Линклар

logo-print

Исроил дипломати Австралиядан қувилди


Австралия ҳукумати Дубайда Ҳамас ҳаракати етакчиларидан бирининг ўлдирилишида қалбаки паспортлар ишлатилиши муносабати билан Исроил дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди.

Ҳамас дала қўмондони Маҳмуд ал-Мабҳуҳ жорий йил январида Австралия ва Европа давлатлари паспортига эга бўлган номаълум шахслар томонидан Дубайдаги меҳмонхонада ўлдириб кетилган эди. Фаластинликлар ушбу жиноятда Исроил махфий хизмати Моссад агентларини айбламоқда.

Айни пайтда Австралия Ташқи ишлар вазири Стивен Смит сўзларига кўра, ушбу қотилликда қалбаки Австралия паспортларини ишлатилиши ортида айнан Исроил махфий хизмати тургани аниқланган.

-Афсуски, тан олиш керак Исроил ҳукуматининг номақбул ишларда Австралия фуқаролари паспортларидан фойдаланиши биринчи маротаба қайд этилгани йўқ. Дубайдаги паспортлар билан боғлиқ воқеа Исроил билан эришилган келишувларимизга мутлоқ зиддир. Яқин ва дўстона алоқаларни йўлга қўйган Исроил томонидан бундай йўл тутишини мутлоқ истамаймиз,-деди Австралия Ташқи ишлар вазири.

Буюк Британия ҳукумати ҳам Ал-Мабҳуҳ қотиллиги билан боғлиқ можаро туфайли март ойида Исроил элчисини мамлакатдан чиқариб юборган эди.

Исроил томони шу кунгача мазкур қотилликка ҳеч қандай муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG