Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:42

Мактабларда "контракт пули" қонунийми?


Ўзбекистондаги айрим мактабларда шартнома асосида билим бериш шакли жорий этилган.
Ўзбекистондаги айрим мактабларда шартнома асосида билим бериш шакли жорий этилган.

"Контракт нима ўзи? Уни неча томон имзолайди? Уни имзолашда ота -онанинг ихтиёрий розилиги булиши керакми ёки мактаб нима деса шу буладими?" Фарзандлари ўқиётган мактабга ҳоимийлик ва контракт пули тўлайверишдан безиб бизга мурожаат қилган жиззахлик муштарий саволларига жавоб изладик.

Озодликка 21 май куни етиб келган мактублардан бири мана бундай бошланади:

"Ассалому алайкум хурматли "Озодлик" радиоси ходимлари. Мен Жиззах шахар Х.Олимжон махалласида яшайман. Менинг фарзандим Жиззах шахридаги 6 урта мактабда укийди.

Сизларга ушбу мактубни йуллашимдан максад: Биз каби ота-оналарга Узбекистонда таълим сохасида хомийлик ва хомийликнинг мажбурийлиги, пул йигишнинг чегараси, унинг конунийлиги ва расмийлаштирилиши йул йурикларини бир мавзу сифатида тахлил килиб беришларингизни сурайман.

Масалан: фарзандим укийдиган мактаб, яъни Жиззах шахардаги 6-мактаб 3минг сумдан ойига контракт пул талаб килади. Хўш контракт нима ўзи? Уни неча томон имзолайди? Уни имзолашда ота -онанинг ихтиёрий розилиги булиши керакми ёки мактаб нима деса шу буладими? Бу мактабда менинг фарзандим ва синфдошлари йиллар давомида мактабнинг бу зуравонлигига зўрға чидаб келмоқдалар".

Бир ярим қоғозни эгаллаган мактубнинг бошламасини муаллиф имлосини сақлаган ҳолда, таҳрирсиз келтирдик.

Хати давомида жиззахлик ота мактабга контракт пулидан ташқари кино пули, суғурта пули, таъмир пули ва бошқа шунга ўхшаш “пул”ларни тўлаб чарчаганидан зорланган.

Эшиттиришимизда тингловчимизнинг саволларига жавоб топиб беришга уринамиз.

Аввало, хат муаллифи тилга олган мактабда фарзандлари ўқийдиган бошқа ота-оналарни топдик.

Улар билан ўтказганимиз суҳбатлардан Озодликка етиб келган мактубда келтирилган фактлар рост эканлиги яққол кўриниб қолди.

Мана ўзингиз эшитинг:

Озодлик: Сизнинг фарзандингиз контракт синфда ўқийдими оддий синфда ўқийдими?

- Контрактда.

Озодлик: Нима дегани у контракт дегани?

- Пулли синфда.

Озодлик: Оддий синфлардан бундай синфларнинг фарқи нимада?

- Фарқи йўқ шекилли. Ўзи контракт синфга тушган. Бошидан контракт синфга тушган эди.

Озодлик: Контракт синфга тушишини ким ҳал қилган? Ўқитувчилар сизнинг розилигингизни олганми?

- Йўқ¸ бошида айтган. “Ўқитаверасизми контракт синфда” деган. “Ҳа¸ ўқитаверамиз” деганман.

Озодлик: Сиз ариза ëзмагансиз?

- Йўқ.

Озодлик: Шартномага қўл қўйганмисиз?

- Энди шартномаси контракт-ку ўзи. Шартнома бўлмаса керак. Контракт синф-ку.

Озодлик: “Фарзандимнинг контракт синфда ўқишига розиман” деган қандайдир қоғозга қўл қўйганмисиз?

- Унақа қўл қўймаганмиз энди. Розилигимизни айтганмиз.

Озодлик: Қўл қўймагансизлар. 3000 дан тўлайсизларми?

- Ҳа.

Озодлик: Ойига-а?

- Ҳа.

Озодлик: 3000 дан 9 ой тўлайсизларми 12 ой тўлайсизларми?

- Каникул бўлгандан кейин каникулга чиқариб юборади. У ëғига тўламаймиз-да.

Озодлик: Мактабда фақатгина контракт учун пул тўлайсизми ëки бошқа нарсалар учун ҳамми?

- Йўқ¸ фақат контрактга.

Озодлик: Ремонтига тўламадингларми?

- Ремонт бўлса тўланади-да.

Озодлик: Мана бу йил ўқув йили тугаяпти. Ремонтга тўладингларми тўламадингларми?

- Тўладик.

Озодлик: Неча пул?

- 4000.

Озодлик: Контрактга 3000 дан тўлайсиз экан¸ ремонтга тўлабсиз 4000. Яна нималарга тўлайсизлар?

- Синфда пол ювади дейди. Ўшанга 300 сўмдан пул олади ойига.

Озодлик: 300 сўмдан пол ювишга ойига олади. Яначи?

- Бошқа ҳеч нарсага йўқ пул.

Озодлик: Ремонтга¸ пол ювишга мен тўламайман десангиз бўладими, бўлмайдими?

- Бўлади. Шароити йўқлар нима қилмаса тушунади.

Озодлик: Контракт пулини тўлаш¸ ремонт пулини тўлаш¸ пол ювиш пулини тўлаш сизнинг оилангиз учун оғирми оғир эмасми?

- Менимча¸ ҳаммага бу оғир. Борига бор¸ йўғида йўқ.

Озодлик: Сизнинг оилангизга бир ойда неча пул киради?

- Фақат ўзим ишлайман. Бошқа ҳеч ким ишламайди.

Озодлик: Неча пул ойлик оласиз?

- 80 минг ойлик оламан.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Бировнинг дўконида сотувчиман¸ дейди фарзанди Жиззах шаҳридаги 6 – ўрта мактабда ўқийдиган она.

Энди икки фарзанди шу мактабда ўқийдиган ота билан ўтказилган суҳбатни тингланг.

Суҳбат Озодликка етиб келган мактубда тилга олинган “кино пули”дан бошланди.

Озодлик: Кино пули деган нарса борми йўқми?

- Бор¸ бор. Уям бор. Театрга дейишади. Театрга деб пул йиғишади-да. Театрга, деб ўша ерга олиб бориб кино кўрсатишар экан.

Озодлик: Ойига неча пул йиғишади?

- Шанба куни боришади. Одам бошига 600 сўмдан олиб боришади.

Озодлик: Ҳар шанбами?

- Йўқ¸ ҳар шанба эмас. Через ден бўлиши ҳам мумкин-да. Через шанба.

Озодлик: Через шанба. Бир ойнинг икки шанбасида 600 сўмдан кино пули. Қанақа кино кўрсатишаркан?

- Энди “Учар қиз” деган янги ўзбек филми чиқибди-ку. Ўшани кўришибди-да, ëш болалар бориб. Ëш болага тўғри келадими шу кино?

Озодлик: Шу филмни сиз ўзингиз кўрганмисиз?

- Йўқ¸ кўрмаганман.

Озодлик: “Ëш болаларга тўғри келадими” деб хафа бўлаяпсизку.

- Мен уничи кинотақдимда кўрганман парчасини. Кинотақдимда кўраяпман бу катталар кўрадиган кинода барибир.

Озодлик: Сиз ота сифатида ўқитувчиларга “Ëш болага мўлжалланмаган кино кўрсатдинг” деб норозилик билдирдингизми?

- Йўқ¸ энди уни болаларимиздан сўраймиз. “Яхши¸ маза қилдик” дейди. Энди болаларга фарқи йўқ-ку қандай кино кўрса ҳам. Жалоба қилган билан фойдаси йўқ-да. Барибир ўшандай давом этаверади.

Озодлик: Сизнинг фарзандингиз контракт синфда ўқийдими оддий синфда ўқийдими?

- Контракт.

Озодлик: Контракт синфнинг оддий синфдан нима фарқи бор?

- Қандай тушунтирсам экан, сизга. Табақага бўлинар экан-да. Камбағал оиланики алоҳида¸ тўқроқ оиланики алоҳида.

Озодлик: Сиз тўқроқ оиламисиз?

- Энди ундай ҳам эмас¸ бундай ҳам эмас.

Озодлик: Сизнинг фарзандингизни контракт синфга олишар экан сиздан сўрашганми?

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Билмасам, балки хотинимдан нима қилгандир.

Озодлик: Хотинингиз биланми¸ сиз биланми мактаб контракт синфда ўқитиш тўғрисида шартнома имзолаганми имзоламаганми?

- Шартномадан менинг хабарим йўқ.

Озодлик: Ойига неча пул тўлайсиз шартнома бўйича?

- 3300 сўмми. 3000 дан зиëдроқ олаяпти менимча.

Озодлик: Ўша тўлаганингизга квитанция беришадими беришмайдими?

- Йўқ¸ йўқ. Қанақа квитанция? Унақа нарса йўқ у ерда.

Озодлик: Мана кино пули тўлайсизлар экан¸ контракт пули тўлайсизлар экан.

- Обуна деди. Обунага пул олди. Ўшанга ҳам обуна бўлганини, масалан, 2010 йил ҳисобига қизимга ҳеч обуна бўлган нимасини кўрганим йўқ.

Озодлик: Обунага неча пул тўлагансизлар?

- У ҳам 3000 дан зиëд эдими дейман-да. Аниқ эсимда йўқ. Чунки йилнинг бошида берган эдик уни.

Озодлик: Ниҳоят ремонт пули. Бу йил ремонтга пул тўладингизми тўламадингизми?

- Ремонтга тўладим. Биттасига 5000 тўладим¸ биттасига 4000 тўладим.

Озодлик: 9000 тўладингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Сир бўлмаса¸ бир ойда неча пул ойлик оласиз?

- Меники 80 мингга боради. 71 мингми¸ 78 мингми шуни атрофида-да.

Озодлик: Нима иш қиласиз ўзи?

- Бу ҳам зарурми?

Озодлик: Зарурмас. Айтгингиз келмаса¸ айтмай қўя қолинг. Мана, ремонтга иккита фарзандга 9000 тўлабсиз. Сизнинг фарзандларингиз ўқийдиган мактабни бултур давлат 300 миллионга таъмирдан чиқариб берган экан-ку.

- Хабарим бор ундан. Ўшанга ҳайронман-да мен ҳам. Шифер қилиб берган экан¸ яхши ремонтлар бўлган экан. Хабарим бор ундан.

Озодлик: Бориб мактаб директоридан “Ўтган йили 300 миллионга капитал ремонт қилинган эди. Яна нима ремонт?” деб сўрамадингизми?

- Йўқ¸ сўраганимиз йўқ-да ҳали. Ўшанга яқинда ота-оналар мажлиси бўлганда. Хотиним борган экан. Ўшанда айтишган бўлса керак шу масала бўйича.

Озодлик: Фарзандингизнинг синфдошининг отаси йиғишлардан шикоят қилибди. Аҳвол шу шикоят қиладиган даражадами ëки шикоят қилмай қўйса ҳам бўлаверадими?

- Кимга қандай-да. Тўлов нарсалари кўпайиб кетса ҳам конечно унга оғир ботади-да.

Озодлик: Кўпайиб кетдими ëки чидаса бўладиган даражадами, деб сўрамоқчиманда сиздан.

- Йўқ¸ йўқ¸ чидаб бўлмайди унга.

Озодлик: Фарзандингиз неча йилдан бери контракт синфда ўқийди?

- Биттаси икки йилдан бери¸ униси бир йилдан бери.

Озодлик: Оддий синф билан контракт синфнинг фарқини сездингизми сезмадингизми болангиз олаëтган билимда?

- Йўқ¸ мен сезганим йўқ уни¸ дейди икки фарзанди Жиззах шаҳридаги 6 – ўрта мактабда ўқийдиган ота.

Демак, Озодликка 21 май куни етиб келган мактуб муаллифи келтирган маълумотлар рост.

У киши сўраётган саволларга жавоб излаб Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик:

Озодлик: Шартнома асосидаги синфлардан бошламоқчи эдик. Бу нима? Маълумот бера оласизми?

- Йўқ¸ бизда шартнома асосидаги синфлар йўқ-ку. Қанақа? Тушунмадим тўғриси.

Озодлик: Масалан, Жиззахда ойига ота-оналардан 3000 сўмдан йиғилиб¸ шартнома синф деб алоҳида ўқитилар экан болалар.

- Бизда ҳар битта мактаб юридик мақомга эга. Мактаб уставида кўрсатилган тартибда ота-онанинг розилиги билан дарсдан кейин ўқитувчи ўқувчи билан шуғулланиши мумкин. Яна айтаман ота-онанинг розилиги билан биргаликда. Бу мажбурий эмас.

Озодлик: Шартнома синф деган тушунча йўқми?

- Унақа тушунча йўқ. Халқ таълими тизимида шартнома синф деган тушунча йўқ.

Озодлик: Мактабларда пулли хизмат кўрсатишнинг қайсидир бир усулига рухсат берганми?

- Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мажбурий ва у бепул. Давлат томонидан таъминланади. Яна бир марта айтаман 100 фоиз мактаблар юридик мақомга эга. Уставида кўрсатилган дарсдан кейинги қўшимча хизматлар бўлиши мумкин ўқитувчилар билан. Яна бир бор қайтараман лекин бу ота-оналар билан келишган ҳолда ким хоҳласа¸ у ўшанақа қўшимча нималарни дарсдан кейин ўтиши мумкин¸ дейди Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими.

Демак, “контракт синф”, “шартнома синф”, деган тушунчаю шундай синфда ўқийдиган болалардан пул олиш қонунда йўқ.

Пуллик хизмат кўрсатиш мактаб низомида назарда тутилган бўлиши мумкин, лекин бундай хизмат, яъни қўшимча дарс дарслардан кейин ўтилади.

Вазирлик вакили гапини шундай тушундик. Шу ҳолатни назардан қочирмай туринг.

Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими билан боғландик. Бўлимнинг масъул ходимларидан биридан мана бу гапни эшитдик:

- Контракт синфлар йўқ. Ихтисослаштирилган синфлар бор.

Озодлик: Ўша синфларнинг оддий синфлардан фарқи ҳақида сўрамоқчи эдик. Кейин ўша синфларда ўқийдиган болаларнинг ўқиши учун тўланадиган пул ҳақида сўрамоқчи эдик. Жиззахлик тингловчиларимиздан келган бир хатни ўрганаëтган эдик-да. Шу ҳақда айтиб бера оласизми?

- Унда фақат бошлиғимизга мурожаат қиласизлар¸ дейди Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимларидан бири.

Эътибор беринг, азиз тингловчи, Тошкентдан – вазирликдан Жиззахга – халқ таълими бўлимига етиб боргунимизча ўзгариш юз берди.

Хўш, фарзандлари 6-мактабда ўқийдиган ота-оналар “контракт синф” деган иборани ишлатар экан, бу ибора халқ таълими бўлими вакили айтаётган “ихтисослаштирилган синф”ми ёки мактаб низомидан келиб чиқадиган ўзига хос таълим тузилмасими?

Агар шундай бўлса, вазирлик вакили айтган принцип – таълимнинг бепуллиги принципи қайда қолади?

Халқ таълими бўлими бошлиғи билан ҳам, 6- мактаб директори билан ҳам гаплашишга уриниб кўрамиз ҳали.

Ҳозирча эса, ўқитувчи билан гаплашайлик. Суҳбатдошимиз Жиззах шаҳрига қўшни Зарбдор туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган Зиёдулла ака.

Озодлик: Контракт синф дегани нима дегани?

Зиëдулла ака: Биринчидан¸ мен мактабларда контракт синф борлигини биринчи марта эшитаяпман. Мактабда контракт синф бўлмайди.

Озодлик: Қанақа синф бўлади? Контракт синф деб қанақа синфни назарда тутишлари мумкин?

Зиëдулла ака: Контракт синф деб шунақа синфларни назарда тутиш мумкин¸ яъни ҳар бир мактабда ëки ҳар бир синфлар орасида энг кучли билимга эга бўлган ўқувчиларни териб олиб¸ ўша йўналиш бўйича¸ масалан, она тили фанидан¸ математика фанидан¸ инглиз тили фанидан чуқур ўзлаштира оладиган ўқувчиларни териб олгани¸ яъни шунақа ўқувчиларни контракт синф деса¸ мантиққа тўғри келади. Чунки унақа синфлар бизда ҳам бор.

Озодлик: Нима деб аталади ўша синфлар?

Зиëдулла ака: Бунақа синфни бизда “иқтидорли синф” дейди.

Озодлик: Иқтидорли болалар синфи.

Зиëдулла ака: Шунақа. Мактаб программасини тўлиқ олади ва ундан ташқари яна уларга қўшимча дарслар ҳам ўтади.

Озодлик: Шу синф пуллими бепулми?

Зиëдулла ака: Аслида бепул бўлиши керак. Лекин ўша очган синфнинг¸ айтайлик синф раҳбари ўзи қўшимча ўтган дарслари учун кружок дарслари ўтса агар¸ пул олиши ҳам мумкин.

Озодлик: Пулни қандай¸ “Менинг дарсим фалон сўм туради” деб эълон тахтасига ëпиштириб қўядими? Қандайдир бир юридик асоси борми?

Зиëдулла ака: Унақа синфни очганда¸ ўша фан ўқитувчиси ўқувчи ва ўқувчиларнинг ота-оналари билан аввало келишилган ҳолда ва мактаб маъмурияти билан келишган ҳолда бўлади. Ҳар бир ўқувчига оладиган сумма ўқувчи ва унинг ота-онасининг розилиги билан келишилган ҳолда бўлади.

Озодлик: Хусусан сизларнинг мактабингларда шундоқ.

Зиëдулла ака: Бизнинг мактабда шундоқ. Лекин бошқа мактабларда қандай тартибда қилинганидан хабарим йўқ. Лекин бизда оғзаки келишув шартномаси бор.

Озодлик: Оғзакими у?

Зиëдулла ака: Ҳа.

Озодлик: Ëзма шартнома тузилмайдими?

- Икки томоннинг келишувига асосан бўлаяпти бу. Бунинг ҳеч қанақа қонуний ëки ноқонуний томонлари йўқ¸ дейди Зарбдор туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган Зиёдулла ака.

Қизиғу?!

Бозордан картошка олишни эслатмаяптими?

Неча пул бўляпти бугун она тилидан қўшимча машғулот?
Фалон пул.
Ками йўқми?
Сўрангчи, келишамизда, энди...

Шу тахлит кечадими савдо? Тушунмадик.

Ахир, мактаб давлат муассасаси-ку?!

Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими мудири билан ҳам боғландик.

Саидаҳмад акага хатни деярли тўла ўқиб бердик. Шундан сўнг домла “ҳеч қанақа контракт синф йўқ, балки 6-мактабда ўқитувчилар репетиторлик қилаётгандир, мен сиз айтаётган масалани ўрганай, кейин хабарлашамиз, мактаб директори билан ҳам ўзим суҳбат уюштириб бераман”, деди.

Алоқамиз, шу ваъда билан узилди.

Кейин Саидаҳмад аканинг телефонини очишга вақти бўлмади, шекилли, барча қўнғироқларимиз жавобсиз қолаверди.

Эшиттиришимиз давомида масалага алоқаси бор деярли ҳамма томонларнинг вакиллари билан гаплашдик.

Азиз тингловчи, эшитиб Сиз бир нарса тушундингизми?

Агар тушунган бўлсангиз, табриклайман.

Шахсан мен деярли ҳеч нарса тушунмадим.

Тўғри, тушунганим ҳолатлар ҳам бўлди:

яъни, 6-мактаб раҳбариятию ўқитувчилари билан ота-оналар орасида бир-бирини англашув йўқ – фарзандлари "контракт синф"да ўқийдиган ота-оналар ҳар ой 3000 сўмдан пулни нима учун тўлаётганини тушунмайди, биров тушунтирай демайди;

афтидан, алоҳида юридик мақомга эга бўлиб қолган мактаблар фаолияти халқ таълимига оид қонунлар билан зиддиятга киришмоқда;

ота-оналардан йиғиладиган пулларнинг тури йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. (Бу ҳолат биргина 6-мактаб учун хос эмас – жойлардан келадиган хат-хабарларга қараганда, бутун мамлакат бўйлаб аҳвол шундай) Ҳатто, ана, пол ювадиган фаррошнинг пулини ҳам ота-оналардан олишаяпти.

Хуллас, эшиттиришимиз жавобларни топиб бериш ўрнига саволлар кўпайтирди, холос.

Ҳа, айтганча, шаҳар халқ таълими бўлими мудири Саидаҳмад ака билан қайта боғлана олмагач, 6-мактабга ўзимиз қўнғироқ қила қолдик.

Телефонни директор кўтармади. Уни телефон станциясининг автожавоббергичи “кўтарди”: “Сиз сўраётган телефон пули тўланмагани учун ўчириб қўйилган”.
XS
SM
MD
LG