Линклар

logo-print

"Эзгулик"ка ўғри тушди


Эзгулик Ўзбекистонда рўйхатга олинган кам сонли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири.

Эзгулик Ўзбекистонда рўйхатга олинган кам сонли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири.

24 май куни Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкентдаги идорасидан ташкилот архиви ўмарилган. Мустақил кузатувчилар¸ эндиликда Эзгуликка мурожаат қилган фуқароларга тазйиқ кампанияси бошланишидан чўчимоқда.


Эзгулик идорасида ўғрилик содир бўлгани душанба куни ишга келган жамият аъзолари томонидан аниқланган. Муҳрланган хонага кирган фаоллар хона ўртасида сочилиб ётган компютерни кўришган.

2003 йилда тузилган ва Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган камсонли ҳуқуқ ташкилотларидан бири бўлмиш Эзгулик жамияти раиси Васила Иноятова¸ компютернинг ўғирланган хотирасида жуда муҳим ҳужжатлар сақланганини айтади:

- Компютернинг ичидан архивлар жойлашган винчестер ва қаттиқ диск олиб кетилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда бизнинг ходимларимиз милиция органларига Тошкентдаги Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилишган¸ чақиришган. Улар ҳатто¸ ишонасизми¸ бизнинг бинони Шайхонтоҳур туман Ички ишлар ходимлари қўриқлашади. Ички ишлар ходимлари пастда¸ бизда бўла туриб¸ ундан ташқари участка нозири биздан икки қадам нарида жойлашган¸лекин вақтида етиб келишмасдан икки ярим соатларда етиб келишган. Бу ўртада жуда кўп нарсалар аниқланган. Яъни стол ичидаги ҳужжатлар аниқланган. Уларнинг бирортасига қўл урилмаган. Фақатгина компютерда жойлашган жамиятнинг архиви ўғирланган¸ деди Эзгулик жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича¸ жума куни кечқурун ёпиб кетилган эшик қоровуллар томонидан шанба куни муҳрсиз очиқ ҳолатда аниқланган. Қулфнинг калит ёрдамида очилганлиги аниқланган. Шу сабабли Васила Иноятова содир этилган ўғриликнинг бевосита Эзгулик жамиятининг фаолияти, аниқроғи сўнгги пайтда олиб бораётган суд тортишувлари билан боғлиқлигини таъкидлайди:

Васила Иноятова: Кирган одамнинг қўлида калит ҳам бўлган. Эшик қоровулининг айтиши бўйича¸ бизга ўрнатилган қулфни фақат калит билан очиш мумкин. Бузиб очиш мумкин эмас экан. Бундан ташқари очилгандан кейин қулфлаб ҳам бўлмас экан. Очилганча қолар экан.

Озодлик: Йўқолган архив ҳужжатлари нимадан иборат?

- Бу ҳужжатлар 2003 йилдан буëн олиб борган фаолиятимиздаги Эзгулик номидан тайëрланган хатлар¸ баëнномалар¸ мақолалар¸ ҳисоботлар¸ умуман Эзгуликка оид ҳужжатлар. Албатта¸ биз бу ҳужжатларни фақатгина у компютерда сақламаганмиз. Бу билан архивимиз йўқолди¸ демоқчи эмасмиз. Лекин бу ҳужжатлар бизга қарши таъқибларда ҳукуматнинг манфаатдор ерларида асқотиб қолиши мумкин¸ деб ўйлайман. Чунки 2008-2009 йиллари бизга мурожаат қилган фуқароларнинг аризаларининг 80 фоиздан ошиғи айнан ички ишлар ходимларига¸ ҳукумат идораларига тегишли бўлган ва биз улар билан ишлашни¸ фуқароларга ëрдам беришни ички ишлар ходимлари ҳақида мана шундай бир ахборотлар беришдан бош торта олмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ. Бунинг учун ҳукумат идоралари¸ айниқса ички ишлар идоралари бизни тўғридан-тўғри йўқ қилишга¸ Эзгуликни ҳуқуқ ҳимоячилигидан маҳрум қилишга қаратилган¸ деб биламан. Балки бизга муаммолар туғдиришни хоҳлаган¸ балки бизнинг фаолиятимизга ҳозир биласизми¸ бир болта уриш. Мана ҳозир ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолишимиз¸ қандайдир бир ҳолатда мана шу фаолиятимизниг тўхтаб қолиши умуман мана шу нарсаларга қаратилган бўлиши мумкин¸ деб изоҳлади ўғирлик ортидаги тахминий мотивларни Васила Иноятова.

Айтилишича¸ ўғрилик содир этилган жойдан бармоқ излари олинган ва иш юзасидан жиноий иш очилган.

Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи жамиятнинг архив ҳужжатлари кимни қизиқтириб қолиши мумкин? Уларни қандай тарзда ишлатиш мумкин? Бу саволларга жавоб берар экан Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг ўтганда Тошкентдаги вакили бўлиб ишлаган Алиссон Гил¸ ўғриликнинг махсус режа билан амалга оширилганини тахмин қилади:

Алиссон Гил: Менинг тахминимча¸ йўқолган ҳужжатлар, биринчидан, ўтказилган, бажарилаётган ва режалаштирилган лойиҳалардан иборат. Яъни ташкилотнинг тузилиши, иш тизими ва режаларини билмоқчи бўлган одам учун қизиқ.

Иккинчидан, йўқолган ҳужжатлар Эзгуликка мурожаат қилган шахсларнинг шикоятлари, аризалари ва маълумотларидан иборат бўлиши мумкин. Бу ҳужжатларда исм-фамилиялари, манзиллари, телефонлари кўрсатилган шахсларга ҳам тазйиқ ўтказишга имконият очилади.

Озодлик: Алиссон, сизнингча бу ҳужжатлар кимга қизиқ бўлиши мумкин?

- Ҳеч қандай пул, қимматбаҳо буюм, компютерлар ўғирланмагани бу ишнинг олдиндан режалаштирилганлигидан даракдир ва якка бир тартибдаги жиноят¸ деб қаралиши мумкин эмас. Нима бўлгандаям, ўғирлик қандайдир қонунбузарликлар овоза бўлмаслигининг олдини олиш мақсадида қилинган ва биринчи навбатда¸ ариза билан мурожаат қилган шахсларга тазйиқ бошланишидан қўрқиш керак. Бу ҳодиса ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаётган ташкилотларга огоҳлантириш бўлиши ҳам мумкин, деди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Москва бюроси директори Алиссон Гил.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG