Линклар

Жалолободда яна митинг ўтказилди


21 май куни Жалолобод марказига чиққанлар аксарининг хотин-қизлар экани айтилмоқда.

21 май куни Жалолобод марказига чиққанлар аксарининг хотин-қизлар экани айтилмоқда.

Комендантлик соати жорий қилинганидан кейинги иккинчи тун ҳам осойишта ўтказган Жалолободда 21 май тушдан сўнг Халқлар дўстлиги университети олдига мингга яқин турли миллат вакиллари тўпланиб митинг ўтказганлар.


Жалолободда кечга яқин бошланган митингда иштирок этаётган Мирзоулуғбек Каримов, йиғилганларнинг асосий қисми аёллар эканини айтиб ўтди.

- Бу митингда кўпчиликни аёллар ташкил қиляпти. Бу ерга мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик бўлишини талаб қилиб чиққан турли миллат вакиллари тўпланишган. Уларнинг орасида Жалолободдаги тартибсизликларда ҳалок бўлганларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари ҳам бор, деди Мирзоулуғбек Каримов.

Митингда иштирок этаётган аёллардан бири ўзининг бу тадбирга қатнашишдан мақсадини тушунтириб берди:

- Тинчлик бўлсин, омончилик бўлсин, деган мақсадда ўтказиляпти бу митинг. Ҳукуматдан бизга тинчликни таъминлаб беришни талаб қилапмиз. Биз турли низолар ва можароларни истамаймиз, деди митингда қатнашган қирғиз аёли.

Шунингдек¸ митингда республика Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни қўлловчилар ҳам гапирдилар.

- Амалдорлар ўзларига кўпқаватли саройлар қураётган пайтда, Қодиржон Ботиров мана шу ўқув комплексини бунёд этди. Халқлар дўстлиги университети ва “Олим” лицейида турли миллат болалари ўқийди. Бу ерда чет элдан келган талабалар ҳам бор. Қодиржон Ботиров миллатчи эмас, интернационалист одам. Унга қўйилган айбловлар олиб ташланишини талаб қиламиз, деди митингчи аёллардан бири.

Сўнгги маълумотларга қараганда, муваққат ҳукуматнинг жануб бўйича махсус вакили, Мудофаа вазири Исмоил Исоқов Қодиржон Ботировга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган.

Бунга эса ташкилотчилари номаълум экани айтилаётган норозилар гуруҳининг Қодиржон Ботировни миллатчилик ва миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилганини иддао этаётгани сабаб бўлган. Норозилар бир неча кун давомида митинг ўтказиб, Қодиржон Ботировнинг қамоққа олинишини талаб қилишган.

Айни пайтда Қодиржон Ботировга ҳақиқатан ҳам жиноят иши очилганми, деган саволга прокуратура томонидан аниқ жавоб йўқ. Қодиржон Ботировнинг ўзи эса журналистлар билан мулоқотдан тийилмоқда.

Шу билан бир қаторда Жалолободдаги тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинаётган Бакиевнинг ака–укалари Аҳмад, Қанибек ва Жаниш Бакиевларга нисбатан ҳам жиноят иши очилган. Улар қидирувга берилган.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукумати апрел инқилобидан сўнг рўй берган тартибсизликларга сиёсий баҳо бериш мақсадида махсус комиссия ташкил қилди.

- Очиқ ва ошкора маълумотлар йиғиб, масалани фақат бир томонлама, фақат бир томоннинг фойдасини кўзлаб ўрганмоқчи эмасмиз, деди комиссия раиси Абдуғани Эркабоев.

Унинг айтишича, комиссия фаолияти холис ва ошкора бўлишини таъминлаш учун бу гуруҳ асосан нодавлат ташкилотлари ва жамоат арбобларидан ташкил топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG