Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Тайванда "ўзбек қизлари" жанжали


Тайванликларни ўз эркакларининг маҳаллий аëллар эмас¸ балки соҳибжамол хорижликларни суррогат оналикка танлагани жунбушга солмоқда.
Тайванликларни ўз эркакларининг маҳаллий аëллар эмас¸ балки соҳибжамол хорижликларни суррогат оналикка танлагани жунбушга солмоқда.

Тайван полицияси ўзбекистонлик аёлларни мамлакатга олиб келиб улардан суррогат она сифатида фойдаланганликда айбланаëтган уч шахс устидан текширув олиб бормоқда. Жамоатчилик эса¸ суррогат оналикка ўзбекистонлик қизлар танланганидан хафа.



Тайванда дув-дув гап....


Тайван пойтахти Тайпей полицияси маълумотига кўра, бири шифокор, бошқаси бизнесмен, учинчиси фармацевт бўлган Куо, Шао ва Лиен исмли уч нафар тайванлик эркак ўзбекистонлик тўрт аёлни 2007 йилда Тайванга олиб келиб улардан суррогат она сифатида фойдаланган.

Бу воқеа оммага ошкор бўлганидан сўнг Тайван матбуотининг энг долзарб мавзуига айланди ва жамоатчилик орасида қизғин баҳс ва мунозара бошлаб берди.

Тайвандаги шов-шувли ва бошқа нозик мавзуларни ёритадиган таниқли Focus Taiwan ахборот агентлиги ҳам бу ҳақда мақола чоп этди.

Мақола муаллифи Маубо Чанг Озодлик билан суҳбатда бу мавзунинг Тайван жамоатчилиги орасида қизғин баҳс уйғотгани сабабларини изоҳлади.

- Ҳозиргача Тайванда бундай воқеа кузатилмаган. Шу боис бу мавзу барча оммавий ахборот воситалари бош мавзуига айланди. Бундан ташқари суррогат она вазифасини бажариш учун тайванлик эркакларнинг хорижлик аёлларни танлагани ва уларни мамлакатга олиб келганлари кенг жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда, дейди тайванлик журналист.

Тайван полицияси маълумотига кўра, Ўзбекистондаги заводлардан бирида ишлаган тайванлик Шао ўзбекистонлик аёлга уйланган ва улар бир фарзандли бўлган. Шаонинг полицияга айтишича, хотини бошқа фарзанд кўра олмагани боис у Тайванга суррогат она бўлиш учун ўзбекистонлик аёлларни олиб келган.


Ўзимизники турганда¸ ўзбекникига нима бор?


Воқеани ўрганаëтган журналист Маубо Чанг Озодликка бунинг асл сабаби бошқа эканини айтади.

- Улар ўз чақалоқларининг хорижликларга ўхшаган бўлишни исташган. Улар, фарзандларининг сочи малла, териси оқроқ, кўзи каттароқ бўлишини хоҳлашган. Шу боис суррогат она учун чиройли аёлларни танлашган, дейди Маубо Чанг.

Полиция маълумотига кўра, ўзбекистонлик икки аёл Куодан учта фарзанд кўрган. Учинчи аёл суррогат она бўлолмаган. Кейинроқ улар Тайвандан жўнаб кетган. Аммо Рита исмли ўзбекистонлик тўртинчи аёл туққан чақалоғини яхши кўриб қолгани учун Тайванни тарк этмасликка қарор қилган.

- Улардан бири шу ерда қолади. Рита исмли аёл ўзи туққан чақалоққа меҳри тушиб қолгани учун Тайванни тарк этишдан бош тортди, дейди тайванлик журналист

Маубо Чангга кўра, Тайванда бораётган баҳс ва мунозара сабаби тайванлик эркакларнинг маҳаллий эмас балки хорижлик аёлларни суррогат она сифатида мамлакатга олиб келиб¸ уларга 30 минг АҚШ долларидан пул тўлаганидадир.

Чангга кўра, Тайванда суррогат она хизматидан фойдаланишга расман рухсат этилмаган. Айни пайтда¸ бу жиноят сифатида ҳам қабул қилинмайди.

Тайванлик журналист фикрича, Куо, Шао ва Лиен хорижлик аёллардан суррогат она сифатида фойдаланганлик учун эмас, балки сохта никоҳ орқали уларни мамлакатга олиб келганлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин.


Ўзбекистонда ҳозирча кўз кўриб¸ қулоқ эшитмаган воқеа

Ҳозирча ўзбекистонлик қизларнинг Тайванга алдаб ëки зўрлаб отиб кетилганига оид хабар кўзга ташланмаëтир. Туғиб бериладиган ҳар бир чақалоқ учун ваъда қилинган пулнинг катталиги¸ қизларнинг бу ишга ўз ихтиëри билан қўл урганини тахмин қилишга асос беради.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонлик аёлларни турли йўллар орқали турли мақсадларда хорижга олиб бориб сотиб юборилиш ҳоллари ҳам янгилик эмас.

"Истиқболли авлод" ёшлар маркази ҳам бир неча йилдан бери Ўзбекистон бўйича одам савдосига қарши кенг ташвиқот ва тарғибот олиб бормоқда. Ташкилот раҳбари Нодира Каримова Озодликка ўзбекистонлик аёлларни чет элларга асосан фоҳишалик ва бошқа ишларда фойдаланиш мақсадида олиб чиқиб кетилиши ҳоллари мавжудлиги¸ аммо суррогат она сифатида фойдаланиш мақсадида чет элга олиб чиқиб кетилгани ўзи ва ташкилоти учун янгилик эканини айтади.

- Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида долзарб алоқа телефонларимиз бор. Аҳолидан мурожаатлар келади. Лекин суррогат она бўйича долзарб алоқамизга бир марта ҳам мурожаат келмаган. Бундан бизнинг хабаримиз йўқ. Бу ҳақда биринчи марта мана бугун ўқидим интернетда. Суррогат она ҳақиқатан одам савдосига киради. Лекин бизларнинг ташкилотимизга унақа мурожаат бўлмаган. Бу бўйича бизнинг ҳеч хабаримиз йўқ. Бу ҳақда биринчи марта эшитаяпман. Ҳозирги пайтда асосан одам савдоси жиноятининг олдини олишга ҳаракат қилаяпмиз. Одамларга жуда кўп ахборот етказиб¸ ҳар битта маҳалла¸ ҳар битта мактабда ташвиқотлар олиб боряпмиз. Ҳозир жуда ҳам катта ишлар олиб борилаяпти, дейди Истиқболли авлод ёшлар маркази раҳбари Нодира Каримова.


Суррогат она ким?


Одатда пробиркада уруғлантирилган тухум ҳужайрасини 9 ой давомида ўз бачадонида ривожлантириб берадиган аëлга суррогат она дейилади. Бундай она¸ ўз бачадонида эмбрионни ривожлантириш имкони йўқ аëлларнинг фарзанд кўриши учун ўзаро келишув ëхуд пул эвазига танланади.

Суррогат оналик масаласи замонавий дунëнинг ҳам ахлоқий¸ ҳам диний ва ҳуқуқий жиҳатда ўта чигал муаммоларидан бири ҳисобланади. Айни кунларда дунë бўйлаб суррогат оналик билан боғлиқ юзлаб суд жараëнлари бормоқда. Дунëнинг кўп давлатлари¸ хусусан Европада суррогат оналик¸ айниқса¸ пул эвазига бегона жуфтлик боласига суррогат оналик қилиш қонун йўли билан тақиқлнаган.

Азиз муштарий¸

агар хорижга суррогат она бўлиш учун олиб кетилаëтган ўзбек аëллари ҳақида маълумотингиз бўлса¸ уларни Озодликка йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG