Линклар

logo-print

24 май куни Пекинда олий даражадаги АҚШ – Хитой сўзлашувлари бошланди. Пекинга сафар қилган АҚШ делегациясига Давлат котиби Ҳиллари Клинтон етакчилик қилмоқда.

Икки кун давом этадиган музокаралар "сиз-биз" билан бошланган бўлса-да, кузатувчилар бу икки йирик давлатнинг иқтисодий масалалар ечимига ёндошувида олға силжиш борлигини кўрсатувчи унсурлар озлигини таъкидламоқдалар.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра, сўзлашувлар кун тартибидаги асосий масалалар АҚШ-Хитой иқтисодий алоқалари ҳамда Эроннинг ядровий дастури масаласидир.

Томонлар, шунингдек, Шимолий Корея билан боғлиқ вазиятни ҳам муҳокама қилади. Жорий йил мартида ҳарбий кемаси Сариқ денгизда ҳалокатга учраганидан сўнг Жанубий Корея Шимолий Кореяни қўпорувчиликда айблаган эди.

Вашингтон-Пекин муносабатларига кейинги вақтларда ўзаро иқтисодий алоқалардаги келишмовчиликлар, Хитой ҳукуматининг Google ширкати билан тортишуви ҳамда АҚШ билан Тайвань ўртасида қурол-аслаҳа савдосига оид шартнома имзолангани раҳна солиб келаётган эди.

Хитой халқ республикаси раиси Ху Цзинтао сўзлашувлар чоғида Хитой халқаро савдо алоқаларда мувозанатга эришилишига ҳаракат қилажаги ва бу соҳада протекционистик сиёсатнинг барча шаклларига қарши туражаги тўғрисида гапирди.

Хитой раҳбарига кўра, Пекин мамлакат аҳолисининг товар ва хизматларга бўлган талабини рағбатлантирмоқчи ва миллий валюта – юаннинг бошқа валюталарга айирбошлаш курси шаклланиш механизмини аста-секин, босқичма-босқич ислоҳ қилмоқчи.

- Биз ички истеъмол ва ички талаб кўламини кенгайтириб, ташқи савдони барқарор ва соғлом муҳитда ривожлантириш томон ҳаракат қиламиз ҳамда протекционизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқиш ниятидамиз. Хитой, шунингдек, ўз пул бирлиги юан қийматини қайта кўриб чиқиш борасидаги ислоҳотларни аста-секин амалга ошира бошлайди, деди Хитой президенти.

Шу пайтгача Вашингтон Пекинни юан курсини сунъий равишда паст ушлаб келаётганликда бир неча бор айблаган. Юаннинг паст курси Америка учун фойда келтирмайди, чунки АҚШ товарларининг рақобатбардошлигига путур етказади ва натижада АҚШнинг Хитойга экспорти ҳажмини ошириш имконини бермайди.

АҚШ президенти Барак Обама Вашингтон ва Пекинни жаҳон савдосида мувозанатни кучайтириш учун иқтисодий соҳада яқинроқ ҳамкорлик қилишга чақирди.

Америка президентининг бу чақириғи Пекинда ўтаётган АҚШ ва Хитой учрашувига йўллаган мурожаатномасида янгради.
XS
SM
MD
LG