Линклар

logo-print

Тошкентда протестант черкови фаолияти тақиқланди


Тошкент марказидаги черковнинг бундан сўнг очилиш-очилмаслиги номаълум.

Тошкент марказидаги черковнинг бундан сўнг очилиш-очилмаслиги номаълум.

18 май куни Тошкент шаҳар Исо Масиҳ черковининг 8 нафар ходими ва черков жамоасидан айримлари маъмурий жавобгарликка тортилди. Насронийлар буни ҳукуматнинг ўзига нисбатан босими ўлароқ баҳоламоқда.



Тошкентдаги Исо Масиҳ черковида милиция ходимларининг уюштирган тинтуви тафсилотлари ҳақида Озодликка «Протестант» журнали бош муҳаррири Людмила Качкар гапириб берди:

- 16 май куни эрталабки соат 11 ларда диний маъруза вақтида черковга бир гуруҳ одам бостириб кирди. «Меҳмонлар» черков ҳудудини, ибодат жараёнини видеотасвирга туширдилар. Черковдаги барчанинг паспорти текширилди, ҳатто болалар исм шарифлари ёзиб олинди… Текширишда ўт ўчириш, солиқ ва санитария-эпидемиология инспекциялари ҳам иштирок этиб¸ уларнинг барчаси қандайдир қонунбузарликларни аниқлашди. 8 киши, шу жумладан черков пастори қўлга олинди ва милицияга олиб кетилди. Беш соат давом этган тинтув натижасида черковдаги хайрия пуллар, компакт дисклар, олти дона компьютер ва иккита принтер мусодара этилди. Қизиғи, текшириш яқинда бўлиб ўтган эди ва ҳеч қандай қонун бузилишлари аниқланмаган эди, дейди «Протестант» журнали бош муҳаррири Людмила Качкар.

Тошкентдаги Исо Масиҳ черковига яқин бўлган журнал ходимининг айтишича, уч нафар шахс черковга келиш сабаблари ҳақида ариза ёзишдан бош тортгани, яна бир нечтаси милиция ходимларининг ҳатти-ҳаракатларини мобил телефонларига ёзиб олганлари учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Фергана.ру ахборот агентлигининг хабар қилишича, Мирзо Улуғбек туман судининг 18 май кунги қарорига биноан Тошкент шаҳар Исо Масиҳ черковининг пастор муовини Артур Аванесян ва яна икки нафар ходим 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Черков бухгалтери ва ҳисобчисига минимал иш ҳақининг 80 баробари миқдорида (3 млн. сўмдан ортиқ), яна уч нафар диндорга эса¸ минимал иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солинган.

Маълум бўлишича, Шавкат Ишмуҳамедов исмли шахснинг 15 май куни Мирзо-Улуғбек туманига топширган аризаси маъмурий иш қўзғатилишига асос бўлган. Ишмуҳамедовнинг судга билдиришича, у ўз маҳалласида 5 яшар ўғлини йўқотиб қўйган ва кўп ўтмай уни Исо Масиҳ черкови биносида диний маъруза эшитаётганида топган. Ишмуҳамедов даъвосига кўра, Исо Масиҳ черкови унинг ўғлини ноқонуний равишда насронийлик тарғиботига жалб қилган. Айнан Ишмуҳамедовнинг аризаси маҳаллий Ички ишлар бошқармасининг 10 нафар ходимига черков биносида тинтув уюштиришга асос бўлган.

Мирзо Улуғбек туман судининг Исо Масиҳ черковини ëпиш ҳақидаги қарори муносабати билан черковнинг ўзига қўнғироқ қилдик:

- Бу ерда ҳеч ким йўқ. Черков ёпилган, деди телефон гўшагини кўтарган черков ходими.

Озодлик: Қачон очилар экан, билмайсизми?

- Ҳеч нарса айтишмаяпти, билмадим. Ҳозир ҳеч нарса бўлмаяпти. Бизда текшириш бўлган эди: офисимиз муҳрланди, электршитимиз муҳрланди, деди Исо Масиҳ протестантлар черковида қоровуллик қилаётган шахс.

Тошкент шаҳар Исо Масиҳ черкови 1999 йил августда расман Ўзбекистон Адлия бошқармаси томонидан рўйхатга олинган. Исо Масиҳ черкови¸ айтилишича¸ халқаро протестантлар иттифоқи аъзосидир.

Москвада жойлашган Евангелие христианлари ҳамдўстлиги масъул бошқарувчиси Семен Бородин¸ насроний ибодатхонасига нисбатан бундай тазйиқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан биринчи маротаба уюштирилаётгани йўқ¸ деган даъвода:

- Биз бу ноҳақлик ҳақида маълумот олдик ва у ердаги биродарларимиз ва умуман Ўзбекистондаги вазият ҳақида дуо қилмоқдамиз. Россияда 10 мингга яқин черковимиз ва бир неча миллион аъзоимиз бор. Мазкур воқеага биз конфессиямиз раҳбарияти орқали мурожаат тайёрламоқдамиз, деди Озодлик билан суҳбатда Протестантлар ҳамдўстлиги маъсул бошқарувчиси Семен Бородин.

Жаҳон бўйлаб диний эркинлик вазиятини кузатувчи "Форум 18" ташкилотининг таъкидлашича, кейинги йилларда Ўзбекистонда барча диний жамоалар¸ биринчи галда эса¸ мамлакат аҳолисининг аксарияти мансуб исломий эътиқоддаги фуқароларга қарши босимларнинг янада кучайгани кузатилмоқда. Мустақил ҳуқуқ фаоллари¸ ўн минглаб мусулмонларнинг ўз эътиқоди учун узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини таъкидлаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG