Линклар

Худойбердиев гуруҳи аъзоси судланади

  • Гулнора Равшан

Ўтган йиллар ичида Тожикистонда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган ўнлаб хатлонлик қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Ўтган йиллар ичида Тожикистонда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган ўнлаб хатлонлик қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Тожикистон жанубида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган тожик фуқароси Закир Саидмуродов устидан тергов ниҳоясига етди.

Хатлон вилоят прокуратурасининг мазкур иш бўйича терговчиси Хусрав Ғўраев Озодлик радиоси тожик шўъбаси мухбири билан суҳбатда Закир Саидмуродов Тожикистон жиноят Кодексининг учта моддаси, яъни қуролли гуруҳ тузганлик, зўрлик йўли билан давлат тўнтариш уюштиришга уринганлик ва қуролли исён ёки унда қатнашишда айбланаётганини билдирган.

Терговчи иддаосига кўра, Закир Саидмуродов Маҳмуд Худойбердиевнинг ноқонуний гуруҳига одам тўплаш мақсадида шу йил бошларида Ўзбекистондан Тожикистонга ўтган ва Қўрғонтепа шаҳар миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ғўраевдаги маълумотларга кўра, айбланувчи Саидмуродов 1993 ва 1995 йиллар Маҳмуд Худойбердиев бошлиқ ҳарбий қисмда ҳарбий хизматда бўлган ва ўша йилларда исёнчи полковник билан алоқа ўрнатган.

1997 йилда эса Маҳмуд Худойбердиевнинг ноқонуний қуролли гуруҳи Хўжандда ҳукумат кучларига енгилганидан сўнг, Саидмуродов оила аъзолари билан Сурхандарёнинг Шўрчи туманига қочиб ўтган. Бироқ Саидмуродовнинг исёнчи Маҳмуд билан алоқалари узилиб қолмаган.

- Саидмуродов 1997 йилнинг августида Маҳмуд Худойбердиев ташкил қилган ва Юнус Абдураҳмонов бошчилик қилган ноқонуний гуруҳга аъзо бўлиб, Хатлон вилоятининг Сарбанд шаҳрида қатор оғир жиноятлар содир қилган. Бу гуруҳ енгилганидан сўнг, у ўз оиласи билан Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган. Ўша йиллар Саидмуродов Тошкентда Маҳмуд Худойбердиев яқинларидан бири Хуршед Бобожонов билан учрашган. Бобожонов унга Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистонда яна ўз гуруҳини тўплаётганини хабар бериб, Закир Саидмуродовга бу гуруҳга бирлашишни таклиф қилган. Саидмуродов таклифни қабул қилган ва Ўзбекистоннинг Деновида бир уйда 40 киши тўпланиб, ҳарбий машқлар қилишган киришган. Бир муддатдан сўнг Саидмуродов Россияга борган. У ерда Саидмуродов таниш-билишлари билан учрашиб, Тожикистондаги конституциявий тузумни зўрлик йўли билан ағдариш мақсадида Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистондаги гуруҳига бирлашишга чақирган. Шундан сўнг Закир Саидмуродов одам тўплаш ва жиноят содир этиш мақсадида Тожикистонга келган, дея маълум қилди Хатлон вилоят прокуратураси терговчиси Ғўраев.

Терговчининг гапига қараганда, айни пайтда Закир Саидмуродов Қўрғонтепа шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилибди.

Бироқ у ўзига қўйилган айбларни тан олмаган ва айбсизлигини даъво қилган.

Саидмуродовнинг оқловчиси Исмоил Иброҳимов ўз ҳимоясидаги киши терговчиларга ҳақиқатни айтмаганини, чунки унинг жиноят иши адолатли кўриб чиқилишига ишонмаганини билдирди.

- У ҳақиқатни судда ошкор қилишини айтди. Судланувчиларда шундай одат бор, уларнинг дастлабки кўрсатмалари суддагидан фарқ қилади. Улар кўпинча терговчилар барча маълумотларни қийноқлар асосида олганидан шикоят қилишади, дейди оқловчи.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Закир Саидмуродов Маҳмуд Худойбердиев ноқонуний гуруҳига аъзоликда айбланиб қўлга олинган ягона одам эмас. Бунгача ҳам Хатлон вилояти фуқароларидан ўнлаб киши айнан шу айблов билан қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.

Хусрав Ғўраев ўз идорасида Худойбердиев тарафдорларидан бўлган яна бир хатлонлик устидан тергов ишлари давом этаётганини маълум қилган.

Хўш, нега Маҳмуд Худойбердиев “одамлари”нинг ҳаммаси айнан хатлонликлар?

Шу ҳудудда яшовчи Адолат Ҳақжўнинг укаси ҳам Худойбердиев гуруҳга аъзолик айби билан узоқ йилга қамалган экан.

Аёлнинг билдиришича, Маҳмуд Худойбердиев Тожикистон президенти ҳузуридаги тезкор бригаданинг Қўрғонтепадаги бошлиғи бўлган ва у аскарларни шу ҳудуддан тўпланган.

Адолатга кўра, бу йигитларнинг ҳаммаси сиёсатчилар найранги қурбони бўлишди ва бугун ўзга юртда ватан соғинчи билан кун кечиришмоқда.

- Маҳмуд Худойбердиев ҳарбий қисмига ихтиёрий ўтган йигитларимизнинг мақсадлари, энг биринчи галда, Ватанга содиқ хизмат қилиш бўлган. Улар шунга қасам ичган. Лекин улар бир неча йил ўтиб, пешоналарига “давлат хоини” тамғаси босилишини, ватандан йироқ ғарибликда яшаб ўтишларини билмасдилар. Менимча, уларнинг аксарияти айбсиз. Шунга қарамай, юртига қайтаётган собиқ аскарлар босим остида “террорист”, “ватан хоини” каби айбловларни тан олиб, қамоқхона тубига улоқтирилмоқдалар. Шунинг учун қолганлар қайтишга қўрқадилар, дейди Адолати Ҳақжў.

Мустақил таҳлилчилар эса, Тожикистон жанубида ўнлаб кишиларнинг Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб, қўлга олиниши сўнгги пайтларда Тошкент ва Душанбе алоқаларининг совуқлашишига сабаб бўлаётганини айтишади.

Айни пайтда Хатлон вилояти прокурорлари: “Закир Саидмуродов жиноят иши ва ундаги кўрсатмалар, Маҳмуд Худойбердиевнинг бугун ҳақиқатан Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юрганини яна бир бор исботлади”, дея даъво қилишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG