Линклар

Шимолий Кореяга қарши чора кўрилиши мумкин


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон халқаро ҳамжамият Жанубий Кореянинг кемасини чўктириб юборган Шимолий Корея нисбатан чора кўриши кераклигини айтди.

Осиё давлатларига сафари доирасида Японияга борган Клинтон 21 май куни Токиода шундай баёнот берди. Айни пайтда у Шимолий Кореяни номақбул сиёсатини тўхтатиши ва халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди.

- Шимолий Корея ўзининг иғвогарона хатти-ҳаракатларини тўхтатиши, таҳдид сиёсати ва қўшниларига нисбатан босқинчилик сиёсатига барҳам бериши керак. Шунингдек, ядровий қуроллардан воз кечиш ҳақидаги ваъдасини бажариши ва халқаро қонунлар талабларини бажариши керак, - деди Ҳиллари Клинтон.

20 май куни Сеул расмийлари Жанубий Корея флотига қарашли кема 26 март куни сувга ғарқ бўлишида Шимолий Кореянинг сув ости кемасидан отилган торпедо сабаб бўлганини эълон қилди.

Воқеани ўрганган халқаро мутахассислар гуруҳи буни исботловчи қатор далиллар қўлга киритилганини таъкидлади.

Жанубий Корея кемасининг сувга чўкиши оқибатида 46 нафар денгизчи нобуд бўлган.

АҚШ Давлат котиби Япониядан кейин Хитой ва Жанубий Кореяга боради.
XS
SM
MD
LG