Линклар

logo-print

Тожикистон Ўзбекистонга қарамликдан қутулмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистонга аталган юкларнинг Ўзбекистон ҳудудида ойлаб ушлаб турилиши Душанбенинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистонга аталган юкларнинг Ўзбекистон ҳудудида ойлаб ушлаб турилиши Душанбенинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.

Роғун ГЭСи қурилиши учун мўлжалланган юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилиши Тожикистонни йиллардан бери қолиб келаëтган муқобил йўллар қурилишига қайтадан аҳамият қаратишга мажбурламоқда.


Тожикистонни Афғонистон орқали Эронга боғлайдиган янги темир йўл қурилишига тараддуд борасидаги икки ёқлама шартнома 18-20 май кунлари Ислом конфренцияси ташкилотига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг Душанбеда бўлиб ўтган 37-йиғилиши сўнггида имзоланди.

Маросимида сўз олган Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий тожикларга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушланиб қолинаётганидан ташвиш билдирди.

- Биз йўлларда муаммоларга юзма-юз келаётирмиз. Аксарият маҳсулотлар кутилган вақтда транзит қилинмай қолмоқда. Масалан¸ цемент агар узоқ вақт ушланиб қолса, яроқсиз бўлиб қолади. Шуни назарга олган ҳолда, биз тожик томони билан бу муаммоларни қай усул ҳал қилиш борасида фирк алмашдик ва янги темир йўлни тезроқ ишга туширишга келишиб олдик, деди Эрон Ташқи ишлар вазири Муттақий.

Теҳрон дипломатлари раҳбари фикрича, Эронни Қирғизистон, Афғонистон ва Хитой билан ҳам боғлайдиган бу темир йўл, келгусида Тожикистоннинг бу давлатлар билан алоқалари ривожланишига ҳисса қўшади.

Тожикистон собиқ Ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Худойберди Холиқназаров, янги темир йўлнинг қуриб ишга туширилиши ортидан “Тожикистон Ўзбекистонга қарамликдан қутилади” дея мулоҳаза юритади.

Мазкур темир йўл қурилишининг Тожикистон учун аҳамияти шундаки, энг биринчи галда биз Ўзбекистонга қарамликдан қутиламиз. Мана бир неча ойдирки, юзлаб вагон юкларимиз Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетмоқда. Агар бу темир йўл қурилса, бу муаммо буткул ҳал бўлади. Иккинчидан эса, Хитой кўпдан буён орзу қилиб келган “Замонавий Ипак йўли” барпо этилади, деди Холиқназаров.

Тожикистон ҳукумат расмийси, шунингдек мазкур темир йўл лойиҳаси битса¸ ўз мамлакатнинг энергетик иншоотлар қуриш режасининг ҳам тез фурсатда амалга оширилиши мумкинлигини қистириб ўтди.

Тожикистон кўпдан қўшниси Ўзбекистонни айланиб ўтадиган темир йўл, автомобил йўллари ҳамда электр узатиш линиялари қуришни орзу қилиб келади.

Бундан икки йил аввал Тожикистон Темир йўллар ширкати темир йўлларда тез-тез юз бериб турган можароларга барҳам бериш мақсадида ҳукумат ҳомийлигида Ўзбекистонни четлаб ўтиб, республика жануби ва шимолини тутуштирувчи Турсунзода-Хўжанд темир йўлини қуришга бел боғлаган эди.

Тахминан 1000 километрлик йўлни 280 километрга қисқартирадиган бу темир йўл лойиҳаси қиймати 3 миллион АҚШ долларига баҳоланган ва 2009 йил сентябри - мамлакат мустақиллигининг 18 йиллиги арафасида қурилиши режалаштирилган эди.
Бироқ режалар амалга ошмай қолди ва Тожикистон темир йўллар ширкати йўловчи ташиш ва юкларни транзит қилишда яна Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Кўп ҳолларда Душанбенинг бундай муҳим лойиҳаларни амалга оширишига унинг иқтисодий вазияти йўл бермаётгани¸ ё бўлмаса, ташқаридан келаётган сармояларнинг мақсадга мувофиқ сарфланамаётгани сабаб кўрилмоқда.

Мустақил кузатувчилар Тожикистон давлат тизимларида порахўрликка барҳам берилмас экан, яқин йилларда мамлакатнинг транспорт ва энергетика қарамлигидан қутила олмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG