Линклар

"Тейитга ботировчилар эмас¸ бакиевчилар ўт қўйди!"

  • Сарвар Усмон

Жалолободдаги тўполонлар оқибатида Қодиржон Ботировга қарашли университет биноси энг кўп зиëн кўрди.

Жалолободдаги тўполонлар оқибатида Қодиржон Ботировга қарашли университет биноси энг кўп зиëн кўрди.

Қирғизистондаги “Родина” партияси раиси Аъзамжон Акбаров Озодлик билан суҳбатда Жалолободдаги тўполонларда Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг ролига оид саволларга жавоб берди.


19 май куни Жалолободда бўлиб ўтган тартибсизликлар тўғрисидаги хабарларнинг барчасида Қирғизистон республикаси Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти, мамлакат парламенти собиқ депутати, Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети муассиси Қодиржон Ботировнинг исми тилга олинди.

Ботиров Қирғизистондаги “Родина” партияси сиёсий кенгаши аъзоси ҳамдир.

Шунинг учун мухбиримиз мазкур партия раиси, Қирғизистоннинг янги конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун тузилган Конституциявий кенгаш аъзоси Аъзамжон Акбаровни суҳбатга тортиб, 20 май куни Жалолободда ҳукм сурган вазият, партиядоши номига билдирилаётган танқидлар ҳақида сўради.


Озодлик:
Аъзамжон ака¸ мана сиз билан Қирғизистон вақти бўйича 20 май куни кечки пайт беш яримда гаплашаяпмиз. Марҳамат қилиб шу соатгача бўлган вазиятни айтиб берсангиз. Чунки 20 май куни эрталаб ҳам ҳар хил маълумотларга қараганда Жалолобод яқинидаги Отчопарда яна бир неча минг киши йиғилган¸ вазият кескин эди. Ҳозир қандай вазият?

Аъзамжон Акбаров: Тўғри айтаяпсиз. Эрта билан Ипподром томонда одамлар тўпланиб¸ у ерга губернатор Бектур Асанов ва Исмоил Исоқов (муваққат ҳукумат Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи) борди. Менинг билишимча¸ у ердагилар Бектур Асановни анча-мунча уриб қўйган. Ундан кейин Исмоил Исоқов УВДга келиб¸ ўша ерда ултиматум қўйишибди. Еттита одамни кеча қамаган экан. Ўшаларни қўйиб юборасизлар деб. Ўшани ечиб бераман деганда. Ўша ваъдаларни нима қилгандан кейин яна Исмоил Исоқов борди¸ деб айтишди. Ўшандан кейин Бектур Асановнинг ўрнига Жусуп Жээнбеков деган одамни тайинлашиб¸ менимча тарқалишибди.

Озодлик: Демак¸ шу соатларда Отчопарда ҳеч ким йўқ.

Аъзамжон Акбаров: Йўқ.

Озодлик: Демак¸ улар тарқалган. Университет биносидачи? Университет биносида ҳам бугун одам тўпланди¸ деган гап бўлди. Аввал милиция ходимларими¸ ҳарбийларми университетдагиларни сиқиб чиқарди деган хабар пайдо бўлди. Кейин бу хабарни инкор этишди. Одам борми университет биносида?

Аъзамжон Акбаров: Одамлар бор энди озгина. Мана шу ернинг ишчилари бу ерда юришибди. Соат олти яримларда прокуратура томонидан 50 тача одам келиб университетда қурол борми¸ деган нимада қарашиб¸ текширув қилишди. Уч соат текширув қилишди.

Озодлик: Бирор нарса топишдими?

Аъзамжон Акбаров: Йўқ¸ ҳеч нарса топишгани йўқ. Майда-чуйда у-бу нарсаларни топишибди. Акт тузиб кетишди улар.

Озодлик: Майда-чуйда топган нарсалари нима энди?

Аъзамжон Акбаров: Иккита гилза топишди. Иккита бутилка зажигателний смесь топишди.

Озодлик: Демак¸ шу соатда Жалолободдаги вазиятни шу сўзни агар ишлатиш мумкин бўлса¸ барқарор дейиш мумкин.

Аъзамжон Акбаров: Ҳа¸ ҳозир тинчланиб қолди. Анча нима бўлиб қолди. Улар тарқалишди.

Озодлик: Ўша Отчопарда тўпланганлар кеча ўзларининг норозилик объекти сифатида Халқлар дўстлиги университети биносини танлашди? Нима учун айнан бошқа жойга эмас¸ шу университет биносига келишди?

Аъзамжон Акбаров: Қодиржон Ботиров бу Ўзбек миллий-маданий марказининг вилоят раҳбари¸ республикада миллий марказнинг вице президенти. 14 май куни Бакиев томонидаги одамлар вилоят ҳокимлигини босиб олган эди. Ўшанда биргаликда бошқа бир партия вакиллари билан бориб ўшани бўшатишган.

Озодлик: Вилоят ҳокимлиги биносини.

Аъзамжон Акбаров: Ҳа. Булар тўғрима тўғри борган бўлса¸ ўқ отилган у ëқдан. Бир неча ерлардан ўқ отилган. Ўқ отилганда¸ тарқалиб кетишади. Кейин яна тўпланишиб¸ ўқ отганларни ўша ерлардан қувиб чиқишади.

Озодлик: Вилоят ҳокимлиги биносини.

Аъзамжон Акбаров: Ҳа ва ўшани эгаллашади. Эгаллагандан кейин¸ Бакиевларнинг Тейит деган ери бор¸ ўша ерга бир-иккитаси “Тейитга бориб бир-иккитасининг нимасини куйдирайлик” деганда¸ ...

Озодлик: Бакиевлар яшайдиган Тейит қишлоғи.

Аъзамжон Акбаров: Чунки ҳокимиятга кирган ҳам Бакиев томончиларда. Улар борганда у ерда уже спецслужбалар¸ бошқа болалар турган. Улар борганда Тейит уже куяëтган экан. Чунки улар пиëда боришганда. Спецназ¸ бошқалар турган экан уже. Энди ўша нарсани “Қодиржон Тейитни куйдирди” деб қурол қилиб олишди.

Озодлик: “Қодиржон Ботиров ва унинг одамлари Бакиевнинг қариндошларининг уйларини ëндириб юборди. Шунинг учун биз ундан ўч олишимиз керак” деган мақсадда ҳужум қилишдими университетга?

Аъзамжон Акбаров: Шунақа. Университетга ҳужум қилишиб¸ анча нарсаларни поймол қилишиб ичидаги ҳамма нарсаларни олиб чиқиб кетишди.

Озодлик: Демак¸ университетга ҳужум қилганлар Бакиев тарафдорлари эканда. Шунақа бўлиб чиқаяптида.

Аъзамжон Акбаров: Шундай тушуниш керакда. Вақтинчалик ҳукумат тарафдорлари ундай қилиши керак эмас. Наоборот уларни қўллаб бу ëқдан одамлар чиққан. Биргалашиб ўзбек-қирғиз миллатига қарамасдан бирга бўлиб чиққанда бир-иккита партияларнинг вакиллари.

Озодлик: Университетга тахминан қанча миқдорда молиявий зарар етди?

Аъзамжон Акбаров: Буни санаш ҳам қийин. Университет¸ офис. Асосан офисни¸ у ерда компютерлар борми¸ ҳаммасини синдириб¸ ойналарни синдириб¸ бир-иккита хоналарга ўт қўйиб юборамиз деганда улар кетгандан эрталаб тўхтаб қолди. Санашаяпти ҳозир. Эрталаб прокуратурадан борганда “заявление ëзинглар” деди.

Озодлик: Ëнғиндан сақлаб қолиш кимнинг кучи билан бўлди? Ўзингларнинг кучинглар биланми ëки университет атрофини ўраб турган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг кучи билан сақлаб қолиндими?

Аъзамжон Акбаров: Йўқ¸ ўзимиз. Улар нари ëқда ташқарида туришди. Спецназ дейишади.

Озодлик: Улар аралашмадими?

Аъзамжон Акбаров: Унча аралашгани йўқ. “Кет¸ кет¸ кет” деб туришаверди. Лекин улар қулоқ солмасдан кириб қиладиган ишини ярим соатнинг ичида қилиб чиқиб кетишди.

Озодлик: Қодиржон Ботировнинг Родина партиясига алоқаси қанақа? Оддий аъзоми ëки раҳбариятида борми?

Аъзамжон Акбаров: Политсоветимиз бор. У ерда 17 та одам бор. Ўшалардан биттасида.

Озодлик: Демак¸ сиëсий кенгашнинг аъзоси.

Аъзамжон Акбаров: Ҳа.

Озодлик: Сўнгги хабарга қараганда Исмоил Исоқов 20 май куни Отчопарда бўлган митингда қатнашганларнинг олдида чиқиш қилар экан “Қодиржон Ботировнинг устидан жиноят иши қўзғатилди. Уч кун ичида ушлаб¸ уни жавобгарликка тортамиз” деб ваъда берибди. Буни қандай тушуниш керак? Қандай жиноят устида гап кетаëтган бўлиши мумкин?

Аъзамжон Акбаров: Ким билсин уни нимани ўйлаб чиқишди экан. Мен ундан бехабарман.

Озодлик: Агар референдумда янги конституцияни халқ маъқуллаб берса¸ Қирғизистон республикаси парламент республикаси бўлади.

Аъзамжон Акбаров: Тўғри.

Озодлик: Сизларнинг партия бўлажак парламент сайловига қатнашадими қатнашмайдими?

Аъзамжон Акбаров: Албатта¸ қатнашади. Актив қатнашади.

Озодлик: Сизларнинг партияни “фақат ўзбеклар партияси” деган гап юради. Шу ростми ëлғонми?

Аъзамжон Акбаров: Бошқа партияларни айтса¸ 90-93 фоиз қирғизлар. Уларни ундай дейишмайди. Лекин бизники 80 фоизга яқини ўзбеклар. Ундан ташқари 15 та миллат вакили бор партияда. Лекин улар озчиликни ташкил қилишади. Ўшани деб этнический тузилди деб гапиришади. Лекин қонунда унақа нарса йўқ. Бизнинг партиямизда 15 миллат вакиллари бор. Лекин тўғри кўпчилигини ўзбеклар ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG