Линклар

Ипак қурти боқишнинг "ўзбекча модели"

  • Садриддин Ашур

Давлат пахтачиликни ҳам¸ ғаллачиликни ҳам юклаб¸план талаб қиладиган фермер елкасига пиллачилик ҳам ташланган.

Давлат пахтачиликни ҳам¸ ғаллачиликни ҳам юклаб¸план талаб қиладиган фермер елкасига пиллачилик ҳам ташланган.

Бутун дунëда "етти хазинанинг бири" ҳисобланган пиллачилик¸ Ўзбекистонда фермерлар зиммасига юкланаëтган яна бир мажбуриятдир. Оғир меҳнати учун даромад қилиш ўрнига қарзга ботаëтган фермерлар додини ичга ютишга мажбур.


Озодлик радиосига СМС орқали келган бир хабарда шундай дейилади:

“Фарғона вилоятида пилла кампанияси бошланди. Ҳокимиятдагилар мелисалар билан уйма-уй юришиб, фермер, корхона, ташкилотларни ипак қурти боқишга мажбурлашяпти. Аслида ўтган йиллардаги пилла пулини пиллачилар ҳозиргача олишмаган”.

Бу хабар ортидан боғланганимиз фарғоналик фермер Зокиржон ака, жараëннинг айнан шу тарзда кечаëтганини тасдиқлади. "Ҳозир айни пахта яганаси ва чопиғи пайти бўлгани учун пилла қурти боқишга имкон ҳам¸ шароит ҳам йўқ. Шунинг учун фермерлар ҳам ипак қуртини шартнома асосида бошқа одамларга боқтираяпти"¸ дейди суҳбатдошимиз:

- Нима дейди¸ ўзи шароит йўқда. Жой бўлиши керакда унга. Камида 50 метр квадрат молхона¸ кейин яна шунақа жойлар бўлиши керак. Битта ўғлимни уйлантирганман. Битта ўғлим билан битта уйда яшаймиз. Икки хонали уйда у яшайди¸ икки хонали уйда мен яшайман. Шароит йўқда ҳозир қурт тутишга.

Озодлик: Сиз энди бир кишига берган бўлсангиз¸ пулини берасизми¸ нима қилади? Договори қандай?

- Давлат қанча пулини берса¸ пулини бераман. Кейин ердан огород қилиб бераман¸ сомон бераман. Шунақа договор қиламизда.

Озодлик: Ўзи ипак қурти боқиб фойда олишадими?

- Фойда олишади. Фойдага давлат пул беради¸ биз пул берамиз. Шунақа қилиб фойда олишадида. Бир прицеп сомон берадиган бўлсам¸ у ҳам 50 минг туради. Ер берадиган бўлсам¸ поя қилиб олса¸ у ҳам 50-100 минг бўлади.

Озодлик: Пилла пулини берадими ахир? Олаяпсизларми?

- Қисман бериладида. Уруғнинг пули¸ бошқа нималар олиб қолиниб¸ 50 кило топширсак¸ 75 минг беради. 1500 сўмдан беради.

Озодлик: 50 килога 75 минг олди. Мана бир ярим қутига 120 минг олса. Шу яхши даромадми?

- 100 минг у ëқдан бўлаяпти. 50 минг сомон¸ 50 минглик ер деяпман. Икки қоп ун олиб бориб бердим.

Озодлик: Сизга зарар эканда.

- Менга зарарку¸ қилмасак бўлмайдида у нарсани. Монополияку¸ дейди Зокиржон ака.

Наманган вилоятининг Чуст туманида фермерлик қилаётган Абдураҳмат Қурбонов эса пилла қурти боқишнинг яна бир ўзбекча усули ҳақида гапиради. Агар фарғоналик фермер Зокиржон ака, ёлланма ишчига пилла пулидан ташқари ер ва сомон ваъда қилган бўлса, Абдураҳмат ака ҳар бир грамм қурт уруғини боқиш учун 7 килограмм буғдой ваъда қилганини айтади:

- Энди унинг иложи йўқ. Чунки еримдаги иш бошимдан ошиб ëтибди. Шунга бирорта одам билан договор қиламиз. Менинг ўзим шундай договор қилдим. “Ҳар бир кило пиллангни етти кило буғдойга оламан. Ўзимиз ëрдам қилиб тракторимиз ëки машинамиз билан уйингга баргни олиб келиб берамиз” дедим. Пиллани ўзимизнинг номимиздан топширамиз. Бизда бир кило пилла тахминан 2800-3000 туради. Давлат чамамда бу йил 1300 сўмдан пул берармиш. Лекин қурт уруғи¸ қоғоз деб ҳали 2-3 йилдан бери бирор марта қўлимга пул олганим йўқ. Аввалги йилими қанақадир материал берибди. Унинг ҳам нархини икки-уч баробар кўп қилиб берган айрим одамларга¸ дейди Абдураҳмат ака.

Абдураҳмат акага кўра, пилла қурти боқишга кетадиган бошқа харажатлар қўшиб ҳисобланганда, етиштирилган ҳар бир килограмм пилла 2800 сўмданга тушади. Фермер фойда-зарарни чақиб кўради:

- Ҳозир менга тахминан 2800 дан тушса¸ менга харажатлардан ташқари 700-800 дан пул берса¸ ҳар бир кило пилладан 200 сўмдан зарар қиламан. Шахсан мен бу йил 120 кило пилла беришим керак. Менга 240 минг нақд зарар бўлади¸ дейди Абдураҳмат ака.

Хўш, фермер ипак қурти боқишдан шунча зарар кўраётган экан, нега у “мен бу ишни қилмайман, ўзимни ташвишларим етиб ортади” деб айтолмайди? Нега фермер шунчаки ўз зарарига ишлашдан бош тортмайди? Бу саволларга фермер Абдураҳмат Қурбонов шундай деб жавоб берди:

- Ерни топшир¸ дейди. Ҳамма нарсага рўкач қилинган ер. Агар пилланинг нархи¸ харид нархи ҳеч бўлмаса 3000 сўм бўлса¸ ҳеч бўлмаса харажатни қоплар даражада бўлади. Агар ундан паст бўладиган бўлса¸ бизга ҳеч қандай моддий манфаат келтирмайдику. Нормал одам бунақа ишни қилмайди. Чунки ўзининг зарарига ким ишлайди? Бизнинг Ўзбекистондагина ахмоқона бир ҳолат. Зараримизга бўлса ҳам ишлашимиз керак. Нимага? Чунки оч қолмаслик учун имкон бераëтган ерни олиб қўймаслиги учун қилаяпмиз шу нарсаларни. Бола-чақамиз бор. Мана мен 15 та одамни боқишим керак. Битта ўзим пенсия оламан. Шу ер билан амал-тақал қилиб тирикчиликни ўтказиб келаяпмиз. Шуни олиб қўймаслиги учун 90 фоиз халқ қанақа шарт қўйса ҳам рози бўлади. Додингни кимга айтасан¸ дейди наманганлик фермер Абдураҳмат Қурбонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG