Линклар

Бакиевлар таслим бўлмоқчи эмас

  • Озодлик

Қурмонбек Бакиевнинг кичик ўғли Максим Бакиев интерпол қидирувига берилган.

Қурмонбек Бакиевнинг кичик ўғли Максим Бакиев интерпол қидирувига берилган.

20 май куни интернет тармоғида айни пайтда Белорус пойтахти Минскда бошпана топган Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевнинг кичик ўғли Максим ва укаси Жаниш Бакиев ўртасида бўлиб ўтган суҳбат тариқасида тақдим қилинган 30 дақиқалик сўзлашув аудиоёзуви эълон қилинди.

Бу суҳбат бўлиб ўтганига ишонадиган бўлсак, унда Қирғизистондаги вазиятни издан чиқариш, муваққат ҳукумат обрўсини тўкиш ҳамда давлат тўнтариши орқали ҳукуматга ўз одамларини олиб келиш борасида гап боради.

Интернетда Максим ва Жаниш Бакиевларга таалуқли экани айтилиб, эълон қилинган телефон суҳбати аввалида Максим Бакиев Жаниш Бакиевга телефон суҳбатларини “Катта ака”нинг махсус хизматлари ёзиб олиш хавфидан чўчиётганини, аммо бу телефон номери янги бўлгани учун ҳам бундай хавф йўқ эканига умид қилаётганини айтган.

Шундан сўнг суҳбат жараёнида овози Максим ва Жаниш Бакиевларга ўхшаган шахслар муваққат ҳукумат обрўсини қандай йўллар билан тўкиш мумкинлиги, мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш йўллари, ҳамда қуролли одамлар кўмагида ҳокимиятни қайтариш масалаларини муҳокама қилганлар.

Максим Бакиев пойтахтликлар орасида катта обрўга эга бўлган, айни пайтда эса хориж давлатларидан бирида яшириниб юрган Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Наримон Тюлеевни ҳокимиятга олиб келишни таклиф қилади.

Шунингдек, бу тадбирни амалга ошириш учун яхши қуролланган ва бир ойлик махсус тайёргарликдан ўтган 500 кишилик гуруҳ ташкил этиш лозимлигини айтади. Жаниш Бакиев эса бу гуруҳга раҳбарлик қилувчи 20 дан ортиқ одамлари Қирғизистон ичкарисида борлигини билдиради.

Максим Бакиевга кўра, қуролланган 500 кишини 100 нафардан 5 гуруҳга бўлиб, бишкекдаги 5 та муҳим объектни ишғол қилишга ташлаш керак. Ҳамлалар бирин кетин уюштирилиши зарур. Ана шунда муваққат ҳукумат кучлари нима бўлаётганини англаб етолмай, каловланиб қоладилар. Муваққат ҳукумат вазиятни англаб етгунича вақт қўлдан бой берилади. Бишкекликлар орасида катта обрўга эга бўлган Наримон Тюлеев эса телевидение орқали ҳукумат ўзгарганини эълон қилади.

Овози Максим Бакиевникига ўхшаган одам бу борада отаси Қурмонбек Бакиев билан гаплашганини, отаси ҳокимиятга қайтишга розилик бермаганини айтади. Максим Бакиевга кўра, агар улар ўйлаган режа амалга ошса, отаси билан яна гаплашади ва уни янги ҳокимиятни легитимлаштиришга кўндиради.

Интернетда мазкур телефон суҳбатининг ёзиб олинган нусхаси эълон қилингач, Озодлик радиоси қирғиз хизмати Қурмонбек Бакиев билан боғланган.

- Балки уларнинг ўзларича мана шундай ўйлари бордир. Шундай бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ мен бунга аввал ҳам жавоб берганман: “Менинг ҳокимиятга қайтиш ниятим йўқ”, деб – деди Қурмонбек Бакиев.

Интернетда эълон қилинган мазкур суҳбат қалбаки бўлиши мумкинми? Мана шундай савол билан Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ ўринбосари, хавфсизлик хизматининг истеъфодаги зобити Алик Ўрузовга мурожаат қилдик.

- Бизнинг махсус хизматлар бу суҳбатни ёзиб олишолмайди. Чунки бу суҳбат чет элда бўлган ва энг замонавий техника ҳам бунга қодир эмас. Бундан ташқари бу ерда монтаж ёки соҳталаштириш ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Уларнинг суҳбатлашганлари 100 фоиз аниқ.. Бу суҳбат Максим ёки Жаниш Бакиев яшириниб юрган давлатдаги махсус хизматлар томонидан аниқланиб ёзиб олинган ва бизнинг махсус хизматларнигина эмас, балки Қирғизистон жамоатчилигини ҳам огоҳлантириш учун интернетга қўйилган,-дейди Алик Ўрўзов.

Унинг фикрича, 7 апрел куни Бишкекда норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берган, деган айблов билан халқаро қидирувга эълон қилинган Жаниш Бакиев айни пайтда тожикистонда бўлиши мумкин.

- Мен таҳлил қилиб кўрдим. Жаниш Бакиев Қозоғистонга, Ўзбекистонга, Россия ёки Европага чиқса, қўлга олиниши аниқ эди. Шунинг учун ҳам ҳозир у Тожикистонда бўлиши керак. Чунки Тожикистонда наркобаронларнинг махсус каналлари бор. Наркобаронлар билан келишиб, Тожикистонга чиқиб кетиш оснроқ,-дейди Алик Ўрўзов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийлари эса интернетда эълон қилинган телефон суҳбати ёзуви борасида ҳозирча ҳеч қандай шарҳ бера олмасликларини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG