Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Мангалорда учқич қулади


Air India ширкатининг учоғи қулаши оқибатида 158 киши нобуд бўлди.
Air India ширкатининг учоғи қулаши оқибатида 158 киши нобуд бўлди.

Ҳиндистоннинг Air India авиаширкатига қаришли учқичнинг мамлакат жанубида ҳалокатга учраши оқибатида 158 киши нобуд бўлди. Сўнги маълумотларга кўра, шанба кунги фожиада камида саккиз киши омон қолган. Мазкур ҳалокат учқич аэропортга қўнаётган маҳал содир бўлган.

Маълум бўлишича, Дубай-Мангалор йўналиши бўйича парвоз қилаётган учқич аэропортга қўнаётган маҳал қўниш йўлакчасидан чиқиб кетган ва аэропорт яқинидаги далага қулаган.

Расмийларнинг билдиришича, авиаҳалокат қурбонларининг барчаси Ҳиндистон фуқаролари бўлган. Air India ширкатининг Боинг 737 русумдаги учқичини эса британиялик малакали учувчи бошқаргани айтилмоқда.

Ушбу фожиадан омон қолган йўловчилардан бири Сталин Маякутти учқич қўниш йўлакчасидан чиқиб кетиб, аэропорт яқинидаги далалардан бирига қулагани ва ёниб кетганини билдирди.

-Биз Дубайдан соат 01-15 да ҳавога кўтарилдик ва саҳар 06-20да манзилга етиб келдик. Аэропорт йўлакчасига қўнаётган маҳал учқич қаттиқ силкинди. Учувчи самолётни бирданига тўхтатишга ҳаракат қилди, учқич бир нарса билан тўқнашди, кейинчалик самолёт ёна бошлади ва бўлиниб кетди. Самолёт секинлаётган маҳал мен ва яна тўрт ёки беш киши сакраб тушиб қолдик,-деди фожиада омон қолган йўловчилардан бири.

Ҳиндистон телевидениеси хабарига кўра, учқич қўнаётган маҳал аэропортдаги радар қурилмаларидан бирига урилган.

Айни пайтда Ҳиндистон аэропортлари уюшмаси раҳбари жаноб Аггарвал фожиа сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди.

-Учувчи фавқулодда вазият ҳақида ҳеч қандай шикоят қилмаган. Учувчи ва ер хизматлари ўртасида бўлган мулоқот чоғида нуқсонликлар ҳақида ҳам гап бўлмаган. Бироқ фожиа рўй берди ва мутасадди органлар ушбу ҳалокат сабабларини ўрганишга киришдилар. Қора қутилар топилиб, у ердаги маълумотлар органилгандан сўнг якуний ҳулоса эълон қилинади,-деди Ҳиндистон аэропортлари уюшмаси раҳбари.

Бу Ҳиндистон тарихида сўнги ўн йил ичида рўй бераётган биринчи йирик авиаҳалокатдир. Мамлакатдаги охирги йирик авиаҳалокат 2000 йилнинг июл ойида Патна шаҳрида рўй берган эди. Ўшанда ҳам учқичнинг қўнаётган маҳал ҳалокатга учраши оқибатида камида 50 киши нобуд бўлган.

Айни пайтда мамлакат Бош вазири Манмоҳан Сингҳ 22 май кунги фожиа қурбонлари яқинларига ҳамдардлик билдириб, авиаҳалокатда нобуд бўлган йўловчилар оила-аъзолари ва омон қолган шахсларга молиявий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Боинг ширкати ҳам авиаҳалокат сабабларини ўрганишга кўмаклашиш мақсадида Ҳиндистонга махсус экспертларини юбораётганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG