Линклар

Даша Сардорага айланди: Руслар ўзбек тилини ўрганмоқда


Москва давлат лингвистика университети раҳбарларига кўра¸ талабалар ўзбек тилини қисқа фурсат ичида катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар.

Москва давлат лингвистика университети раҳбарларига кўра¸ талабалар ўзбек тилини қисқа фурсат ичида катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар.

Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш бўйича 5 йиллик ўқув дастури амалга оширилмоқда. Университет мутасаддиларига кўра¸ узоқ кечикиш билан очилган бу дастурга қизиқиш анчагина катта.



Москва давлат лингвистика университети қошидаги Халқаро муносабатлар ва ижтимоий-сиёсий фанлар институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Арсен Касюк Озодлик билан суҳбатда ниҳоят университетда ўзбек тилини ўргатишнинг ҳам йўлга қўйилганини билдирди:

- 10 йил олдин университетда ректоримиз ташаббуси билан собиқ иттифоқдош республикалар тилларини ўрганиш жорий қилинганда, тўғриси, бу фикрни кўпчилик жиддий қабул қилмаган. Давлат бунга пул ажратмаган эди. Биз ўзимизнинг ҳисобимиздан талабаларимизга учинчи тил сифатида ўқитишни давом эттирдик. Ҳозирда бизда туркман тилидан ташқари барча собиқ иттифоқ тиллари иккинчи тил сифатида ўргатилмоқда, дейди ўзбек тилини ўрганишни жорий қилган факультет директори Арсен Касюк.

Собиқ иттифоқдош давлатлар тиллари орасида энг охирда жорий қилинган бўлса-да¸ жаноб Касюк¸ ўз олийгоҳининг қисқа вақт ичида ўзбек тилини гапира оладиган талабалар тайёрланганидан мамнунлигини яширмайди:

- Университетда ўзбек тилини ўқитиш 5 йил давом этади. Мана яқинда Европадагидай бакалавр-магистратура тизимига, яъни 6 йиллик ўқитиш тизимига ўтамиз. Ўзбек тили бўлими қошида Ўзбек маданий марказини очиш режалаштирганмиз. Биз нафақат тил, балки бу давлатларнинг урф-одати ва маданиятини ҳам ўрганамиз. Чунки эсдан чиқарманг - биз халқаро муносабатлар бўйича мутахассис тайёрлаймиз. Дипломатик вакилликлардан ташқари биз таржимонликка, ахборот тармоғи, бизнес ва ишлаб чиқариш тизимларига мутахассис етказиб берамиз, деди Халқаро муносабатлар ва ижтимоий-сиёсий фанлар институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Арсен Касюк.

Арсен Касюк сўзларига кўра, ўзбек тили яқинда ўқитилиши бошланганига қарамасдан талабалар орасида катта қизиқиш уйғотган:

- Нима учун ўзбек тили кеч ўқитилиши бошланганига сабаб, биз Ўзбекистон билан малакали ўқитувчи ёллаш масаласида маъмурий-ҳуқуқий муаммоларга дуч келаётган эдик. Университет қайси тил ўрганилаётган бўлса, ўша мамлакатдан яхши мутахассис ёллаш амалиётини қўллайди. Мана ўзбек тилини ўқитиш учун биз Жаҳон тиллари университетидан малакали профессор Xадича Муҳиддиновани таклиф қилдик. Бу аёлнинг ўз юртини, маданиятини севиши, урф-одатларини ҳурмат қилиши сезилиб туради, дейди Халқаро муносабатлар институти директори Арсен Касюк.

Ўзбек тилини Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тили тарғиботи ва ўқитишини ўз зиммасига олган Жаҳон тиллари университети Ўзбек тили кафедраси мудираси, филология фанлари номзоди, доцент Хадича Муҳиддинова қисқа вақт ичида ўзбек тилини ўқитишнинг йўлга қўйилганини айтади:

Хадича Муҳиддинова: Демак¸ 1 декабрда келдим. Ўзим айнан рус гуруҳларида ўзбек тилининг ўқитилиши масалалари билан шуғулланаман. Ўзимнинг докторлик тадқиқотим ҳам шу бўйича. Анча йиллардан бери ўзбек тилини интенсив ўқитиш бўйича шуғулланиб келаман. Бу ерда ҳозир битта группа. Буларнинг группалари кичкина экан. Менинг группам энг катта группа экан. Чунки 11 та талаба бор. Қолганларда учта-тўртта-бешта. Биринчи қилган ишим¸ ўзимнинг тажрибамдан келиб дарс бошлангунга қадар икки ойнинг ичида жуда ҳам яхшилаб дастур туздим. Ўзим ҳам қониқдим дарсимдан. Чунки Ўзбекистонда корейслар тўрт ойда гапириб интервью беришганда¸ сенсация бўлган эди. Булар бу ерда икки ойнинг ичида гапириб икки ойнинг ичида очиқ дарс ўтдик. Қизиқиши ҳам катта. Бошида ажабланиб туришган эди. Ҳозир улар бунга қизиқиб қараяпти.

Озодлик: Этнография¸ тарих¸ ҳаммаси ўқитилаяптими?

- Ҳа¸ ҳаммаси бирга кетаяпти. Мана ҳозир тўртта ашула ўрганишган. Телефон қилишганида ўзбек тилида “Ассалому алайкум” деб ҳатто бошқа гуруҳда ўқийдиган ўртоқлари ҳам ўзбек тилида салом беришаяпти ҳозир. Ҳамма ўзига ëққан исм-фамилияни танлаб олишган. Ўшани айтишади¸ бир-бирига шу билан мурожаат қилишади¸ дейди Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тилидан дарс бераëтган Хадича Муҳиддинова.

Хадича Муҳиддинованинг ўзига Сардора деб ном қўйган талабаси устози тилга олган қизиқиш ва прогресснинг ўзига хос амалий исботидир:

- Мен Даша Коснаенкоман. Мени ўзбекча исмим Сардора. Мен 121-гуруҳ сардориман. Биз узбек тилини якинда ургана башладик. Биз узбек тилини севиб колдик. Узбек тилини урганиш Узбекистонни яхширок билишга узбек халки билан дўстлашишга ëрдам беради. Озодлик радиосига катта салом¸ дейди Сардора.

Хадича Муҳиддинова ўзбек тилини Россия пойтахти университетида жорий қилиниши маълум даражада маъмурий тўсиқларга учрагани ва ниҳоят университет раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан ўқиш бошланганини ҳам қўшимча қилди:

Хадича Муҳиддинова: Бунинг бошланиши мана шу университетнинг ректори Ирина Ивановнанинг ташаббуси билан¸ кейин Россия ҳукукматининг таъсири бўлиши керак. Бу йил энг охирида фақатгина ўзбек тили. Фақат туркман тили йўқ ҳозирча.

Озодлик: Нима учун ўзбек тили бунча кеч қолиб кетди?

- Буларнинг қилган хатлари бизларга етиб бормаган. Вазирликда қолиб кетаверган. Ҳатто мен келганимда мени алоҳида чақириб¸ мен билан суҳбатлашдида. Бошқаларни унақа таклиф ҳам қилмаган экан. Ўшанда менга “Я так долго вас ждала” дейди. Ҳар битта тил бўйича ўзининг марказини очган. Ўзбек тилига¸ олдин бошлагандан кейин икки томоннинг нимаси билан тузилар экан¸ мана яқинда бу ердан Ўзбекистонга делегация бориб келди. Хонасида болаларнинг кийимларидан тортиб компютергача¸ дискларгача¸ китобларгача ҳаммаси билан элчихонаси¸ ўзининг республикаси таъминлаган. Менинг қўлимда ҳеч нарса йўқ. Меҳнатим фақат. Бошқа ҳеч нарсам йўқ¸ деди Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тилидан дарс бераётган Хадича Муҳиддинова.

Россияда ўзбек тилини ўрганишнинг илмий асосларини 1875 йилда санкт петербурглик тилшунос Михаил Терентьев яратган.

Баъзи маълумотларга кўра, бугунга келиб, Лингвистика университетидан ташқари Москва Халқаро муносабатлар институти (МГИМО), Москва Чет тиллар институти, Россия Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтларида ҳам ўзбек тили, тарихи ва маданиятидан талабаларга сабоқ берилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG