Линклар

Марказий Осиë учун қай бири маъқул: Президентми ëки парламент?

  • Озодлик

Янги қирғиз конституцияси лойиҳаси президентнинг парламентни қўл учида кўрсатишига тоқат қилмайди.

Янги қирғиз конституцияси лойиҳаси президентнинг парламентни қўл учида кўрсатишига тоқат қилмайди.

Қирғизистонда кейинги беш йил ичида иккита президент бедодлигига нуқта қўйган икки инқилоб¸ мамлакат муваққат ҳукуматини балонинг илдизи бошқарув шаклида¸ деган асосда президентлик тизимига барҳам бериш фикрига олиб келди.


21 май куни Қирғизистон муваққат ҳукумати 27 июн куни умумхалқ референдумига қўйиладиган мамлакат янги конституцияси лойиҳасини эълон қилди.

Давлат бошқаруви тизгинини Президентдан Бош вазирга беришни кўзда тутадиган мазкур лойиҳага кўра¸ мамлакатда кўпроқ рамзий ваколатга эга бўлган президентлик тизими сақланиб қолади ва бир шахс фақт бир маротаба 6 йил муддатга президентликка сайланиши мумкин бўлади. Айни пайтда конституция лойиҳаси президентга мутлақ дахлсизлик мақоми берилмаслиги¸ унинг ҳокимиятдалик пайтида ҳам ўз ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортилишини ҳам кўзда тутади.

Асосан ноҳукумат гуруҳлари вакилларидан иборат 75 кишилик Конституциявий қўмита томонидан ишлаб чиқилган Қирғизистон янги конституцияси Бош вазир¸ айни пайтда парламент ваколатларини кучайтиришга қаратилган.

Қирғизистонда кейинги икки ой ичида юзага чиққан сиëсий жараëнлар¸ хусусан мамлакатда бошқарув тизимининг ислоҳ қилиниши турткисида Марказий Осиëнинг таниқли сиëсий диссидентлари минтақа давлатлари учун бошқарувнинг президентлик ëхуд парламент тизимидан қай бирининг мос келиши ҳақида баҳс этдилар.

Озодликнинг қозоқ бўлими томонидан уюштирилган давра суҳбатида Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси раҳбари Тожигул Бегмедова¸ Қирғизистон Жоқорғу Кенеши – парламенти раисининг собиқ ўринбосари Кубат Байболов¸ Ўзбекистон Эрк демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ва Қозоғистон Олий кенгашининг собиқ раиси Серикболсин Абдилдинлар иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчиларига берилган биринчи савол:

- Марказий Осиë давлатларида ҳукм сураëтган президентлик бошқарув шакли ўзини оқладими? Кейинги беш йил ичида иккита инқилобни бошдан кечирган Қирғизистон тажрибаси бошқарувнинг президентлик услуби ўз-ўзини тамоман обрўсизлантирди¸ дейишга асос берадими?


Кубат Байболов:

- Агар кейинги 17 йил ичида Қирғизистонда ҳокимиятн икки марта қонли тарзда ағдарилган бўлса¸ бу жараëн оммавий тартибсизликлар¸ беқарорлик билан кечга бўлса¸ демак бу мамлакатда бошқарувнинг президентлик услуби ўзини оқламади¸ дейиш учун асослар бор. Гап шундаки¸ бошқарувнинг президентлик шакли бу бир тартиб¸ парламентар шакли бошқа бир тартиб. Қирғизистонда айнан ана шу иккала тизим қориштирилгани учун можаролар келиб чиқмоқда. Менимча¸ ëвузлик илдизи ҳам парламент¸ ҳам президент ўзича легитим бўлган вазиятга бориб тақалади.

Тожигул Бегмедова:


- Агар фуқаролар манфаат ва ҳақлари инобатга олинадиган бўлса¸ Туркманистон мисолида¸ президентлик бошқаруви ўзини оқламади. Туркманларда эскидан қолган “Ҳар бир туркман ўзини хон билади” деган нақл бор. Ҳокимият тепасига келган исталган туркман¸ "ер шарини мен кўтариб турибман"¸ деган хомхаëлга берилади. Бунинг устига¸ президентни улуғлаш¸ унинг шахсига сиғиниш жараëнини яратиш орқали ўз манфаатларини кўзлайдиган президент атрофидаги ҳамтовоқлар бор. Бутун ëвузлик илдизи айнан ана шу култ яратишга бориб тақалади.

Қирғизистондаги воқеалар президентлик тизими қулаганини очиқ кўрсатди. Менимча¸ биринчи босқичда президент-парламент тизимини сақлаган ҳолда¸ бошқарувнинг узил-кесил парламентар шаклига ўтиш керак.

Муҳаммад Солиҳ:

- Бу ерда президентлик ëки парламентар система эмас¸ бу системада ишлаëтган одамлар ҳозирги бўлаëтган воқеаларга асосий сабабчи.

Албатта¸ бизнинг қирғиз биродарларимиз¸ қирғиз сиëсатчиларининг парламентар бошқарувга бўлган эҳтиросини мен тушунаман. Чунки улар¸ айтиш мумкинки¸ битта эмас¸ иккита революцияни бошдан кечирди ва бу революцияларнинг ҳеч бири халқни битта одамнинг диктатурасидан қутқара олмади. Шунинг учун ҳам ҳозирги боши берк кўчадан чиқиш йўлини улар парламентар бошқарувда кўраяпти.

Лекин бошқарувнинг ўзигина бу муаммони ечиши маҳол гап. Масалан Италияда¸ Туркияда¸ Юнонистонда¸ Олмонияда ва бошқа Оврўпо мамлакатларида парламентар давлат системаси ишлаб турибди. Қирғизистондан фарқли ўлароқ¸ уларнинг иқтисоди жуда кучли иқтисодлар қаторига киради ва улар ўзини ўзи бошқара оладиган¸ назорат қила оладиган иқтисодга эга. Шунга қарамай бу давлатларнинг баъзи бирлари бугун парламентар системанинг етарли даражада унумдор ишлаëтганига шубҳа билдирмоқдалар ва ҳатто бу давлатлардан баъзи бирлари бу системани президентлик бошқарувига алмаштиришни ўйлашаяпти.

Масалан¸ Туркияда мана шу ҳақда икки-уч йилдан бери ҳам матбуотда¸ ҳам мажлисларда жиддий муноқашалар кетаяпти. Шунинг учун “Бу системанинг қайси бири яхши?” деган масала бу мунозарали масала. Туркиядаги парламентар системага қарши бўлганларнинг “Парламентар системада давлатнинг битта эмас¸ бир нечта боши бор ва ўша бошнинг ҳар биридан ҳар хил гап чиқади. Оқибатда битта қарорни қабул қилиш учун жуда узоқ вақт кетади” деган иддаолари бор.

Қирғизистонликларнинг “Фақат парламентар система биз учун уйғун. Чунки бу ерда бутун сиëсатчилар ва бошга келган президентлар дарров диктатор бўлади” деган гапи бугунги конюктурага тўғри келиши мумкин. Лекин умуман сиëсий система ҳақида гапирганда бунинг тўғри бўлмаслиги кўриниб турибди. Буни практикада ҳам ҳали кўриш мумкин.


Серикболсин Абдилдин:

- Бошқарув шакли бир гап¸ унинг моҳияти бошқа гап. Бу нарса давлатни ким бошқараëтганига боғлиқ.

Марказий Осиëда биз ҳокимиятнинг якка шахслар томонидан узурпация қилинишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Гапнинг индаллосини айтсак¸ Қирғизистонни истисно қилганда¸ минтақа раҳбарлари ҳокимиятга "илиниб" турибди.

Қирғизистонда бошланган ислоҳотлар¸ бу ерда президент бошқарувининг ўз-ўзини тугатганининг яққол ифодасидир. Мен давлат бошқарув тизимига бошқача шакл беришни кўзда тутувчи янги конституция таклиф қилаëтган сиëсатчиларга қўшиламан.

Ҳар қалай¸ парламентга умуман ишонмаслик унча мантиқли эмас. Парламент бошқарувидаги аксар давлатлар¸ ҳатто монархия давлатларидан кўра ўзларини яхшироқ кўрсатмоқдалар. Бу тизим ниҳоятда катта маъсулиятни ўз зиммасига олади ва кўп ҳолларда ўзига топширилган вазифаларни 100 фоиз бўлмасада¸ бажаради. Шу боис¸ давлат ишларини фақат битта президент ҳал этиши лозим¸ дейиш нотўғри¸ деб ўйлайман.


Озодлик: Иккинчи саволга ўтсак. Қирғизистон тажрибаси минтақанинг бошқа давлатлари учун ҳам долзарбми? Сизнингча¸ Марказий Осиë давлатлари учун давлат бошқарувининг қайси тизими мос келади?


Тожигул Бегмедова:


- Менимча¸ Қирғизистон тажрибаси ҳаммамиз учун долзарб. Бевосита туркманларга келсак¸ барчами фуқаровий фаоллик нима эканини қайтадан ўрганишимиз¸ ўзаро баҳс санъатини эгаллашимиз¸ ўз фикрини ҳимоялаш маҳоратини олишимиз лозим. Ўтмишда бизда ҳам халқ билан маслаҳат қилиш тажрибаси бўлган¸ аммо советлар даврида биз бу мактабдан мосуво қолдик.

Мен ривожланишнинг ҳозирги босқичида туркман халқи учун бошқарувнинг парламентар тизими мосроқ¸ деб биламан. Зотан бу тизим фуқаровий фаоллик¸ биринчи галда эса парламентчиларнинг ўзидан фаолликни талаб қилади. Улар эркин микрофонга эришиш учун оммавий ахборот воситаларининг эркин бўлишини талаб қила бошлайдилар¸ айни пайтда янги мустақил партияларнинг рўйхатдан ўтишини¸ фуқаровий жамиятнинг шаклланишини сўрашга мажбур бўладилар.


Муҳаммад Солиҳ:

- Чиқиш йўли борасида менинг иккита таклифим бор эди. Мен конституцияга иккита модда киритишни таклиф қилардим.

Биринчиси¸ импичмент тизимини таъсис қилиш керак. Билмадим¸ Қирғизистон конституциясида импичмент ҳақида модда борми ëки йўқми. Агар бўлса¸ бу моддани кучайтириш¸ янаям салоҳиятли бир моддага айлантириш керак. Ўша модда орқали ҳақиқатан ҳам президентнинг зўравонликка бош уришига тўсиқ бўлиш даражасида кучайтириш керак. Агар йўқ бўлса¸ бу моддани киритиш керак. Бу модда президентнинг фаолиятини шаффоф бир шаклда контрол қилиши мумкин бўлган даражада эффектив модда бўлиши керак.

Иккинчидан¸ менимча фақат Қирғизистон эмас¸ умуман Ўрта Осиëдаги давлатларнинг конституцияларига битта радикал параграф киритишни таклиф қилган бўлардим. Сизга маълум 1776 йилда АҚШ конституциясининг илк вариантида¸ у пайтда 13 та штат эди шекилли¸ 13 штат тарафидан қабул қилинган мустақиллик декларациясида битта модда бор эди. Бу моддада¸ тахминан¸ шунақа дейилган эди. Мен ҳозир тахминан таржима қилишга ҳаракат қиламан. Чунки қўлимда текст йўқ. Бу ерда тахминан шундай дейилади:

“Ўтмишнинг тажрибаси шуни кўрсатадики¸ инсонлар давлат тарафидан қилинган зулмга¸ бузуқликларга маълум бир нуқтагача¸ маълум бир муддат ичида сабр қилиб туриши мумкин. Аммо бу зулмлар¸ суиистеъмоллар жуда ҳаддан ошганида¸ чидаб бўлмас даражага етганида бу зулмнинг олдини олиш учун халқ¸ миллатда бу ҳукуматга қарши исëн кўтариш ҳуқуқи бўлиши керак”.

“Исëн ҳуқуқи”. Айнан шундай дейилган модда. Бу модда бугун бўлганда эди¸ ҳозир Қирғизистон ҳукумати ҳис қилиб турган ғайримашруълик бу қадар кучли бўлмаган¸ улар ўзларини легитим ҳис қилган бўлар эдилар. Ҳар қандай халқ зулм ҳаддан ошиб кетган пайтда унга қарши исëн кўтаришга ҳақли бўлиши керак. Исëн қилиш ҳуқуқи¸ деган моддани бизнинг бугунги конституцияларга киритса¸ мана шундай тарихий босқичда биз учун мана шундай модда жуда зарур деб ўйлайман. Импичмент институти ва исëн қилиш ҳуқуқи ҳақидаги модда конституцияга киритилса¸ бу тарихий босқич бизнинг халқлар¸ бизнинг жумҳуриятлар учун маълум маънода чиқиш йўли бўлар эди. Маълум маънода ҳозир устимизда кечаëтган зулмдан бироз иҳота қилиш учун ëрдамчи бўлар эди деб ўйлайман.


Кубат Байболов :


- Бу дунëда универсал нарсанинг ўзи йўқ ва Қирғизистон тажрибасининг минтақадаги бошқа республикаларга тўғри келишига ҳам кўзим етмайди. Зотан¸ бунинг тўқимаси анча мураккаб.

Бизнинг конституциямиз халққа исëн қилиш ҳуқуқини бермайди¸ бу ерда гап халқнинг эркинликни севиши ҳақида кетмоқда. Айни пайтда¸ Қирғизистон тарихида сиртдан бўлса ҳам бошқалар қўллаши мумкин нарсалар бор. Медалнинг иккинчи тарафи ҳам бор. Гап шундаки¸ халққа жабр-зулм келтирган фактлардан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Бошқарув шаклини танлаш масаласи бу фундаментал эмас¸ балки принципиалдир ва бу ҳақда тинимсиз баҳс қилиш мумкин.


Серикболсин Абдилдин:

- Давлат бошқарувининг қай шакли бўлмасин¸ демократик давлатчиликнинг асосий унсурларидан бири парламент тимсолида кучли намояндалик ҳокимиятининг бўлишидир. Қозоғистонда 1994 йилдан бери президентлик бошқарув тизими ҳукм суриб келмоқда. Бугун Қозоғистонда ҳамма ëқнинг тинч ва барқарор экани ҳақида тинимсиз гапиришмоқда. Бу эса чўпчакдан бошқа нарса эмас. Бугун барқарорлик ҳатто¸ Оқ ўрданинг ўзида ҳам йўқ – ҳамма нарса диктатура¸ деспотизм ва бир одам режимига илиниб турибди.

Агар бугун кимдир диктатура умрини узайтирмоқчи бўлса¸ марҳамат¸ президент бошқаруви учун овоз берсин. Мен бир одам режимида на эркинлик¸ на барқарорлик бўлади¸ деган ишончдаман. Мен ҳамиша кучли парламентар тизим ва ваколати чекланган президент тарафдори бўлганман¸ ҳозир ҳам шундай.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG