Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:31

Икки Корея ўртасидаги кескинлик яна ошди


Жанубий Корея кемасининг ҳалокати оқибатида 46 денгизчи нобуд бўлган эди.
Жанубий Корея кемасининг ҳалокати оқибатида 46 денгизчи нобуд бўлган эди.

20 май куни Сеул расмийлари Жанубий Корея флотига қарашли кеманинг март ойида сувга ғарқ бўлишида Шимолий Кореяга қарашли сув ости кема отган торпедо сабаб бўлганини эълон қилди.

Корея ярим оролида вазият яна таранглашмоқда. Бунга Жанубий Кореяга қарашли ҳарбий кемалардан бири 26 март куни сувга чўкиб кетишига Шимолий Кореянинг сув ости кемасидан отилган торпедо сабаб бўлгани ҳақидаги мутахассис хулосаси сабаб бўлди. Ҳужжатда буни ислотловчи қатор ишончли далиллар тўплангани билдирилган.

20 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида воқеа юзасидан текширув ўтказган халқаро гуруҳ раҳбари Йун До-Кюнг мутахассислар хулосасини эълон қилди.

- Қўлланилган қурол системаси Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган 250 килограмм оғирликдаги кучли портлаш содир этадиган торпедо бўлгани исботланди, деди халқаро гуруҳ раҳбари.

Жанубий Кореяга қарашли ҳарбий кема 26 март куни Сариқ денгиздаги баҳсли чегара ҳудуди яқинида сувга чўкиб кетгани оқибатида 46 нафар матрос нобуд бўлган эди.

Бунга жавобан Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак ўз ҳукуматининг “қатъий” чоралар кўришини ваъда қилди.

Расмийлар жавоб чораси ҳарбий характерга эга бўлмаслигини айтмоқда. Хусусан¸ Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Йу Мюнг-хван халқаро ҳамжамият билан келишилган ҳолда Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Шимолий Кореянинг ҳарбий провокацияси нафақат халқаро ҳамжамият тинчлиги ва хавфсизлигига путур етказади¸ балки бу қуроллар ҳақидаги келишув ва БМТ хартиясига зиддир ҳам. Ҳукуматимиз бунга жавобан халқаро ҳамжамият билан бирга қатъий чоралар кўради, дея баёнот берди Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири.

Ўз навбатида Пхенян расмийлари бу воқеага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини қатъий таъкидлади.

Шимолий Корея давлат телевидениеси бошловчиси Пхенян расмийлари мамлакатга қарши ҳар қандай ҳатти-ҳаракатга кескин жавоб қайтаришини айтди.

- Бизнинг армия ва халқимиз ўз давлат манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай “жазо”, “ўч олиш” ва “санкциялар”га қарши зудлик билан турли йўллар орқали жумладан кенг кўламли уруш билан жавоб қайтаришга киришади, деди Шимолий Корея давлат телевидениеси бошловчиси.

Айни пайтда, Жанубий Кореянинг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ Сеул расмийлари айбловини қўллаб-қувватлашини айтди. АҚШ Жанубий Кореяга қарашли ҳарбий кеманинг чўктирилишини “агрессия акти” дея атади.

Бу можарода Япония ҳам Жанубий Кореяни қўллаб-қувватлади. Япония ҳукумати Бош котиби Ҳирофуми Ҳирано ҳарбий кемага торпедо отилганини “унутиб бўлмас воқеа” деб атади.

- Япония Жанубий Кореяни қаттиқ туриб қўллаб-қувватлайди ва Шимолий Кореянинг халқаро ҳамжамиятга қарши унутилмас провокациясини қоралайди, дея баёнот берди Япония ҳукумати Бош котиби.

20 май куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Осиё сафари бошланади. Клинтоннинг Япония, Хитой ва Жанубий Корея раҳбарлари билан мулоқоти чоғида Жанубий Корея ҳарбий кемасига қилинган ҳужум масаласининг муҳокамалар марказида бўлиши кутилмоқда.

Пхенян расмийларининг ягона иттифоқчиси бўлган Хитой Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлашдан ўзини тийди.
XS
SM
MD
LG