Линклар

Тожикистон яна вагон транзитидан шикоят қилмоқда

  • Гулнора Равшан

Ўзбек расмийларига кўра, Тожикистон вагонлари транзити Термиз-Амузанг йўлидаги техник носозлик сабаб тўхтаб қолган.

Ўзбек расмийларига кўра, Тожикистон вагонлари транзити Термиз-Амузанг йўлидаги техник носозлик сабаб тўхтаб қолган.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятига юк вагонлари транзити шу йил 22 майидан батамом тўхтатилган. Бу борада Тожикистон темир йўлларининг юк транзити бўйича бўлим масъулларидан бири Андрей Тропин маълум қилди.

- Хатлон вилоятига Россия, Қозоғистон ва Эрон каби мамлакатлардан юборилган ёнилғи, қурилиш ва қишлоқ хўжалик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган тахминан 969 вагон ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилибди. Ваҳоланки, Кўлобда рўй берган сув тошқинларидан зарар кўрган оилалар учун бу маҳсулотлар жуда зарурдир, дейди “Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийси Тропин.

Расмий Хатлон вилоятига тегишли тахминан 1000 дан ортиқ юк вагонлари шу йил феврал ойидан буён Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганини, аммо жорий йил 7 майга ўтар кечаси Кўлобда содир бўлган сув тошқини ортидан юк вагонлар қўйиб юборила бошлаганини қўшимча қилиб ўтди.

- 8 майдан 21 майгача ўша юк вагонларининг 262 таси транзит қилиб берилди, холос. 22 майдан бошлаб эса Ўзбекистон томони яна Хатлон вилоятига тегишли юк вагонлари транзитини тўхтатди. Аммо бунинг сабаблари бизга номаълум. Бу вагонларимиз яна қанча вақт у ерда ушлаб турилиши бизга қоронғу, дер экан тожик расмийси юк вагонларининг эгалари Ўзбекистон темир йўлларида қолаётган юклари ўғирланаётгани борасида темир йўл ширкатига шикоят билан мурожаат қилишганини қистириб ўтди.

Тропин жаноблари Хатлон вилояти йўналишидаги юк вагонлари билан бир қаторда Душанбе йўналиши бўйича юк транзитида ҳам муаммолар бўлиб тургани ва шанба куни бу йўналиш бўйича бирорта юк вагони транзит қилинмаганидан шикоят қилди.

- Ҳозирда бу йўналиш бўйича 1202 та юк вагонимиз Ўзбекистон ҳудудида ушланиб турилибди. Улар Душанбега юк вагонлар транзитини тўхтатишгани йўқ, лекин орада узилишлар бўлиб турибди. Мана, ўтган кечада биз бирорта юк вагонини қабул қилганимиз йўқ, дейди Тропин.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати масъули бунинг ҳам сабаблари ўзига номаълум эканини ва бу борада қўшнилар бирор-бир изоҳ бермаганини маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари Ўзбекистон темир йўллари ширкати Тожикистон томонига сўнгги расмий мурожаатида ўз қарорининг сабабларини изоҳлаганини маълум қилишди.

Ўзбекистон элчилиги расмийси Зафаржон Раҳимжонов мухбирингиз билан телефон орқали суҳбатида ўша мурожаатнинг русчасини ўқиб берди.

- “Ўзбекистон темир йўллари”даги маълумотларга кўра, сув тошқини туфайли Термиз-Амузанг темир йўл участкасида техник носозлик юз берган. Ҳозирда бу участкани тиклаш учун молиявий ва техник имконият йўқ. Бу, ўз навбатида, Хатлон йўналиши бўйича юк вагонлари транзитига имкон бермайди. Шуни назарга олган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати бу ҳудудга тегишли юк вагонлари йўналишини ўзгартириб, барча вагонларни Қудуқли станцияси орқали Душанбе йўналишига етказиб беради, дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати расмий хатида.

Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл ширкатлари ўртасида юк вагонлари билан боғлиқ масала бугун яна куннинг асосий мавзусига айланиб турган бир пайтда шу кунда бу икки қўшни давлат чегараларидаги айрим назорат-ўтказиш пунктлари ҳам ёпиб қўйилгани маълум бўлди.

Ўзбекистонлик дипломатларнинг билдиришларича, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги “Дўстлик” пункти 7 майдан эътиборан икки томонлама ёпиб қўйилган ва бунга Тожикистонда ёш гўдаклар орасида полиомиелит тарқалаётгани туртки бўлган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлиги кенгашининг 22 май куни Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида вазир Ҳамрохон Зарифий ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан учрашиб, сув ва энергетика заҳиралари, юк вагонлари масаласи билан бир қаторда чегара масаласида ҳам фикр алмашган. Аммо бу учрашув натижаларига кўра, томонлар ҳеч қандай расмий ҳужжат имзоланмаганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG