Линклар

Россия икки тожикистонликка товон пули тўлайдиган бўлди


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия расмийлари тожикистонликларни қамоқ ноҳақ ушлаб турган, дея қарорга келган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия расмийлари тожикистонликларни қамоқ ноҳақ ушлаб турган, дея қарорга келган.

Тожикистонлик икки фуқаро Россия расмийлари устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ариза ёзиб, ўз мақсадларига эришди. Европа суди тожикистонликлар аризасини қондириб, Россия расмийларини инсон ҳуқуқларини бузганликда айблади.

Расмий маълумотларга кўра, Россия қамоқхонасида сақланаётган тожикистонликларнинг бири ватанида диний-экстремистик гуруҳга аъзоликда, иккинчиси эса 13 йил бурун содир этилган жиноятларда айбланмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорига биноан тожикистонликлар яқин вақт ичида вақтинчалик сақлаш изоляторидан озод қилинишлари лозим. Москва шаҳрида қўлга олинганлардан бири 33 ёшли хўжандлик Зикрулло Хўжаевдир.

- Ростини айтсам, дадам, онам ва умуман қариндошларимиз акамнинг Россияда топилганидан ҳозиргача ўзларига келганлари йўқ. Чунки 2001 йилда акам Россияга мардикорликка кетган эди. Ўшандан буён ундан бирор бир хабар олганимиз йўқ. Ниҳоят, 2009 йилда акам Москва шаҳридаги қамоқхоналардан бирида эканлиги ҳақида хабар топдик. Лекин бу гап қанчалик тўғри эканлигини билмас эдик, дейди Зикруллонинг укаси Хайрулло.

Унинг айтишича, акаси меҳнаткаш, барчага меҳрибон, одамохун инсон. Москвага кетишидан олдин муҳандис-қурувчи касбини ўзлаштирган ва Хўжандда қурувчилик қилган. У доим ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиларди.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2000 йилда Зикрулло Хўжаев республикада расман таъқиқланган Ўзбекистон исломий ҳаракатига мансубликда гумонланиб, доимий назоратда бўлган, бироқ Зикрулло 2001 йилда ғойиб бўлган.

- Тўғрисини айтганда, Зикрулло Хўжаев Интерпол орқали қидирув эълон қилинган тожикистонлик жиноятчилар рўйхатида йўқ. Лекин у мамлакатдаги бошқа куч ишлатар тизимлар орқали қидирилаётган бўлиши мумкин, дейди вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Рауф Юсупов.

Жорий йил апрел ойида вилоят ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, Москва шаҳрида Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган икки нафар сўғдлик қўлга олинган. Уларни ватанига экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Иккинчи тожикистонлик Маъмуржон Ҳайдаров 1997 йилда ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Аввал у қўшни Ўзбекистонга ўтган, 1998 йилда эса Россияга кетган. Расмий маълумотларда айтилишича, 2006 йилда Тожикистон Бош прокуратураси Маъмуржон Ҳайдаровни ноқонуний қуролли гуруҳ сафида иштирок этганликда гумонлаб, жиноий иш қўзғаган. Икки ойдан кейин эса унга Интерпол орқали қидирув эълон қилинган. 2008 йилда Маъмуржон Ҳайдаров Москва шаҳрида қўлга олинган. Ҳайдаров Россия Мухожирлик хизматига ариза ёзиб, ватанида сиёсий фикрлари учун таъқиб қилинаётганлиги сабаб, сиёсий бошпана беришларини сўраган. Бироқ бунинг ўрнига уни вақтинчалик сақлаш изоляторига қамашган. Шундан кейин у Инсон хуқуқлари бўйича Европа судига ариза ёзган.

Инсон хуқуқлари бўйича Европа суди қарорида айтилишича, Россия томони Тожикистон фуқароларини ватанига экстрадиция қилса, Европа конвенциясининг инсон хуқуқларига оид 3 ва 5-моддаларини бузган бўлади. Суд, шунингдек, Россия куч ишлатар тизимлари тожикистонликларга етказган маънавий зарарни ҳам қоплаш ҳақида қарор чиқарди. Эндиликда Россия томони тожикистонликларнинг ҳар бирига 15 минг евро миқдорида товон пули тўлаши керак бўлади. Бундан ташқари, Россия томони Европа суди хизматлари учун 1,2 минг евро миқдорида маблағ тўлаши керак.

Суд маълумотларида айтилишича, қўлга олинган тожикистонликлар 10 ойдан зиёдроқ вақт мобайнида Россия қамоқхонасида ҳибсда сақланган. Шу давр ичида уларга қонунга зид равишда ҳибсда сақланаётганликларини исботлашга имкон берилмаган. Бу орада эса Тожикистон Бош прокуратураси Россия расмийларига Маҳмуржон Хайдаров ва Зикрулло Хўжаевларни тезда экстрадиция қилиш ҳақида такрор мактуб жўнатган.

Расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятида ЎИҲ аъзолигида айбланмиш 30 дан ортиқ киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтда ЎИҲ аъзолигида гумонланган яна бир неча тожикистонлик устидан тергов олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG