Линклар

Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасини очди


Гарчи кучли текширувдан сўнг бўлса-да¸ Қозоғистон-Қирғизистон чегарасининг уч пунктидан юклар ва фуқароларни ўтказиш бошланди.

Гарчи кучли текширувдан сўнг бўлса-да¸ Қозоғистон-Қирғизистон чегарасининг уч пунктидан юклар ва фуқароларни ўтказиш бошланди.

20 май куни ўзаро чегарадаги учта текширув пункти қайтадан фаолият бошлади. Айни пайтда¸ 7 апрел куни Бишкекда юз берган қонли воқеалар муносабати билан ëпилган ўзбек-қирғиз чегарасининг қачон очилиши номаълумлигича қолмоқда.


Ҳозирда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг жорий раиси бўлган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, чегарани очиш ҳақидаги қарор шахсан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан қабул қилинган.




Озодликка эса бу хабар тафсилотларини Қирғизистон Давлат чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков етказди:

- Бугун эрталабки соат 8-10лардан бошлаб бир нечта чегара пунктларимиз очилди. Булар “Ақжол”, “Чалдовар” ҳамда “Чанқопқа”дир. Қозоғистон билан бошқа чегара пунктларимиз ҳозирча ёпиқ. Улар бўйича қозоғистонлик ҳамкасбларимиз қандай ишлаш бўйича маълумот беришадилар. Чегарадан айни пайтда иккала томонга фуқаролар ўтиб қайтиши бошланган, енгил машиналар ва оғир юк машиналари ўтиши ҳам бошланган. Қирғиз-ўзбек чегараси ҳали очилмаган, деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати бошлиғининг ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков

Қозоқ-қиғиз чегарасининг очилгани хабарини кўп қатори қирғизистонлик Совет Жумабоев ҳам суюниб кутиб олди:

- Қирғиз-қозоқ чегараси очилди. Иккала томонга ўтиб қайтаяпмиз. Мен дўстларимга бориб, чегара очилганлиги ҳақида суюнчи олиб келдим. Бишкек тинч, Дўрдой савдо марказлари ишлаяпти экан, дейди Совет Жумабоев.

20 май куни икки давлат фуқаролари чегарадан қариндош-уруғларини кўргани, дўстлари билан кўришгани ўтиб чегаранинг қайта очилишини кичик бир байрам каби нишонлашди. Қозоғистонлик Омурбек Кожекбаев гапиради:

- Жудаям яхши, чегара пости очилиб қувониб ўтирибмиз. Чегара ёпиқлиги қийинчилик туғдирган эди. Қирғиз-қозоқ эли қариндошда. Қувониб ўтирибмиз, дейди қозоғистонлик Омурбек Кожекбаев.

Чегарадаги учта пунктнинг очилгани муносабати билан баëнот эълон қилган Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов “Қирғизистон худудидан Қозоғистонга юклар, маҳсулотлар ва фуқароларнинг қаттиқ назоратдан сўнг ўтказилиш тартибининг сақлаб қолинишини” таъкидлади.

Остона ҳукумати раҳбарига кўра¸ “Қозоғистонга Қирғизистон ҳудудидан ўқотар қуроллар, наркотик ва турли тақиқланган нарсаларни ноқонуний олиб ўтиш ҳоллари борлиги” ана шундай текширувни тақозо қилади.

7 апрел кунги қонли воқеалар ортидан Қозоғистон Қирғизистон билан ўз чегарасини ëпиб қўйгач¸ Қирғизистон муваққат ҳукумати бир неча бор Қозоғистон хукуматидан чегараларни очишни сўраган эди.

Айни 7 апрелдан сўнг Қирғизистон билан ўз чегараларини ëпиб қўйган Ўзбекистон томони ҳозирча бу борадаги қарорини ўзгартиргани йўқ¸ аксинча Жалолободдаги тўполонлардан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасининг Ўзбекистон томонига қўшимча ҳарбий техника олиб келинаëтгани ҳақида хабарлар келмоқда.
XS
SM
MD
LG