тарафдори эканини айтади.

- Ҳеч бўлмаганда, мактабни битиради. У ёқ-бу ёқни кўради, Бир ҳунар ўрганади. Лекин ўқиганларни “Энди у қариди, у-бу“ дейишади. Бу нотўғри фикр. Мен ўзимдан қиёс қиламан - кеч турмуш қурдим, лекин ҳамма нарсага улгурдим, ҳаётимдан розиман. Келин олсам ҳам, ўқиган қизни оламан, дейди қишлоқ аёли Сафаргул.

Аснода йигитлар ҳам “ёш қизга уйланиш хатодир”, дея фикр билдиришди.

- Кўплари нон ёполмайди, овқат пиширолмайди. Шундан кейин ёмон бўлади-да, кейин қайнона билан уруш бошланади, дейди 23 ёшида 19 яшар қизга уйланган Улуғбек.

Аммо бир гуруҳ кузатувчилар “бу қонун жамиятда фаҳш ишлар ёки никоҳсиз болаларнинг туғилиши кўпроқ қайдга олинишига туртки бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас”, дея мулоҳаза билдиришмоқда.

- Ислом динида “Қизлар 18 ёшга етмай турмушга чиқмасин”, дейилмаган. Динимизда балоғат ёшига етган ҳар бир ўғил-қиз турмуш қуриши мумкинлиги белгиланган. Лекин мактабларда муслималарга ҳижоб ўраш таъқиқлаб қўйилди. Қизлар жуда тор ва юпқа кийимлар кейишади. Бизда шу кийим масаласи жуда бетартиб. Табиатан қизлар тез вояга етади. Қонунни қабул қилишда, менимча, шу томонларига камроқ аҳамият берилган, дейди диний масалалар бўйича кузатувчи Худойберди Эгамбердиев.

Тожикистон парламенти маълумотларига кўра, 2009 йил бу мамлакатда 38 минг никоҳ қайдга олинган. Улардан тахминан 500 нафари 17 ёшдан кичик ва 1300 таси эса 17 ёшда турмушга узатилган қизлардир.
XS
SM
MD
LG