Линклар

ШҲТ Қирғизистонни бундан буён ҳам дастакламоқчи


ШҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши бу галги мажлисининг аввалгиларидан фарқи унда кўпроқ Қирғизистондаги вазиятга эътибор қаратилгани бўлди.

ШҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши бу галги мажлисининг аввалгиларидан фарқи унда кўпроқ Қирғизистондаги вазиятга эътибор қаратилгани бўлди.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари Қирғизистон суверенитетини қўллаб-қувватлайди ва бу мамлакатга зарур ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ШҲТ ташқи ишлар вазирларининг 22 май куни Тошкентда бўлиб ўтган кенгашида маълум қилди.

Новости ахборот агентлигининг хабар қилишича, Тошкент анжуманида раислик қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қирғизистондаги вазият ҳақида гапираркан, кенгашга йиғилган делегация вакиллари Қирғизистон халқларига ҳозирги мураккаб вазиятда бирдамлик изҳор қилганларини билдирди.

- ШҲТ ҳудудидаги хавфсизлик ва барқарорлик ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳар бири, шу жумладан, Қирғизистон Республикасидаги хавфсизлик ва барқарорлик билан чамбарчас боғлиқ, деди Владимир Норов.

Айни пайтда Қирғизистоннинг ШҲТдаги миллий кординатори Талант Макенов анжуман чоғида оммавий тартибсизликлар ҳокимият алмашувига олиб келган ўз мамлакати учун 200-250 миллион АҚШ доллари зарурлигини қайд этди.

Унга кўра, мазкур маблағ “фожеий воқеалар чоғида талончиликдан жабр кўрган шахсларга имтиёзли кредитлар ва товон пули ажратиш, фермерлар учун ўғит ва қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олиш, шунингдек, деҳқонлар учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда иқтисодий таназзул ва ижтимоий эҳтиёжлар харажатларининг ошиб кетиши туфайли содир бўлган бюджет дефицитини молиялаштириш каби биринчи галдаги муаммоларни ҳал қилган бўларди”.

- Бир сўз билан айтганда, мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар вазият ташқаридан сезиларли ёрдам берилишини талаб қилмоқда. Шунинг учун биз барча ҳамкорларимизга Қирғизистон халқига ўз вақтида берган ёрдами ва келажакда ана шундай ёрдам бериш бўйича билдирган қатъий нияти учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, деди Талант Макенов.

ШҲТ ташқи ишлар вазирларининг Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида ташкилот доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича биринчи галдаги вазифалар кўриб чиқилди.

Мажлисда минтақавий ва глобал миқёсдаги долзарб муаммолар, жаҳондаги вазият ривожининг асосий тенденциялари ҳамда Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТнинг халқаро тузилма ўлароқ мақомини янада мустаҳкамлаш, уни бошқа бирлашмалар билан алоқаларини кенгайтириш бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Анжуманда Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш ШҲТга аъзо мамлакатларнинг хавфсизлик соҳасидаги энг асосий вазифаси бўлиб қолаётгани таъкидланди. Ташкилот доирасида террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга, банг моддалари ноқонуний айланмаси ва уюшган трансмиллий жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш каби жабҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳақида келишиб олинди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов раислигида Тошкентда бўлиб ўтган мажлисда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаев. Хитой ташқи ишлар вазири Ян Цзечи, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари, ШҲТ бўйича Қирғизистон миллий мувофиқлаштирувчиси Талант Макенов, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий иштирок этдилар.
XS
SM
MD
LG