Линклар

Руслан Чагаев яна ғолиб

  • Ҳурмат Бобожон

Германияда Чагаев ва Миҳан ўртасида бўлиб ўтган жанг ўзбекистонлик боксчининг ғалабаси билан якунланди.

Германияда Чагаев ва Миҳан ўртасида бўлиб ўтган жанг ўзбекистонлик боксчининг ғалабаси билан якунланди.

22 май куни ўзбекистонлик Руслан Чагаев австралиялик Кали Миҳан билан жангни ютди ва WBA бўйича чемпионликка даъвогарлик ҳуқуқини қўлга киритди. Германиянинг Росток спорт мажмуида бўлган жанг Русланнинг яққол устунлигида ўтди.

Андижонлик Руслан Чагаевга Ҳамбург шаҳридаги Universum Box Promotion ширкати ҳомийлик қилади, лекин Руслан жангни Ўзбекистон байроғи остида ўтказди. Жанг аввалида ўзбек байроғи кўтарилди ва мадҳияси янгради.




Руслан Чагаев Ўзбекистон байроғи остида жангга тушди.
Озодлик билан суҳбатда Руслан Чагаев Ўзбекистондаги миллионлаб мухлислари, жумладан, жангдан бир кун аввал Жума намозида унинг ғалабасини тилаб, дуо қилган андижонлик ҳамюртларига миннатдорчилик билдирди.

Эндиликда Руслан чемпионлик камари учун британиялик чемпион Давид Хэй билан жангга чиқиши керак. Жанг санаси бир йил давомида аниқ бўлади.

“Андижонга қачон борасиз?” деб сўраганимизда, Руслан: “Албатта бораман, лекин ҳозир бир оз дам олишим керак”, деди.

Русланнинг айтишича, сўнгги саккиз-тўққиз ойни у тинимсиз тайёргарлик билан ўтказган.

Унинг рақиби Кали Миҳан Озодлик билан суҳбатда Русланни маҳоратига тан берди, мағлубиятини тан олди.

55 ёшли Маъруфжон ака Руслан Чагаев жангини кўргани Германияга атайлаб Марғилондан келган.
Росток спорт мажмуига йиғилган Русланнинг минглаб мухлислари орасида Қўқон дўппи кийган 55 ёшли Маъруфжон ака ҳам бор эди.

- Мен Русланнинг аввалги жангларини ҳам кўрганман. Ўзбек байроғи кўтарилганида, жуда ғурурланаман ва шундай қаҳрамонларимиз борлигидан фахрланаман. Русланга келгуси жангларида омад, деди марғилонлик Маъруфжон ака.

Ўйингоҳда Руслан Чагаевни қўллаш учун келганлар орасида Маъруфжон акадан ташқари саноқли ўзбекистонликлар ҳам бор эди, аммо уларнинг ичида ўзбек элчихонаси расмийлари кўринмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG