Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:37

“Тожикистон очарчилик домида!”


Маълумотларга кўра, Тожикистонда болаларнинг 23 фоиз тўйиб овқатланмаётгани сабабли жисмонан носоғлом ва жуссаси кичик бўлиб қолаётир.
Маълумотларга кўра, Тожикистонда болаларнинг 23 фоиз тўйиб овқатланмаётгани сабабли жисмонан носоғлом ва жуссаси кичик бўлиб қолаётир.

Бундай баёнот очликдан қийналаётган мамлакатларга ёрдам беришга бағишлаб Вашингтонда ўтказилган тадбирда янграган. Шу тариқа АҚШ Тожикистонни очликдан қийналаётган давлатлар рўйхатига киритган. Бу рўйхатдан Эфиопия, Кения, Либерия, Кения, Неапол, Гаити ва Гондурас ҳам жой олган.

АҚШнинг Жаҳон тараққиёти агентлиги раиси Ражив Шоҳ 20 май куни бўлиб ўтган бу тадбирда рўйхатга киритилган мамлакатларга Америка ҳукуматнинг қашшоқликка қарши кураш стратегияси доирасида инсонпарварлик ёрдамлари етказилишини билдирган.

Ражив Шоҳга кўра, мазкур ёрдам туфайли рўйхатдан жой олган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини қўлга киритиши мумкин.

Аснода БМТнинг озиқ-овқат дастури ҳисоботларида тожикистонликларнинг учдан бир қисми озиқ-овқат тақчиллигидан қийналаётгани таъкидланади.

Бу идоранинг шу йил апрел ойида эълон қилинган ҳисоботида келтирилишича, Тожикистон аҳолисининг 50 фоизи тўйиб овқатланмайди, шунингдек, 81 фоиз тожикистонлик оила айни баҳорда заҳирасиз қийналади.

Бошқа томондан БМТнинг Болалар жамғармаси ва Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги биргаликда олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, бу мамлакатдаги болаларнинг 23 фоиз тўйиб овқатланмаётгани сабабли жисмонан носоғлом ва жуссаси кичик бўлиб қолаётир.

Тожикистон президенти эса мамлакат парламентига сўнгги мурожатида жамиятда қашшоқлик даражаси 50 фоизга етганини, бу рақам 2003 йилда 73 фоизни ташкил қилганини билдирган эди.

Имомали Раҳмон сўнгги бир неча йил мобайнида ўз ҳукумати бир қатор донор давлатлар ва ташкилотлар ёрдамида мамлакатнинг тахминан бир миллион нафар фуқаросини қашшоқлик исканжасидан қутқариб қолганини маълум қилган эди.

Бугун Тожикистоннинг Америка Қўшма штатлари томонидан очликка юз тутган мамлакатлар қаторига қўшиб қўйилаётгани борасида тожикистонликлар турлича фикрдалар.

Ёвон туманида яшовчи Жангилой бундай хулоса нотўғри, дея мулоҳаза билдиради.

- Мамлакатимизда ҳамма халқнинг ери бор. Ўзига яраша буғдой қилади, маккажўхори экади, ҳосил олади, меҳнат қилиб, нонини топиб ейди. Оч қолиб қолган кишини кўрмаганман, ҳозир ундайлар йўқ ҳам, дейди Жангилой.

Ваҳдат туманида яшовчи Саёҳат ая бу фикрларни қувватлайди.
- Узоққа бормайлик - Ўзбекистонга қараганда Тожикистонда анча одамлар ўзига яраша бойлиги бор, заҳираси бор. Ҳеч қандай очарчилик, қашшоқлик йўқ. Уруш йилларга нисбатан (1992 ва 1997 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролик уруши назарда тутилмоқда - таҳр.) ҳозир ҳар қадамда магазин бор, магазинлар тўла. Нима хоҳласангиз, ҳамма нарса бор, дейди Саёҳатхон.

Аммо Рудакий туманида истиқомат қилувчи Улуғбек Мамадалиев магазинлар тўла бўлгани билан харидор аввалги йилларга нисбатан кам эканини айтади.

- Ҳозир кризис бўлиб, иш йўқ, одамлар продукта жиҳатидан анча қийналиб қолган, ейиши анча сустлашган. Ўзимиз ва қўни-қўшнилардан мисол келтирсак, бирор меҳмон келса, гўшт олинади, бўлмаса ҳамма нарса нормалаштирилган. Норам қилинади, кейин бир амаллаб еткизилади, дейди анча йиллардан буён кичик тижорат билан шуғулланиб келаётган Улуғбек.

Суҳбатдошимиз республикада иш жойларнинг йўқлиги, меҳнат муҳожирларининг ватанга қайтиб келаётгани ҳамда Роғун акцияларининг аҳолига мажбуран сотилиши ортидан аҳвол янада қийинлашганини қўшимча қилди.

Яқинда Ўзбекистондан қайтган Муқаддас ая Тожикистонда очлар сони кўпайганига оид айтганларида жон борлигини таъкидлади. Аёл Ўзбекистонда егулик нисбатан арзон, тўкин-сочинчилик эканини айтди.

- Мева-чевалари ҳам, гўшт, ёғ ҳам арзон. Қани қўйишса, ўша ёқда яшасам. Тожикистонни қаранг, пул топиш қийин, қимматчилик. Ҳамма нарса қиммат, мана ёғни қаранг, қандай қиммат. Гўшт бир килоси 20 сомоний (тахминан 4,5 доллар - таҳр.). Менга ўхшаган камбағал олиб ея олмайди ҳеч қачон. Мана шунақа қора қозонни зўрға қайнатадиган замон ҳозир, болам, дейди душанбелик Муқаддасхон ая.

Мустақил кузатувчилар глобал иқтисодий бўҳрон сабабли меҳнат муҳожирлари ватанига юборадиган пул ҳажми қисқаргани Тожикистонда қашшоқлик даражасининг ўсишига олиб келганини урғулашади.

- Шу кеча-кундузда Тожикистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиқроғи очликда кун кечирмоқда. Аҳолининг аксарият қисми чой ва нон билан чекланиб қолмоқда. Бугунги кунда халқаро таҳлилчилар ва ташкилотлар томонидан Тожикистонга бундай баҳо берилиши жуда зарурдир. Чунки ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамлари айнан шундай ташкилотлар хулосаларига қараб ажратилади. Аммо шўро таъсирида улғайган тожикистонликларнинг кўпи бугун бундай баҳолашга рози бўлолмайди. Чунки улар ўзининг очлигини тан олишни номус, деб билади. Бироқ, афсуски, воқелик шу. Бугун аксарият тожикистонликлар оч қолмоқда, дейди мустақил кузатувчи Саймуддин Дўстов.

Кузатувчи расмий маълумотларга таянган ҳолда, тожикистонликларнинг бир кунлик озиқ овқатга сарфлаётгани 2 АҚШ доллардан камроқ эканини айтаркан, бу халқаро меъёрлар бўйича очликдир, дея мулоҳаза билдиради.
XS
SM
MD
LG