Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:21

Россияда ўзбекча гапириш хатарли бўлиб қолди


Россияда юрган меҳнат муҳожирлари "Менинг милициям мени қўриқлайди" иборасининг ўзларига дахли йўқлигини айтмоқдалар.
Россияда юрган меҳнат муҳожирлари "Менинг милициям мени қўриқлайди" иборасининг ўзларига дахли йўқлигини айтмоқдалар.

Санкт-Петербургда ўзбек тилида гапириш ҳам хавфли бўлиб бормоқда. Озодликка қўнғироқ қилган навоийлик Умиджон ўзбек тилида сўзлашгани учун бир гуруҳ милиция ходимлари томонидан таҳқирлангани ҳақида гапириб берди.

Россиянинг шимолий пойтахти ва маданий маркази саналмиш Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармасининг 68-бўлимида содир бўлган бу воқеа ҳақида калтакланган Умиджоннинг ўзи айтиб берди:

- 19 число куни ишлаётувдим, участковойимиз келиб, ишлаётган жойимиздан олиб кетди, биздан пул талаб қилди. "Сен кимсан?" деди. "Мен ўзбекман", дедим. "Мана, ҳужжатларим жойида, 6-7 ойдан бери ишлаб юрибман", дедим. У 2 соат олиб ўтирди. Кейин оператив группани чақириб, ўшаларга берворди бизни. 19 май куни соат 8 ларда бордик. У ерда наманганлик бир ўзбек ўтирган экан. Ундан ўзбекчалаб ҳол-аҳвол сўрашдим. Бизни ўзбекча гаплашганимиз милиция ходимларига ёқмади. "Сен нимага алланималарни гапираяпсан?" деди. Мени бир лейтенант хонага олиб кириб уришни бошлади. Устиларимга туфлаб, бир-икки соат дўппослашди. Мана, ҳамма жойим оғрияпти, бошим қаттиқ тепишди, устимга чиқиб сакради. Башарамни таниб бўлмасди. Жисмонан баққуватлигим учун унча-мунча таъсир этмади-да манга… Укам судраб олиб чиқиб кетди. Бу етмагандек, яна "3 минг рубл жарима ҳам тўлайсан", дейишди. Биз ҳаққимизни қандай талаб қилайлик? "Шу вазиятда нима маслаҳат берасиз?" деб Озодликка қўнғироқ қилган эдим, дейди Умиджон.

Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида биз шаҳарнинг Москва туманида жойлашган 68-милиция бўлимига қўнғироқ қилиб, у ердан шундай жавоб олдик:

- Аввало биз ҳеч қандай маълумот бермаймиз. 19 май куни ҳеч ким Умидни калтаклагани йўқ...

Озодлик: Қаердан биласиз калтакланмаганини?

- Чунки 19 май куни мен навбатчиликда эдим, шунинг учун бизда ҳеч кимни калтаклашмаган. Бори шу! - дея гапни қисқа қилди 19 май куни милиция бўлимида навбатчилик қилиб, ҳеч нарса кўрмаган милиция ходими.

Ҳақиқат учун курашиш керакми? Бундай вазиятда жабр кўрган шахс ўзини қандай тутиши керак ва қаерга мурожаат қилиш керак?
Ана шу саволлар билан Россиядаги бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилдик.

"Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Санкт-Петербург бўлими ходими Татьяна Косинова милиция ходимларининг зулмига қарши қуйидагича курашиш усулларини тавсия этди:

- Биринчи навбатда, прокуратурага мурожаат қилиш керак. Биласизми, энг маъқул усул - бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали овоза қилиш керак, кўпроқ одамни жалб қилиш зарур. Бу йигитлар қўрқмасдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилишлари мумкин. Масалан, Петербургда "Гражданский контроль" ("Фуқаролик назорати") жамияти амалдорлар зулмига қарши курашади. Улар бепул адвокат ҳам ёллаши мумкин. Оммавий ахборот воситаларини жамлаб, матбуот анжумани ўтказиш мумкин… Курашишнинг усуллари кўп. Бевосита милиция ходимларига қарши курашмоқчи бўлса, унга шундай-шундай жароҳатлар етказилган, деган касалхонадан маълумотнома олиши керак. Касалхоналарда бу жароҳатларни қайд этиб, милицияга жўнатиш керак. Кейин шаҳар прокурори номига ариза ёзиш керак: "Мен фалончиев 19 май куни 68-милиция бўлимида калтакландим", деб воқеани тасвирлаб бериши керак. "Ўз прокурорлик тафтишингиз натижаларини менга билдиришингизни сўрайман", дейилиши керак. Санаб ўтилган жараён, имкон қадар, адвокат ёки мутахассис ёрдамида бажарилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деди "Мемориал" вакиласи Татяна Косинова.

Озодлик: Биласиз, адвокатларни ёллаш қиммат турад. Бепул адвокатларни қаердан топса бўлади?

- Ҳар бир инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотда бепул адвокатлар бор. Масалан, ўша "Гражданский контроль" ташкилоти, Москвада - айнан милиция ходимлари томонидан содир этилган қонунбузарликларга қарши курашувчи "Обшественний вердикт" жамғармаси, "Мемориал" ва ҳаказолар бор, деди "Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Санкт-Петербург бўлими ходими Татяна Косинова.

Москвадаги "Обшественний вердикт" жамоатчилик жамғармаси ходими, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Олга Мерясова бугунги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган барча жамғарма ва ташкилотлар бундай аризаларга кўмилиб ётганини айтади:

- Меҳнат муҳожирларининг арз-шикоятлари билан шуғулланувчи биздаги ягона "Гражданское содействие" ("Фуқаролик кўмак") ташкилоти жисмонан улгурмаяпти барча аризалар билан ишлашга. Сиз тасвирлаб берган вазиятда эса амалий ёрдам сифатида Антифашистлар ташкилоти йигитларини ёрдамга жунатишим мумкин. Гап шундаки, кўплаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари низоми бўйича фақат Россия фуқароларига ёрдам беришга мўлжалланган, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Мерясова.

Биз россиялик ҳуқуқ фаолига "Меҳнат муҳожири ёки мусофир шахс юқорида айтилган вазиятда нима қилиши керак?" деган саволни ҳам бердик.

- Биринчи ўринда, у даволаниши керак. Қонун бўйича аҳволи дуруст бўлмагунга қадар уни касалхонада бепул даволашлари керак. Албатта, бундай вазиятда ўз ҳуқуқини талаб қила оладиган ва рус тилини билган шахс жабрдийда олдида бўлса жуда яхши бўлади, масалан, жамоатчи ҳимоячиси. Чунки шифокорлар ҳам бу масалага юзаки қараши мумкин. Ўзбекистонлик йигитларга маслаҳат, улар бирор бир жамият ёллаган адвокат ёрдамида прокуратурага мурожаат қилмагунга қадар Россияда бу иш ижобий натижа бермайди. Бир томондан бундай ишлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, лекин муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар жуда кам, деярли йўқ, ўзим ҳам билмайман нима учун… Шунга қарамасдан, баъзи муҳожирлар ўзларининг жуда кучли миллий ташкилотларини тузган, масалан, тожиклар. Миллий жамоалар тузилмагунича, бу муаммони ҳал этиш жуда қийин,
деди Москвадаги "Обшественний вердикт" жамоатчилик жамғармаси вакиласи Олга Мерясова.

Милиция ходимларининг зулмидан сўнгги пайтда нафақат муҳожирлар, балки оддий россиялик фуқаролар ҳам жабр кўрмоқда.

Навоийлик Умиджоннинг Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармасининг 68-бўлимида калтаклангани Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиевнинг милициядаги ислоҳотлар ҳақида эълон қилган қарори билан бир вақтда содир этилганлиги ажабланарли.

Ҳозир Умиджон Навоийга даволанишга кетмоқчи. У ерда ўзбекистонлик муҳожирни 3 нафар фарзанди кутмоқда.
XS
SM
MD
LG