Линклар

logo-print

Боку кинофестивалида "Чинор" филми ғолиб бўлди


Ёш ўзбек кинорежиссёри Шавкат Йўлдошев шу кунгача 6 та қисқа метражли филмларни суратга олган.

Ёш ўзбек кинорежиссёри Шавкат Йўлдошев шу кунгача 6 та қисқа метражли филмларни суратга олган.

Ўзбекистонда дарахтларни чопиб ташлаш анъанага айланиб бормоқда. Тошкентда чинорлар кесилиб ташланаётган пайтда, Бокудаги кинофестивалида ўзбек режиссерининг “Чинор” филми мукофотга сазовор бўлди.

“Чинор” қисқа метражли фильми режиссёри Шавкат Йўлдошев 5 йил олдин Ўзбекистон давлат санъат институтининг режиссура бўлимини тамомлаган.

- Ўша пайтлар диплом иши сифатида экологияга бағишланган инсон ва табиат мавзусидаги филм яратиш топшириғи берилган эди. Менинг бу мавзуда ўз ғоям пайдо бўлди. Чинор дарахти ҳақида. Аммо ўша пайтлар мен диплом иши сифатида бошқа мавзуни қилиб бериб, “Чинор” филмини институтни тамомлаганимдан кейин суратга олишга қарор қилдим. Менга уни миллий йўналишда суратга олишни маслаҳат беришди. 2006 йилда мен филмни суратга олдим. Шу йилнинг ўзида у бир неча фестивалларда иштирок этди.Ереванда ҳам фестивалда кўрсатилди, -дейди ўзбекистонлик ёш режиссёр Шавкат Йўлдошев.

“Чинор” филмида қаҳрамонлар диалоги йўқ. Филмга асосан миллий мусиқа, най садоси билан бадиий безак берилган.

-Қанчалик табиатга биз ижобий муносабатда бўлсак, табиат ҳам қачонлардир қилган яхшилигимизга шундай жавоб қайтаришини кўрсатиш эди. Мен чинорни мана шу табиат тимсоли қилиб олдим.

Тошкентда, умуман олганда, мана шундай чинорлар жуда кўп.Чинор бу ўзбекларнинг анъанавий элементига айланган. Бизнинг илдизимизга яқин бўлгани учун чинорни танладим, - дейди тошкентлик режиссёр Шавкат Йўлдошев.

“Чинор” филмини томоша қилар экансиз, йилнинг икки фаслида бўлиб қайтасиз-бири қиш иккинчиси- ёз.

-Филмдаги сюжет шундайки, филм қаҳрамони эркак қор остида кезаятган пайтида чинор барги қўлига тушади. Ҳамда уни хотиралар болалик чоғига етаклайди. Болалик даври ўтган қишлоқдаги чинор дарахтини хотирлайди. Қанчалик дарахтни севгани ва хатто чинор дарахтини йўқ қилмоқчи бўлган одамлардан уни кичкина жони билан ҳимоя қилгани кўрсатилган, - дейди филм режиссёри.

Мазкур филмда чинор дарахти йиллар ўтиб, ўзини ҳимоя қилган болакайни улғайганда қор-қирондан барги билан иситмоқчи бўлгани кўрсатилган.

"Табиатга яхшилик қилсанг, яхшилик билан қайтади", дейди “Озодлик” билан суҳбатда фильм режиссёри Шавкат Йўлдошев.

“Чинор” филмидаги улғайган болакайни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Хўжаев ўйнаган.

Режиссёр ушбу филмни суратга олишида, уни туркий халқларнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов ижоди илҳомлантирганини сўзлайди.

Шавкат Йўлдошевнинг ўзи Тошкентда, театршунослар оиласида туғилган. Айни кунгача у 6 та қисқа метражли филмларни суратга олган. Барча филмларга маблағни режиссёрнинг ўзи топади. Ҳозирда режиссёр Тошкентдаги нодавлат телеканаллардан бирида болалар дастурини суратга олишда режиссёрлик қилмоқда.

“Чинор” филми куни кеча Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган халқаро қисқа метражли филмлар фестивалида “Энг яхши хорижий филм” номинациясининг ғолиби бўлган.

Бундан 4 йил олдин режиссёр Тошкентдаги чинорларни суратга олган. Айни пайтда филмда суратга олинган чинор ҳозир ҳам Тошкент шаҳрининг Юнус Ражабий кўчасида “яшайди”.

Бу чинор дарахти Тошкентда чопилаётган дарахтлар қаторига тушмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG