Линклар

logo-print

Тожикистонда таблиғчилар қамалди

  • Гулнора Равшан

Ўтган йил ёзида ҳам тожикистонлик бир неча таблиғчи турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ўтган йил ёзида ҳам тожикистонлик бир неча таблиғчи турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди.

Тожикистонда расман таъқиқланган “Таблиғ жамоати”га аъзоликда гумонланмиш 36 нафар тожикистонлик фуқаро устидан маҳкама жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Маҳкамага раислик қилган Хатлон вилоят суди судяси Икромжон Абдулҳафизов “Таблиғ жамоати”га аъзоликда гумонланиб қўлга олинганларнинг айблари исботланганини маълум қилди.

18 май куни ўқиб эшиттирилган ҳукмга мувофиқ, 36 нафар таблиғчининг 17 нафари 5 йилдан 6,5 йилгача қамоқ жазосини олишди.

Суд ҳукми эълон қилингунича вақтинчалик озодликда бўлган 19 таблиғчининг 15 нафари 3 йилданга кесилиб, суд залида ҳибсга олинди. Қора курсига ўтирган 36 тожикистонлик фуқаронинг фақат 4 нафари шартли жазо билан озод қилинди.

Қўлга олинган вақтда балоғат ёшига етмаган 18 ёшли Фаридун Бобоевга 570 АҚШ доллари ва қолган уч нафарга эса 5700 доллар жарима белгиланиб, шартли жазо билан озодликка чиқарилди.

Мазкур гуруҳ устидан 2009 йилнинг декабрида Қўрғонтеппа шаҳридаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида бошланган суд жараёни ўтган шу муддат ичида ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Ҳатто ҳукм эълон қилинган куни ҳам судланганларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд залига киришига рухсат берилмади.

Давлат қораловчиси суд ҳукмидан рози эканини ва ҳукм қайта кўриб чиқилиши учун шикоят ҳам қилмаслигини билдирган.

Аммо 12 нафар гумонланувчининг оқловчиси Сайвали Наврузов Озодлик радиоси тожик шўъбаси мухбири билан суҳбатда суд ҳукми адолатсиз бўлганидан шикоят қилган.

- Маҳкама жараёни чоғида прокурор судланувчилар ислом давлатларига бориб, у ерда махсус экстремистик таълим олгани ва бу давлат хавфсизлиги учун таҳдид эканини иддао қилди. Бироқ бунга оид бирорта асосли далил келтира олмади, Ҳиндистон, Эрон ва Покистондан суд жараёнига гувоҳлар чақирилмади. Ҳамма айбловлар тахминий эди, дейди оқловчи Сайвали Наврузов.

Шу нуқтаи назардан оқловчи айблари тўла исботланмаган ҳимоясидаги одамлар устидан чиқарилган ҳукмнинг қайта кўриб чиқилишини сўраб Тожикистон Олий судига ариза ёзишини билдирди.

6,5 йилга озодликдан маҳрум этилмиш Носир Раҳимовнинг яқинларидан бири Иброҳим Боев ҳакам Раҳимов маҳкама жараёнида гуноҳларига иқрор бўлганини назарга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашига умид қилганини, аммо бунинг акси бўлганини айтади.

- Вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида Носир билан учрашганимизда у таъқиқланган ташкилотга аъзо эканлигидан хабарсизлигини айтди. У бу ишидан пушаймон эканини ва жарима тўлашга таёр эканини айтганди. Биз унинг суд залидан қўйиб юборилишига ишонган эдик. Носир 35 ёшда, оилани фақат унинг ўзи таъминлаб турган эди, дейди Иброҳим.

Носирнинг оқловчиси Ашуров ҳам суд адолатсиз ҳукм чиқарганидан норозилик билдириш баробарида ҳукм юзасидан бирор ерга шикоят қилмаслигини маълум қилди.

- Мен Носир билан суҳбатлашганимда у суд ҳукми ўзгартирилишига ишонмаслигини айтди. Шунинг учун бекорга вақт сарфлаб, умидвор бўлишни истамаяпти. Ажабланарли томони шундаки, суд жараёнида унинг чет мамлакатида шундай таълим олганини исботловчи бирорта реал гувоҳ йўқ эди. Судланувчилар бир-бирларига нисбатан гувоҳлик беришди, дейди оқловчи Ашуров.

Эслатиб ўтамиз, “Таблиғ жамоати” ғояларини тарғиб қилганликда айбланган 36 нафар фуқаро 2009 йил охирларида Қўрғонтепа ва Бохтар масжидларида қўлга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG